Хитойда озиқ-овқат етказиб берувчи курер қон билан “110” рақами ёзилган оқ ёстиқни кўриб қолиб, ётоқхонада 30 соат давомида овқатсиз ва сувсиз қолган аёлни қутқарди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.

Ҳодиса 12 август куни Сичуан провинциясидаги Лешан шаҳрида юз берган. Курер ёзги таътил пайтида ишлаётган Чжан исмли талаба бўлган. У турар жой мажмуаси йўлакчасидан қонда “110 625” рақамлари ёзилган ёстиқни кўриб қолган.
“Кимнингдир хавф остида эканидан хавотирланган Чжан дарҳол полицияга қўнғироқ қилган”, дейилади хабарда.
Яқин атрофдаги меҳмонхона ходими ёстиқнинг дизайнини таниган ва унинг ёрдамида 6-бинонинг 25-қаватидаги хонага борган. “625” рақами қават ва хона рақамига мос келган.

Полиция дастлаб зўравонлик ёки одам ўғирлаш ҳолатидан шубҳаланган. Бироқ эшикни бузиб киргач, аёлнинг 30 соат давомида тасодифан ётоқхонада қулфланиб қолганини аниқлаган.
Чжоу уйни тозалаётганда, тўсатдан эсган кучли шамол ётоқхона эшигини ёпиб юборган. Бузуқ қулф туфайли у ичкарида қамалиб қолган. Жабрланувчининг телефони эса меҳмонхонанинг залида қолиб кетган.
Аёл эшикни тепиб, тақиллатиб кўрган. Ҳатто қўшниларни огоҳлантириш умидида оёқларини ерга уриб, сакраган, аммо натижа бермаган. У эътиборни тортиш учун деразадан қизил костюмини осиб қўйган ва каравотидаги тахталарни пастга ташлаган. Лекин бу сигналларни ҳеч ким пайқамаган.
Шундан сўнг у бармоғини тишлаб, қони билан оқ ёстиққа “110 625” деб ёзиб, уни деразадан ташқарига отган.
“Полиция эшикни бузиб кирганида, худди оиламни кўргандек қувониб кетдим”, деди Чжоу қутқарилгач.
У миннатдорлик сифатида Чжанга 1 000 юан (140 АҚШ доллари) таклиф қилган, бироқ курер буни қабул қилмаган.
“У ҳали талаба бўлишига қарамай, пулни олишни хоҳламади. Бу мени чуқур таъсирлантирди. Жамиятнинг меҳр-оқибатини ҳис қилдим”, деган аёл.
“Бу шунчаки кичик бир яхшилик эди, ҳар ким полицияга қўнғироқ қилган бўларди”, деган курер.
Талаба ишлаётган Meituan компанияси унга “Пионеер Ридер” фахрий унвонини берган ва 2 000 юан мукофот билан тақдирлаган.
Изоҳ (0)