Таиланд Конституциявий суди 1 июль куни бош вазир Паэтонгтарн Шинаватрани сиёсатчининг ахлоқий меъёрларни бузгани ҳақидаги иш бўйича суд жараёни якунланмагунча лавозимидан вақтинча четлатди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Бунга яқинда ҳукумат раҳбарига нисбатан одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлик ва Камбоджа собиқ раҳбари Ҳун Сен билан махфий суҳбатнинг ошкор бўлгани ҳақидаги айбловлар сабаб бўлган. Шинаватрани юқори лавозимдан четлатиш талаби билан 36 нафар сенатор мурожаат қилган.
Суд ишни кўриб чиқаётган вақтда ҳукумат раҳбари вазифасини бош вазир ўринбосари Сурия Жуангроонгруангкит зиммасига олади. Шинаватранинг ўзи вазирлар маҳкамасида қолиб, маданият вазирлигини бошқаради.
Бош вазирнинг иши билан коррупцияга қарши курашиш идораси шуғулланади. Идоранинг қарори Шинаватранинг истеъфосига олиб келиши мумкин.

Таъкидланишича, можаро 15 июнда Шинаватранинг Таиланд армияси қўмондонини танқид қилган телефон суҳбати ёзуви эълон қилинганидан сўнг авж олган. Ҳарбийлар кучли таъсирга эга бўлган мамлакатда бундай сўзлар ҳукмрон коалицияда норозилик тўлқини ва бўлинишга сабаб бўлган. 28 июнда минглаб одамлар унинг кетишини талаб қилиб, Бангкок кўчаларига чиқишган.
Мухолифат яқин кунларда ҳукуматга ишончсизлик вотумини талаб қилиши кутилмоқда, кўчалардаги намойишчилар эса Шинаватранинг истеъфосини талаб қилмоқда. У ўз сўзларининг музокара тактикасининг бир қисми эканини айтиб, узр сўраган.
Изоҳ (0)