Исроил армияси 13 май куни Ғазодаги шифохоналарга берган зарбалари оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Авиаҳужумлар Хон Юнус шаҳри яқинидаги Европа касалхонаси мажмуасига қаратилган. Ҳужум катта чуқурликлар ва ёриқлар қолдирган. Шикастланган автобуснинг бир қисми чуқурликка тушиб кетган.
Исроил оммавий ахборот воситалари ҳужум ҲАМАС етакчиси Муҳаммад Синварга қаратилгани ҳақида хабар берган. У 2024 йил октябрь ойида Исроил операцияси чоғида ҳалок бўлган гуруҳнинг собиқ етакчиси Яҳё Синварнинг укаси ҳисобланади. ҲАМАС ҳозирча ҳужум нишони борасидаги маълумотни тасдиқламаган. Яҳудий давлати шифохона остида “ҲАМАС қўмондонлик маркази” жойлашганини айтмоқда.
Ҳужум пайти Европа касалхонаси ичида бўлган британиялик жарроҳ Том Потокар муассасага берилган зарбалар оқибатларини тасвирга олиб, вайронагарчиликлар туфайли беморларни операцияга олиб киришнинг иложи йўқлигини таъкидлади.
Исроилнинг яна бир ҳужуми Ғазонинг Носир шифохонасига қаратилди. Яҳудий ҳарбий кучлари бу ҳужумда “муҳим ҲАМАС террорчилари йўқ қилингани”, улар орасида таниқли фаластинлик журналист Ҳасан Аслиҳ ҳам бўлганини маълум қилди. Марҳум 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга қарши ҳужумларида иштирок этганликда, ҳолатни тасвирга олиб, интернетга жойлаганликда айбланган.

Изоҳ (0)