Тошкентнинг Миробод тумани, Туркистон кўчасидаги вагон таъмирлаш депосида ёнғин содир бўлди.

Пойтахт ФВБ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса ҳақида 15 май куни соат 23:58 да хабар келиб тушган. Шунга кўра ёнғин-қутқарув экипажлари соат 00:03 да етиб борган. Ёнғин 01:31 да қуршаб олинган ва соат 02:48 да ўчирилган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган фуқаролар ҳақида хабар келиб тушмаган.
Ҳозирда қарийб 3 соат давомида ўчирилган йирик ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Тошкентда сўнгги кунларда ёнғинлар сони ошди. 14 май куни Сергели тумани Нилуфар кўчасида жойлашганомборда йирик ёнғин содир бўлди. Ёнғинни бартараф этиш ишларига 12 та асосий, 6 та махсус ва 6 та сув ташувчи ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган. Омборда спиртли маҳсулотлар, турли хил материаллар, четдан олиб келинган товарлар ҳамда тиббиётга оид воситалар сақланган.
Изоҳ (0)