Ҳар биримизнинг фойдали ва зарарли одатларимиз бор. Кунига 30 дақиқа китоб ўқиш ва ярим тунгача ухлаш, албатта, фойдали. Аммо ётишдан олдин ёғли овқат ейиш ва гаджетлардан фойдаланиш зарарли. Буларнинг барчаси аниқ ва оддий туюлади. Бироқ шундай ҳаракатлар борки, кўпчилик уларни онгсиз равишда амалга ошириб, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради. Улар ҳақида психолог Марина Тушевская сўзлаб берди.

- Шикоят қилиш одати

Шикоят — бу соғлиқни, муносабатларни, молия ва умуман ҳаётни йўқ қилишга қодир бўлган ёмон одатдир. У хавфли, чунки у нафақат шикоят қилувчини ҳалок қилади, балки атрофдагиларга ҳам салбий фикрлашни “юқтиради”. Бундай одамлар ўз муваффақиятсизликларида ҳаммани айблайди, ҳаммани улардан қарздор деб ҳисоблайди.
Тасаввур қилинг: сиз яхши иш топмоқчисиз, квартира ёки машина сотиб олмоқчисиз. Лекин бунга тезда эришиб бўлмайди. Сизда воқеалар ривожининг икки варианти бор.
- Барча яхши иш ўринлари бандлиги ва катта пул ишлаб топишнинг иложи йўқлиги ҳақида шикоят қилишни бошлаш, стресс ва касалликлар туфайли узоқ йиллар давомида салбий ҳолатга тушиб қолиш.
- Йўлдаги тўсиқлар фақат ҳал қилиниши керак бўлган вазифалар эканини англаш, орзунгиздаги иш учун билимингизни ошириш ёки харид қилиш учун қўшимча даромадга эришишга ҳаракат режасини тузиш.
Иккинчи вариант анча яхши ва муваффақиятга олиб келиши аниқ.
— “Лекин шикоят қилиб бўлмаса, нима қилиш керак. Жим турайликми”, деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Йўқ, ёқмаган нарсага индамай чидаш керак эмас. Гап тафаккурда: у ё ижобий, ё салбий. Агар сиз шикоят қилсангиз, салбий турга тушиб, ўзингизни воқеаларнинг аянчли якунига дастурлайсиз. Ҳар қандай салбий иборалар шикоят ҳисобланади. Масалан, “Менда пул йўқ” дейиш билан сиз бошқаларда ҳамма нарса борлигини, ҳаёт эса сизга нисбатан адолатсиз эканини назарда тутасиз. Лекин чўнтагингизда бир-икки сўм бўлса бордир. Бу эса пул-ку! Шунчаки сиз кўпроқ нарсани хоҳлайсиз.
Мия фаолиятини ижобий дастурга қайта созлаш учун: “Менда пул бор ва у кўпаймоқда”, деб айтинг. “Мен кўпроқ нарсани хоҳлайман” деганингизда, мия имкониятларни кўрсатади, шикоят қилганингизда эса тўсқинлик қилади.
Кўпчилик шикоят қилганларга ҳамдардлик билдиради. Агар сиз шундай одамлар тоифасидан бўлсангиз, бош ирғаманг ва жавобан қўллаб-қувватламанг, яхшиси, у одамга муаммонинг ечимини айтинг. Агар у эшитса ва маслаҳатга амал қилиб, ҳаётини ўзгартирса, жуда яхши. Бўлмаса, бундай дўстдан узоқроқ юрган маъқул.
- Даъво қилиш одати

Бу одат одамлар билан ақлий алоқаларни ва умуман муносабатларни бузади. Инсон кўпинча бошқа одамларга даъво қилади, чунки у дунёнинг манзарасини ўзича кўради ва уни бошқаларга сингдиришга ҳаракат қилади, ҳар кимнинг ўз манзараси борлигини унутади.
Масалан, ота-она болани кечқурун соат тўққизда ухлашга ётқизади ва бу унга ёқмайди, албатта, у ота-она буни яхши ниятда қилаётганини ҳисобга олмайди. Вояга етган бўлса-да, у соғлом руҳияти ва кун тартибига риоя қилишдек фойдали одати учун ота-онасига миннатдорлик билдириши керак.
Инсон ўз даъволари билан оппонент ўзини у хоҳлагандек тутиши кераклигини ҳам кутади. Масалан, сиз 8 март куни бриллиант кўзли узукни кутдингиз ва робот чангютгични олдингиз. Хафа бўлдингиз ҳамда эркак ҳақида нима ўйласангиз, ҳаммасини унга айтдингиз. Жавоб эса: “Сен доим белинг оғриётганидан шикоят қилардинг. Кўпроқ дам олишинг ва ўзингни асрашинг учун робот чангютгични совға қилдим”.
Кўриб турганингиздек, эркакда дунёнинг манзараси бошқача, сизда бошқача. Шундай экан, сизга ғамхўрлик қилишни ва ҳаётингизни яхшилашни истаган одам билан жанжаллашишга куч сарфлашнинг маъноси борми? Жавоб аниқ, албатта йўқ.
- Қоралаш одати

Энг бузғунчи одатлардан бири. Бунда кимни қоралаётганингиз муҳим эмас — ўзингизни ёки бошқаларни, натижа битта.
Ҳукм чиқариш — баҳо бериш демакдир. Масалан, сиз ҳамкасбингизга бугун унинг кўриниши унчалик яхши эмаслигини ва янги кўйлак уни тўлароқ кўрсатаётганини айтдингиз. Хўш, нима бўпти? Аммо сиз унга энди у кўтариши керак бўлган юкни топширасиз.
Ёки бошқа ҳолат: эр кам пул топади, аёли эса буни унга ҳар куни эслатишни унутмайди. Аёл вазиятни оғирлаштираётганини тушунмайди ва ўз сўзлари билан фақат салбий пул муносабатини тасдиқлайди.
Ёдингизда бўлсин, ҳар бир инсон ўз йўлидан ўзи боради, аммо атрофдагиларга баҳо бера бошлагач, вақт тузоғига тушиб қолади. У бошқаларга кейинчалик қайтариб бўлмайдиган бебаҳо вақт ажрата бошлайди. Хўш, вақтингиз бировни қоралашга арзийдими?
Изоҳ (0)