Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 1 январь куни Японияда содир бўлган қатор кучли зилзилалар муносабати билан Япония бош вазирига ҳамдардлик телеграммаси йўллади.
Ким Чен Ин Фумио Кисидага, шунингдек, зилзилада ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига “самимий ҳамдардлик” билдирди ҳамда аҳолига “барқарор ҳаёт”га қайтишни тилади.
Бундан ташқари КХДР етакчиси 100 га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган ҳалокатли портлашлар муносабати билан Эрон президенти Иброҳим Раисийга ҳам ҳамдардлик билдирди ва Шимолий Кореянинг “барча турдаги терроризмга қарши туриш” тўғрисидаги позициясини яна бир бор тасдиқлади.
Аввалроқ Япониядаги зилзила қурбонлари сони 110 кишига етгани ҳақида хабар берилганди. Табиий офатдан 516 киши жароҳатланган. 222 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Эрондаги теракт
Эронда 3 январь куни генерал Қосим Сулаймоний ўлимининг тўрт йиллиги хотирасига бағишланган дафн маросими чоғида портлашлар содир бўлди. Теракт Сулаймоний дафн этилган қабристон яқинида юз берган. Эрон Бош прокуратураси Қосим Сулаймоний қабри ёнидаги теракт бўйича тергов бошлаган. Мамлакат олий раҳнамоси Оятуллоҳ Хоманаий ҳужумда Исроилни айблаган ва жавоб қайтарилишига ваъда берган.
Кейинроқ ИШИД террорчилик гуруҳи теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Изоҳ (0)