Тошкент шаҳри ва вилоятида 80 дан ортиқ ёввойи ҳайвонлар тутқунликда сақлаб келинаётгани аниқланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида ёввойи ҳайвонларни ноқонуний сақлаш билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2025 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан кўпгина (рўйхат асосида) ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш ҳамда цирк томошаларида ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш таъқиқланди.
Экология вазирлиги давлат инспекцияси ва Бош прокуратура маълумотларига кўра, ўрганишлар давомида Тошкент вилояти ҳамда шаҳар ҳудудидаги питомниклар ҳамда ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш жойларида 9 турдаги 80 дан ортиқ сут эмизувчи ҳайвонлар ва паррандалар, жумладан, 4 дона Африка шерлари рухсатномадан ташқари, ноқонуний сақлаб келинаётгани аниқланди.
Ушбу ҳайвонларнинг бир қисми белгиланган тартибда сақлаш учун Тошкент шаҳар ҳайвонот боғига топширилди. Ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг 2020 йил 8 июлдаги “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, жорий йил 1 мартдан 15 августга қадар ов мавсуми ёпилган. Бу вақтда ёввойи ҳайвонлар ва қушларни овлаш қатъий тақиқланади.
Шерларни уйда сақлаш мумкин эмас
Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ёввойи ва заҳарли ҳайвонлар махсус питомникларда боқилиши лозим.
Бундан аввал Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ноқонуний сақланаётган шер ҳайвонот боғига топширилган эди. Шунингдек, Тошкент шаҳар Олмазор туманида фуқаро ўз уйида Қизил китобга киритилган қушларни сақлаб келаётгани аниқланганди.
Ноқонуний сақлаганлик учун жарима
Арим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни жисмоний шахслар томонидан сақлаш, ана шу ҳайвонларни мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 875 минг сўмдан 3 млн 750 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етишига олиб келса, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, ана шу ҳайвонларни мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача (11 млн 250 минг сўмдан 18 млн 750 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.
Изоҳ (0)