БМТ ҳисоботига кўра, 2050 йилда 6 миллиардга яқин одам сув танқислигидан азият чекади. Олимларнинг таъкидлашича, аввал тарихда нефть устида урушлар содир бўлган бўлса, яқин келажакда сув учун урушлар юзага келиши мумкин. Ўз навбатида Евросиё материгининг марказийда жойлашган Марказий Осиё минтақасида ҳам сув муаммоси тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Айниқса, Афғонистонда барпо этилаётган Қўштепа канали ушбу муаммони янада чуқурлаштирди.
“Дарё” Марказий Осиёда тобора кучайиб бораётган сув муаммоси, “Толибон” томонидан қурилаётган канал масаласи ва бу лойиҳани дастаклаётган парда ортидаги кучлар ҳақида сиёсатшунослар Ойбек Сирожов ва Суҳроб Бўроновлар билан суҳбатлашди.
– Марказий Осиёдаги асосий сув муаммосининг бугунги ҳолати қандай аҳволда?
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Марказий Осиё жойлашуви ва табиати нуқтаи назардан ўзига хос минтақа. Бу минтақада чўл ҳудудлар ёки паст текисликлар катта қисмни ташкил этади. Шунинг учун сунъий суғориш илк бор айнан шу ҳудудда кашф қилинган. Яъни инсоният шу минтақада ҳаёт кечиришни бошлаганидан бери сув масаласи биринчи ўринда турган. Бугун сув тақчиллиги нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда глобал бир муаммога айланди. Ушбу муаммони иқлим ўзгариши долзарблаштириб юбормоқда. Сувга бўлган эҳтиёжнинг ҳам ошиб бораётгани масалани янада чигаллаштиради.
Аслида Марказий Осиёда сувдан рационал фойдаланиш энг актуал муаммо ҳисобланади. БМТнинг қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ташкилотининг маълумотларига кўра, Марказий Осиёда киши бошига 2,3 минг куб метр сув тўғри келар экан. Бу дунё бўйича олганда ёмон кўрсаткич эмас. Марказий Осиёдаги мамлакатлар дунёда энг кўп сув ишлатувчи давлатлар қаторига киради. Келинг, буни давлатлар кесимида кўриб чиқсак. Бир йил давомида Туркманистон – 5319 минг куб метр, Қозоғистон – 2345 минг куб метр, Ўзбекистон – 2295 минг куб метр, Қирғизистон –1989 минг куб метр, Тожикистон – 1895 минг куб метр сув ишлатади. Бу ривожланган давлатларда ишлатилаётган сувдан 2-3 баробар кўп ҳисобланади. Демак, бу ерда асл муаммо сувдан рационал фойдаланишда.
Суҳроб Бўронов, сиёсатшунос:
– Дарҳақиқат, сув масаласи – бу келажак масаласидир. Бу муаммо нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки сиёсий ва хавфсизлик масалалари билан бевосита боғлиқ. Сўнги вақтларда сувдан сиёсий қурол сифатида фойдаланиш жараёнлари кўпроқ содир бўлмоқда. Хусусан, бунга доир бир қанча назариялар мавжуд. Мисол учун, Альфред Мюнхен ўзининг “Денгиз қудратининг тарих узра таъсири” деб номланган китобида, Sea power (Денгиз қудрати) назарияси илгари суради. Бу назарияга кўра, классик геосиёсатда қуруқликдаги маълум ҳудудларни таъсир доирага олиш муҳим рўл ўйнаган бўлса, кейинчалик денгиз ҳудудларини эгаллаш муҳим аҳамият касб этади.
Ёки бўлмаса, Николас Спеакман Рим Лед деб аталган назарияни илгари сурган. Унга кўра, Евросиёнинг қирғоқ бўйи ҳудудларини ким қўлга олса, ўша Евросиё материкини бошқаради. Евросиёни бошқарган эса дунёни бошқаради. Мен бу фикрни бир оз ўзгартириб, шундай деган бўлар эдим:
“Ким Евросиё сувларини назорат остига олса, унда дунёни бошқариш калити пайдо бўлади”.
Нега бундай деяпман? Чунки 2050 йилга бориб сув учун кураш ниҳоятда долзарб масалага кўтарилиши мумкин. Бу кураш Евросиё маркази ҳисобланган Марказий Осиёда ҳам юз бериши мумкин. Сабаби, глобал иқлим ўзгариши ва аҳоли сонининг кўпайиб бораётгани муаммони жиддийлаштиради. Ҳозир Марказий Осиё минтақасида Орол денгизи муаммоси мавжуд. Ҳатто, маълумотларга кўра Каспий денгизи йилига 20 сантиметрдан пастлаб бормоқда. Қозоғистоннинг Манғистов вилояти атрофларида чўлланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунга дарё сувларининг камайиши ёки иқлим ўзгариши сабаб бўлган. Қолаверса, Афғонистондаги Қўштепа каналининг барпо этилиши ҳам минтақадаги сув масаласини долзарблаштирмоқда.
– Минтақамиздаги сув муаммоларига таъсир этувчи ташқи акторлар мавжудми? Уларнинг мақсад-муддаолари нима?
Суҳроб Бўронов, сиёсатшунос:
– Марказий Осиёда сув муаммосига таъсир этувчи тўртта асосий актор мавжуд. Булар: Россия, Хитой, Эрон ва АҚШ. Россия Марказий Осиё минтақани ўзининг тарихий таъсир ҳудуди деб ҳисоблайди. Масалан, Орол фожиаси бўйича бир маълумот бор. 1872 йилнинг ноябрь ойида Туркистон генерал губернатори Фон Кауфман Россия императори Александир II га шундай мактуб йўллайди:
“Биз шундай йўл тутмоғимиз керакки, Амударё ва Сирдарёнинг сувлари Оролга етиб бормасин. Бу дарёларнинг суви охирги томчисигача пахта далаларини суғориш учун сарфлансин. Дарё сувлари пахта далаларига сингиб кетаверса, кўп ўтмай Орол денгизи қурийди. Кейин Оролни тўлдириш учун Сибир дарёларини буриб келамиз. Ана шундагина, Туркистоннинг Россияга қарамлигини абадий сақлаб қолишимиз мумкин”.
Орол денгизининг тақдирини мана шу хатнинг мазмун-моҳияти кўрсатиб беради. Менимча, Россиянинг Амударё ва Сирдарё сувларига таъсир кўрсатмаслигига ҳеч ким кафолат бермаса керак.
Хитой омилига тўхталадиган бўлсак, Хитой ҳам минтақамиздан манфаатдор бўлган давлатлардан бири. Айниқса, Тожикистондаги Сарез кўли билан боғлиқ масала жуда нозик. Сабаби, Сарез кўли ўзида 19 миллион куб метр сувни жамлаган. Агар бу тўғон ёрилса, қуйи оқимда жойлашган давлатлар учун жуда катта хавф вужудга келади. Бу тўғон солиштирганда Сардоба сув омборидан 15 баробар катта. Маълумотларга кўра, Тожикистон Сарез кўлини “илмий текшириш” мақсадида Хитойга бериб юборган. Лекин бу маълумотни Тожикистон расмийлари рад қилмоқда. Агар ҳақиқатдан ҳам Хитой бу кўлни қўлга киритган бўлса, келажакда бу орқали таъсир кўрсатиши мумкин.
Эроннинг бир вақтлар “Катта Эрон” деб номланган лойиҳаси бўлган. Бу лойиҳага кўра, Тожикистон ва Афғонистон ҳудудидаги дарёлар Эрондан ўтувчи дарёлар билан боғланиши керак эди. Бу ғоя 1989 йил Совет Иттифоқи армияси Афғонистонни тарк этгач ўйлаб топилган. 1991 йилда СССР парчалангач, Каспий денгизидан фойдаланиш бўйича Эрон билан ҳамкорлик қиладиган давлатлар кўпайди.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Минтақада сув захиралари асосан Қирғизистон ва Тожикистонда. Тахминларга кўра, 93 фоиздан ортиқ сув шу мамлакат ҳудудида йиғилади. Бу давлатлар ёзда сувни йиғиб, қишда электр энергия ишлаб чиқариш учун бундан фойдаланади. Яъни қўшни давлатларга сув керак бўлганида, улар сувни ўзида сақлайди. Бу муаммони ечиш учун айрим ишлар қилинди. Аслида бу муаммони ечса бўлади. Бу ерда ташқи акторларнинг таъсири сезилади. Ташқи акторлар мана шу муаммолардан фойдаланиб, турли кучларни қитиқлаши мумкин. Ташқи кучлар бундан манфаатдор. Минтақа давлатлари ташқи кучларга мана шундай имкониятни бериши керак эмас.
– Демак, минтақага таъсир ўтказишни истаган ташқи кучлар ўз тактикасини ўзгарган?
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Ташқи кучлар муаммоларни ичимиздан чиқармоқда. Бу муаммоларни жиддийлаштиришдан улар манфаатдор. Шунинг учун Марказий Осиёнинг 5 та республикаси ўзаро келишиб, муаммоларга ечим топишимиз керак.
Суҳроб Бўронов, сиёсатшунос:
– Шу ерда бир мисол келтираман. Ўзбекистон Қирғизистон билан ҳам чегара, ҳам сув муаммосини келиша олди. Ойбек ака айтганидек, минтақа давлатлари муаммоларни ҳеч қандай ташқи кучларнинг аралашувисиз, ўзаро ҳал қилиши керак. Мана биз Қирғизистон билан келиша олдик. Бошқа давлатлар ҳам буни амалга ошириши керак.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Марказий Осиёда чегара муаммоси, сув муаммоси каби жуда долзарб ҳисобланади. Куни кеча Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида 20 километрлик баҳсли ҳисобланган ҳудуд масаласи ўзаро келишиб олинди. Бир неча йил олдин бу икки давлат ўртасида чегарадаги муаммо туфайли тўқнашувлар юз берган эди. Кўриб турпмизки, ўзаро мулоқот орқали муаммоларни ҳал қилса бўлади. Фақат бу ён беришлар орқали амалга оширилади!
– Афғонистонда қурилаётган Қўштепа каналининг ортида қандай геосиёсий кучлар турибди?
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Бу лойиҳа ортида геосиёсий кучлар тургани аниқ. Марказий Осиё давлатлари мустақилликни қўлга киритганидан сўнг айрим геосиёсий кучлар минтақадаги муаммоларни юзага чиқариб, шу муаммони ечиш учун учинчи томон сифатида қўшилди. Албатта, улар ўз манфаатларини шу орқали қондиришди. Очиқ айтиш керак, бу ҳаракатлар Россия ва Хитой томонидан амалга оширилди.
Афғонистондаги каналга тўхталсак, уни барпо этиш учун ташқи давлатларнинг техникаси жалб қилинган. Бундан ташқари, лойиҳани амалга ошириш учун 1 миллиард доллар атрофида маблағ сарфланган. Табиийки, бундай катта маблағ Афғонистонда мавжуд эмас. Менимча, ташқи кучлар шу муаммони юзага келтириб, кейинчалик уни ечиш учун арбитр сифатида қатнашмоқчи. Яъни бу ерда иқтисодий манфаатдан кўра, сиёсий манфаат устунлик қилмоқда.
Юқорида айтганимдек, Марказий Осиёда сувдан рационал фойдаланиш жуда долзарб муаммо. Айнан Қўштепа каналининг қурилиши ҳам сувдан рационал фойдаланиш тамойилларига мутлақо зид. Шу нуқтаи назардан, бу лойиҳа жуда мураккаб эканлиги кўринмоқда.
Суҳроб Бўронов, сиёсатшунос:
– Сўнгги вақтларда Қўштепа канали сиёсий мунозараларнинг марказида бўлиб турибди. Каналнинг қурилиш жараёни ва унинг тезкорлигини ҳисобга олиб тахмин қилсак, бу кўпроқ сиёсий лойиҳа эканлигини кўриш мумкин. Агар “Толибон” бу лойиҳани қўшни мамлакатлар билан келишиб, кейин амалга оширганида, бу масала ойдинлашган бўлар эди. “Толибон” бу масалани на қўшни мамлакатлар билан, на халқаро ҳамжамият билан келишмаган ҳолда амалга оширмоқда.
Лойиҳа ортида қандай кучлар турган бўлиши мумкин? Қўштепа каналини қуриш лойиҳаси “Толибон” ҳокимиятга келишидан олдин ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳа проекти УSAID компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Айримлар бу лойиҳа ортида Хитой турганини айтмоқда. Шахсан мен Хитой деган фикрдан бир оз йироқман. Кўпчилик сўнгги вақтларда Хитой “Толибон” билан яхши алоқаларни йўлга қўйгани учун шундай фикрга келмоқда. Бироқ “Толибон” ва Эрон ўртасида юзага келган тўқнашув ва “Толибон” билан Покистон ўртасида юз берган сув масаласидаги можародан кўриш мумкинки, “Толибон” сувдан қўшни давлатларга босим ўтказиш воситасига айлантирган. Шунинг учун бу жараёнларни ҳам эътиборга олиш керак.
– Қўштепа канали Марказий Осиё мамлакатларининг хавфсизлигига қандай таъсир кўрсатади?
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Албатта, жиддий таъсир кўрсатади. Бунинг ортидан қўшнилар ўртасида айрим низолар келиб чиқиши мумкин. Бундай муаммоларни ечишда ўзаро келишувга бориш масаласи устувор аҳамият касб этади. Бу ерда 3 та муҳим жиҳат мавжуд. Биринчиси – мана шундай катта муаммолар бир вақтни ўзида минтақа давлатларини бўлиб юбориши мумкин. Ва бир вақтнинг ўзида минтақа мамлакатларининг интеграциясига сабаб бўлиши мумкин. Аслида бу муаммони битта давлатнинг ўзи еча олмайди.
Иккинчиси – агар Марказий Осиё давлатлари сувдан фойдаланишда тежамкор технологиялардан фойдаланишни йўлга қўйса, минтақадаги 56 фоиз сувни тежаш имконияти пайдо бўлади. Бугунги кунда минтақадаги сув тармоқлари жуда эскирган ва уларни модернизация қилиш керак. Агар минтақа мамлакатлари биргаликда ҳаракат қилса, ана шунда натижа бўлади.
– Бугун минтақа давлатларида сиз айтаётган бирлашув борми?
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Бирлашишда маълум бир қадамлар бор. Лекин бу ташланган қадамлар ҳали жиддийлашмаган! Мисол учун, сув масаласида делегациялар ўртасида учрашув бўлди. Бироқ бирор натижага эришилгани ҳақида хабар йўқ.
Бундан ташқари, “Толибон” канални қолган қисмини бетонлаштириш масаласини очиқ қолдирмоқда. Шунингдек, Қўштепа канали атрофида қўшимча дарёлар барпо этилиши керак. Буни ҳали техник жиҳатлари ҳам бор…
Суҳроб Бўронов, сиёсатшунос:
– 2021 йилда “Толибон” ҳокимиятга келиб, АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан кейин, Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий хавфсизлик архитектурасига таъсир қилувчи омиллар пайдо бўлди. Мана шулардан бири – бу сув муаммоси. “Water Интелеченс” маълумотларга кўра, бир йилда глобал сув бозорида айланадиган даромад қурол савдосидан келадиган маблағлар билан тенглашиб қолган. Агар сув масаласи долзарблаштирса, ҳадемай сув нефтни ўрнини босувчи бир воситага айланиши мумкин. Шу жиҳатдан Қўштепа канали, Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган мамлакатларга ўз таъсирини кўрсатиш эҳтимоли жуда катта.
– Ўзбекистонда “Толибон”га таъсир ўтказа олувчи воситалар мавжудми?
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Ўзбекистонни “Толибон”га таъсир ўтказа олувчи бир қанча воситалари бор. Мисол учун, Ўзбекистон Афғонистон шаҳарларини электр энергия билан таъминлайди. Бундан ташқари, Афғонистонга киритилаётган гуманитар ёрдамларнинг аксари Ўзбекистон орқали ўтади. Чунки Афғонистонга кирадиган ягона темирйўл айнан Ўзбекистонда мавжуд.
Биринчи маъмурият даврида Ўзбекистон Афғонистондан бутунлай иҳоталанган эди. Бунинг объектив ва субъектив омиллари мавжуд бўлган. Бугунги маъмурият Афғонистонга янгича ёндашувлар билан қарамоқда ва бу мамлакатни муаммолар ўчоғидан мулоқот орқали олиб чиқмоқчи. Бир жиҳатдан бундай сиёсат ўзини оқлайди. Чунки Афғонистон ҳали ўзлаштирилмаган жуда катта бозор ҳисобланади. Агар қайсидир мамлакат Афғонистон билан иқтисодий алоқаларни йўлга қўйса, бундан Ўзбекистон фойда кўради. Сабаби, Ўзбекистон Афғонистон билан бевосита чегарадош.
Юқорида айтилган муаммолар “Толибон” учун ҳам синов ҳисобланади. Чунки уларда ҳали ички ва ташқи сиёсат юритишда тажриба етарли эмас. Ички ва ташқи сиёсат юритиш, далада уруш олиб боришдан кўра мураккаб масала ҳисобланади. Мана шундай вазиятда Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистонни ўз ҳолига ташлаб ҳам қўя олмайди. Чунки Афғонистонда яна беқарорликни пайдо бўлиши бизни манфаатларимизга тўғри келмайди. Марказий Осиё интеграциясини том маънода Афғонистонсиз ҳам тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун “Толибон” ҳаракатини ўзаро мулоқотларга чорлаш керак.
– Агар Ўзбекистон “Толибон”га таъсир этувчи омилларни қўлласа, “Толибон” биз билан низога бориши мумкинми? Мисол учун, “Толибон” Эрон ва Покистон билан уруш ҳолатигача борди.
Суҳроб Бўронов, сиёсатшунос:
– Албатта, “Толибон” Ўзбекистон билан ҳам низога бориши мумкин деб ҳисоблайман. “Толибон” минтақада қолдириб кетилган Троя отига ўхшайди. Охирги вақтларда “Толибон”нинг қўшни мамлакатлар билан муносабатларида муаммолар кўпайди. Мана шуни ҳам эътиборга олиш зарур.
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– “Толибон”да шундай бир дунё қараш шаклланганки, унга кимдир қаттиқ муомала қилса, унга қаттиқ жавоб қайтаради. Менимча, “Толибон”ни кўпроқ музокара столига чорлаш керак.
– “Толибон” умри давомида жанг олиб борди. Балки ўз кучига ишониб, қўшни давлатларга таъсир кўрсатмоқчидир?
Ойбек Сирожов, сиёсатшунос:
– Мен бундай фикрдан йироқман. Ҳозир “Толибон” олдида катта синов турибди. Афғонистондаги гуманитар вазият ўта даражада аянчли. Афғонистон дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири ҳисобланади. У ерда ўртача умр кўрсаткичи 40-45 ёш. Тасаввур қиляпсизми? Бундан ташқари, 5 та боладан 1 таси 10 ёшга тўлмасдан нобуд бўлади. Шунингдек, Марказий Осиёда беқарорлик вужудга келишини кутиб турган кучлар мавжуд. Биз уларга бундай имкониятни бермаслигимиз керак.
Суҳроб Бўронов, сиёсатшунос:
– Ҳозирда “Толибон”нинг ҳарбий ва сиёсий қаноти мавжуд. Сиёсий қанот кўпроқ дипломатик муносабатлар билан шуғулланади. Яқинда “Толибон” муваққат ҳукумати бош вазирининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдусалом Ханафий баёнот бериб шундай деди:
“Биз қўшни давлатлардаги сув муаммосининг эвазига Қўштепа каналини барпо этишни мақсад қилмаган эдик”.
Бу баёнотдан англаш мумкинки, “Толибон” қўшни мамлакатлар билан келишишга барибир мажбур бўлади. Агар “Толибон” қўшни мамлакатлар билан низога боришда давом эца, Афғонистондаги вазият янада оғирлашади. Агар можаро туфайли Эрон ва Покистондаги йўллар ёпилса, “Толибон” бу давлатлар билан гаплашишга мажбур бўлади.
Ўзбекистон ҳам Ҳайратон—Мозори Шариф темирйўли фаолиятини тўхтаца, “Толибон” иложсиз бўлиб қолади. Шундоқ ҳам Афғонистондаги гуманитар вазият жуда оғир. Буни “Толибон”нинг сиёсий қаноти жуда яхши англамоқда. Шу боисдан улар биз билдирган таклифларни қабул қилмоқда.
“Толибон”нинг ҳарбий қаноти эса мутлақо бошқача фикрда. Улар кўпроқ босим ўтказиш тарафдори. Масалан, Эрон можаросида “Толибон”нинг ҳарбий қаноти жиддий баёнотлар берган эди. Менимча, “Толибон” ортида турган кучлар турли хил мақсадларни кўзлаган. Яъни “Толибон”ни фақат битта куч маркази қўллаб-қувватламаяпти. Уларнинг кўлами бир оз кўпайган. Мени назаримда, АҚШ Афғонистондан чиқиб кетмаган. Қўшма Штатлар Афғонистондаги ўз стратегиясини ўзгартирмади, балки фақат тактикасини ўзгартирди.
Сардор Али суҳбатлашди
Изоҳ (0)