1 май куни эрталаб маҳаллий вақт билан соат 05:10 да Эрон шимоли-шарқидаги Хуросон-Разавий вилоятининг бешта шаҳрида Рихтер шкаласи бўйича 5 баллик зилзила юз берди. Зилзила оқибатида 29 киши жабрланган. Бу ҳақда Меhr агентлиги хабар бермоқда.

“Гарчи бу зилзила моддий зарар келтирмаган бўлса-да, унинг оқибатида 29 киши жароҳат олди”, дейилади агентлик хабарида.
Маълумотларга кўра, барча жабрланганлар зилзиладан қочиш пайтида шикастланган. Ҳозирги вақтда фақат бир киши шифохонада даволанмоқда, қолган жабрланганлар аллақачон уйларига жўнатилган.
Зилзиладан Хуросон-Ризавий вилоятининг Торбати Ҳайдария, Рошхор, Гонобод ва Тойбод каби шаҳарларининг аҳолиси зарар кўрган.
Агентлик зилзила вилоятнинг маъмурий маркази Машҳад шаҳрида ҳам содир бўлганини қайд этган, аммо бу шаҳарда жабрланганлар бор-йўқлиги ҳақида маълумот бермаган.
23 апрель куни Истанбулда зилзилалар содир бўлгани хабар қилинган эди. Энг кучлисининг магнитудаси 6,2 ни ташкил этган. Зилзила эпицентрдан 300 километр узоқликда, Анқарада ҳам сезилган. Фавқулодда хизматлар кучайтирилган тайёргарлик режимига ўтказилган. 26 апрель куни маълум бўлишича, текширилган 8367 та бинонинг 437 тасида шикастланишлар аниқланган. Шу куни Истанбул яқинида яна бир зилзила содир бўлган. Унинг магнитудаси 4,3 ни ташкил этган. Зилзила ўчоғи 7 км чуқурликда жойлашган.
Истанбул шаҳрида яшаган ўзбекистонлик фуқаро юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этди.
Изоҳ (0)