Ўқиш имконсиз бўлган роман
Буюк психиатр, психолог, неофрейдизм вакили ва файласуф олим Карл Юнг асарни ўқиб, ўзини бепоён, боши-кети кўринмас бўшлиқларда юргандай сезганлигини баён қилади: “Бўшлиқни ўзига жо этган етти юз эллик саҳифа бу — оппоқ қоғоз белгилари эмас, асло, аксинча улар тиғиз ва ўта зич мағиздор матн билан тўлдирилгандир. Сиз ўқийверасиз, ўқийверасиз, ўқийверасиз ва худди ўзингизни бир нарса ўқиётгандек тасаввур этасиз. Баъзи вақтларда баъзи жумлаларга дуч келиб, ўзингизни ҳаво бўшлиғи теранликларига қулагандай сезасиз ва шу тариқа тақдирга тан берганингиздан сўнг, ниҳоят ўқишга ўрганасиз.... Жойс услубининг сира ақл бовар қилмас кўп қиёфалилиги одамга гипноздай таъсир кўрсатади.... Китобхон ўқувчи оғзини очганича қолади…” Карл Юнгнинг бу сўзларига кўпроқ тўхталганимнинг боиси, Жойсни “мағлуб қилишга” киришган ва аҳдида қаттиқ туриб, китобнинг охиригача, асарнинг асосий қаҳрамонларидан бири Леополд Блумнинг хотини — қўшиқчи аёл Моллининг оз эмас, кўп эмас, қирқ саҳифалик биронта нуқта, биронта тиниш белгилари қўйилмаган текис ички монологигача ўқиган ҳар бир кишида шундай ҳиссиётлар, фикрлар, албатта жўш уради. Дастлаб тушунмай қийналишнинг охири ҳайрат билан тугайди.
Чалкаш асар учун чалкаш сюжет чизиғи. Таҳлил-у тавсиф ҳам ичида
Биринчи эпизод (Ўқувчига сабр тилайман)
Жеймс Жойс бу романидаги биринчи эпизодни, яъни воқеани “Телемак” деб атайди. Бу эпизодда китобхонга “Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили” романи орқали таниш бўлган Стивен Дедал ҳаракат қилади. У онаси қазо қилиб Париждан Дубльинга қайтган. У “Одиссей”даги отасини йўқотган Телемак каби ўз ватани, уйи, отаси, яқинларини тинмай қидиради. Ушбу воқеалар Дубльин шаҳри яқинидаги Мартелло қўрғон-қалъада бўлиб ўтади. Бир пайтлар Жойс ҳам бу қўрғон-қалъада дўстлари билан яшаган эди. Мартелло қўрғони роман қаҳрамонлари учун Юнонистондаги Делф ибодатгоҳи билан баробар қимматга эга. Асосий қаҳрамонлар шу ердан инсон оламларига саргузаштларини бошлайди. Стивен Дедал, Леополд Блум бу илк эпизодларда худди ақл ва руҳнинг стихияси каби кўзга ташланади. Уларнинг ўзлари, кечинмалари, тақлидлари, фикрларида поёнсиз китоблардан поёнсиз иқтибослар, поёнсиз таҳлиллар бир-бирига занжирдек уланиб боради.
Тўртинчи эпизод
Адиб романнинг тўртинчи эпизодини “Калипсо” деб атаган. Бу воқеа “Одиссей”да (бешинчи қўшиқ бўлиб келади) Одиссейнинг нимфа Калипсо қўлида тутқун яшаганлиги воқеалари ҳикоя қилинади. Бу эпизодда Блум Одиссейга хос рамзий ҳолда тасвирланади. Одиссей Итакага қандай интилса, Блум ҳам ўз тарихий ватанига худди шундай талпинади. Бу талпиниш унинг характери, инсонийлик мазмунининг ғоят кучли қирраларидан бири. Бу эпизодларда Жойснинг бошқа асарларидаги қаҳрамонлар қатнашади. Эпизодда буйрак рамзи талқин этилади. Асосий тасвир ранги – тўқ сариқ. Воқеалар эрталаб соат саккизда рўй беради. Шу ўринда яна бир гап лотинлар Одиссейни Улисс деб атаган.
Ўн биринчи эпизод
Асарнинг 11-воқеаси эса “Сиреналар” деб аталади. Сирена қадим юнон асотирларида ярим қуш, ярим аёл бўлган мавжудот. Денгизларда сайёҳларни сеҳрли куйлар билан маҳлиё этиб, сўнгра уларни қурбон қилган. Эпизод ҳам худди мусиқа асари каби ёзилган, унда эллик саккизта мусиқа мавзу лейт мотивлари қайд этилган. Бу эпизоднинг ёзилиш санъати ҳам мусиқа билан боғлиқ. Эпизодда одамнинг қулоқ аъзоси рамз қилиб олинган. Умуман “Улисс”да мусиқа ва мусиқийлик ғоятда кучлидир.
Жойс фикрига кўра “Улисс” замонавий “Одиссея” бўлиши керак эди. Аммо Гомерга тақлид, унга ўхшатишни шартли деса ҳам бўлади. Улисс тўғрисидаги қадимий афсонани Жойс дублинлик буржуа Леополд Блум ҳақидаги ҳикояга қўшиб, яхлит асар яратди. Блумда ёзувчи асрлардан бери инсон табиатига хос бўлган доимий фазилатларни кўриб, уларни намойиш этишга ҳаракат қилди. Инсон табиатининг ўзгармаслиги тўғрисидаги фикр Жойс уни қадимий юнон афсоналари қаҳрамони билан қиёслаши учун асос бўлиб хизмат қилди. Шу билан бирга, юнон мифологиясига мурожаат қилар экан, Жойс бутун инсониятга ўзига хос пародия (ўхшатиш, тақлид) яратади.
Ғоя таваллуди, рамзлар ва охирги эпизодлар
“Улисс”ни яратиш ғояси ҳаётни ва “умуман” инсонни тасвирлашга интилиш билан боғлиқ. Ушбу ғоя уч қаҳрамон — Леополд Блум, Дубльин газеталаридан бирининг реклама бўлими агенти, унинг хотини — Мерион (Молли) ва Дубльин гимназияларидан бирида тарихдан дарс берадиган ёзувчи Стивен Дедалуснинг бир кунлик ҳаёти манзарасини бериш орқали амалга оширилган. (Тўртта экан-а. Хуллас, учта ёки тўртта) Жойс улар куннинг маълум бир вақтида нима қилганлари, нималар тўғрисида ўйлаганлари, ҳис қилганлари тўғрисида батафсил ҳикоя қилиб, уларнинг онг оқимини кузатиб, китобхонларга узатиб боради. Роман воқеалари қайси куни рўй бергани ҳам асарда аниқ кўрсатилади — 1904 йилнинг 16 июни. Роман воқеалари эрталаб соат 8 да бошланган бўлса, тунги соат 3 да тугалланади. “Улисс” 18 та эпизоддан ташкил топган бўлиб, вақтнинг эрталабдан кечга томон кечиши билан боғлиқ.
Жойс фикрига кўра, Блум, Дедалус ва Блумнинг хотини — инсон табиатининг мангу хусусиятларининг рамзи, Дубльин эса бутун олам. Блум дунё кезган Одиссейга ўхшатилган бўлса, Стивен Дедалус Одиссей ўғли Телемакка, Мерион эса Одиссейнинг хотини Пенелопага ўхшатилади. Блумнинг “олам кезиш”лари Дедалус билан учрашиши ва у орқали ўз ўғлини, Дедалус эса Блум орқали ўз отасини топиши билан якунланади. Дедалус ва Блумнинг бир-бирини топишини “эпифания”, яъни ҳар иккаласининг ҳам “кўзи очилиши” деб аташ мумкин. Сўнгги эпизодлар Блум-Улисснинг уни Мерион-Пенелопа кутаётган уйига қайтиши ва Мерионнинг ўз-ўзи билан сўнгги, якуний монологи билан тугайди. Бутун романнинг мураккаб ва турли-туман тузилиши айнан шу учрашув ёрдамида мустаҳкамланади.
Романнинг ўн бешинчи эпизодида ўзига хос рамзий саҳна мавжуд: Стивен ва Блум кўзгуга қараб, ўз акслари ўрнида Шекспир тасвирини кўрадилар. Буюк даҳо кўзгуда улар бирлигининг рамзи, бирлашув белгиси сифатида намоён бўлади. Улар Шекспирни кўзгуга бир вақтда қараганликлари туфайли кўрадилар. Шундан сўнг, Блум ва Стивеннинг ватангадолиги, юртма-юрт кезишлари тугаб, уларнинг Одиссеяси ҳам барҳам топади.
Блум
Жойс ўзининг инсон ҳақидаги тасаввурларини айнан Блум билан боғлайди; у буржуа Блумни мутлақлаштириб, у тўғрисида “умуман” инсон ҳақида гапирган каби сўзлайди. Бутун асарда атрофдагиларининг тазйиқига, қувғинига учраган, якка ўзи қолган юрт кезар Блум мавзуси ҳикоя қилинади. Блум образи Жойс инсонга қайси кўз билан қараши ва уни қандай кўришни истагани, инсон табиатининг қайси жиҳатларини асосий деб ҳисоблагани тўғрисида тасаввур ҳосил қилишимизга имкон беради. Блум табиатининг примитивизми унинг иштирокидаги кўплаб эпизодларда учрайдиган оддий, майда-чуйда деталларда ҳам намоён бўлади.
Бу нуқтаи назардан романнинг тўртинчи эпизодини ўзига хос деб айтиш мумкин. Блум ўз уйида. Хона бўйлаб кир, ғижимланган кийимлар сочилиб ётибди. Шу вақт Блумнинг кўзи “кул ранг боғичи буралиб қолган ва тўпиқ қисми кирлигидан яғир бўлиб кетган аёллар пайпоғи”га тушади. Уйда нафас олиш ҳам қийин. Кўпдан бери шамоллатилмаган хона ҳавоси — “гул остига қуйилган, пўпанак босган сув” каби киши бошини айлантиради. Блум уйининг ички қисми сассиқ ҳавога тўлган. “Куйиб кетаётган буйрак иси ошхонани тўлдирди…” Бу каби деталларни тасвирлашда Жойс асло бўёқларни аямайди.
Блумнинг чекланган одамлиги, унинг ошқозон бандаси эканлиги ва қўполлигини унинг ўзига нонушта тайёрлашида эътиборининг нақадар жамланганлигидан ҳам сезилиб туради. Блум ошхонада қассобдан ҳозиргина олиб келган буйракни қовурар экан, бу ишга жон-жаҳди билан, берилиб ёндашади. У ёғ бўлаги това бўйлаб сирпаниб, эриб кетишини кузатиб туради ва меҳр билан буйракни чирсиллаб турган ёғ ичига солади; қўлининг айланма ҳаракатлари билан унга туз ва қалампир сепади; ликопчага эҳтиёткорлик билан қалайдан қуйиб, овқатлана бошлайди. Блум овқат тайёрлаётганида, уни ётоқхонага олиб кираётганида, чой ичаётганида, ҳожатхонага кираётганида унинг онгида баъзан узуқ-юлуқ, баъзида ўзаро тўқнашиб оддий, кулранг, пасткаш фикрлар қумурсқа каби ғимирлайди. Инсон ана шу чалкашликлар орасида кичрайиб, йўқолиб кетади, шахссиз бир кимсага айланади; фақат ҳаракат автоматизми, одатлар инерсиясигина қолади, холос. Блум чуқур ўй, мулоҳазаларга қодир эмас. Унинг фикрлари оқими примитив ва ўта содда.
Стивен
Стивен Дедалус линияси даставвал алоҳида йўлдан ривожланиб, Блум линияси билан романнинг якуний эпизодларидагина қўшилиб кетади. Стивенда ёзувчининг инсон табиатининг интеллектуал, ақлий имкониятлари тўғрисидаги тасаввури ўз аксини топган бўлиб, бироқ охир-оқибатда улар (имкониятлар) ҳам Жойс томонидан Блумнинг дунёни англаши даражасига тушириб қўйилади. Ахир жонажон отаси — Саймон Дедалусдан воз кечар экан, Стивен ўзининг отаси деб Леополд Блумни тан олади. Шундай бўлса ҳам Стивен Блумдан маълум даражада фарқ қилади. У таълим кўрган, унинг кенг кўламли билими Шекспир ва Данте, Вергилий ва Гомердан ёд олинган иқтибосларида кўринади. Унинг нутқи тарихий шахслар ва фактларга тўла. Тўққизинчи эпизодда, Шекспир ва унинг ижоди манбалари ҳақидаги баҳсда иштирок этиб, Стивен осонлик билан далил-исботлари тизимини қуради ва бунда унга ҳар томонлама билимга эгалиги кўмак беради.
“Улисс”да ижодкор (рассом) шахсининг умумлашуви, ҳамма қатори шахсга айланиш жараёни тасвирланган. “Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили”да жаранглаган аччиқ ва ҳазин ноталар бу ерда аста-секин сўниб боради. Айтиш жоизки, “Улисс”да кўзимиз қаршисида намоён бўлган Стивен Дедалус ҳақида том маънодаги ҳақиқий рассом сифатида сўз юритиш қийин. У ҳамон ўша ақлли, кенг кўламда фикр юритадиган инсон. Аммо роман материали унинг ижодий ғоялари, режалари ҳажми тўғрисида хулоса қилиш имконини бермайди. Стивеннинг фаолиятсизлиги, унга хос бўлган ўз кучига ишонмаслик ва нотўкислик ҳисси, ҳаётнинг ҳар қанақа оқилона асосга эгалигига бўлган ишончни йўқотиш — буларнинг бари унинг ўзлигидан маҳрум қилиб, у Блум олами “қаърига” ғарқ бўлади.
Стивенга доир воқеаларни бир эслаб олайлик. Ўлай агар, ўзим ҳам чалкашиб кетдим. Стивен ўз ўтмишидан воз кечишга қарор қилганидан бери бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб кетди. Бу даврда у Парижда бўлиб, ярим оч ҳаёт кечиради, онасидан жудо бўлади ва эндиликда Дубльин мактабларидан бирида тарих ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Унга ўзи қилаётган иш асло ёқмайди, аммо тирикчилик зарурати ишни ташлаб кетишига йўл қўймайди.
Маълум белгилар, эсдаликларнинг парчаларига кўра, Стивен ҳаётининг баъзи моментларини тиклаш мумкин. Улардан бири — Парижда, Монмартрга яқин жойда Кевин Эган билан учрашув. Аммо Стивен ўз ватандоши ва ирланд озодлик ҳаракати иштирокчиси билан тил топиша олмайди. Мана энди у янги Одиссеясини аввалгидек якка ўзи бошлашга мажбур. Бу саргузашт унинг учун янги отаси — Леополд Блумни топиши ва ушбу “буюк мешчан” оламига қўшилиб кетиши билан тугалланади.
Романнинг охиридан битта олдинги ўн еттинчи эпизоди Блум ғояларининг ғалабаси билан тугайди десак муболаға бўлмайди. Жойс Виктория даврига оид уй белгиларини алоҳида синчковлик билан санаб ўтади, ундаги маиший буюмлар жойлашувини бирма-бир кўрсатади. Блум уйи – унинг “Итака”си – Дедалуснинг ҳам уйига айланади. Айнан шу ерда, узундан-узоқ тунги суҳбатдан сўнг, улар ўз қарашлари ва дидларининг бирлиги, ё ҳеч бўлмаганда ўхшашлигини аниқлайдилар; уларнинг қандайдир ички қардошлиги ва яқинлиги маълум бўлади.
Мерион
Инсон табиати, унинг моҳияти ерлик, аввалбошдан “гуноҳ” асосга қурилганлиги сўнгги, Мерион уйқуга кетаётган ички монологида ҳам тасдиқланади. Ўзаро тиниш белгилари билан ажратилмаган икки ярим минг сўз “Улисс”нинг синтези ва шу билан бирга бу асар моҳиятининг ҳақиқий, ёрқин намоён бўлишидан ўзга нарса эмас. Мерион “онгининг оқими” Стивен Дедалусни ҳам ўз комига тортиб кетади. Унинг монологи якунида кўп маротаба янграган ва ҳаётга ва унинг шаҳвоний қувончларига нисбатан айтилган “Ҳа!” деган ҳайқириғи Стивеннинг узил-кесил “мерион-блум” тарафига ўтганлигидан далолат беради. Дедалус ўзининг “руҳий отаси” — Леополд Блумга ҳақиқий ўғиллик қила олади. У Блум оламига бутунича, бор вужуди билан боғланиб қолади. Бу йўналишда Стивенни нафақат Телемак, балки Дедалнинг ўғли — осмони фалакка кўтарилган, аммо йиқилиб ҳалок бўлган Ikarга қиёслаш ҳам ўзига хос рамзий маъно касб этади.
Ҳа, айтиш эсдан чиқибди, бир нарсага эътибор қаратамиз — Жойс роман жанри учун анъанавий бўлган портрет тавсифи, мантиқан ривожланиб борадиган диалог туридан воз кечади. У “онг оқими”ни узатиш жараёнида тажриба қилиб, ички монолог техникасини такомиллаштиришга интилади. Бунда у фикрни узиб, бошқа фикрга улаб юбориш усулини ва икки фикрлар қаторини параллел равишда бериш усулини кенг қўллайди. Масалан, дўкон витринаси қаршисидан ўтаётган Блум шойи материал — поплинни Англияга гугенотлар томонидан келтирилганлигини эслайди. Бунда унинг ички монологида параллел тарзда икки мавзу ривожланиб боради: Меербернинг “Гугенотлар” операсидан хор ва поплин матосининг сифати ҳақидаги ўйлар бир хил кечади: “Тарара. Ажойиб хор. Тара. Ёмғир сувида ювилсин. Меербер. Тара бом, бом, бом”.
Блум фикрларининг узуқ-юлуқлиги, ноаниқлигини таъкидлаш мақсадида баъзан Жойс жумлалар, ҳатто сўзларни ҳам узиб қўяди. У қаҳрамон онгида юзага келаётган фикрни фотоаппарат аниқлиги билан қайд этиб, мулоҳаза юритилаётган ҳар бир лаҳзанинг ўзига хос тезкор суратини туширади. Онгнинг ҳар бир порлаши ўчишидан аввал муайян шаклга кириб улгурмайди; бироқ у юзага келиб улгурди ва Жойс уни онгнинг умумий оқимига киритишга шошилади. Фикрлар оқимининг бўлакларга ажралмаганлигини, унинг автоматик тарзда бажарилаётган ҳаракатлар билан бирлигини тасвирлашга интилиб, ёзувчи ҳатто тиниш белгиларини ишлатишдан ҳам воз кечади, ҳикоя қилиш шаклини бўлиб ташлайди: “Унинг қўли қаерга қўйган эканман-а, орқа чўнтакда илиқ қоғозга ёпишиб қолган лосьонни олиш учун кириш керак совунни излаб топди”. (Ким нимани тушунди? Йўқ, саволни асар тилига мослаб ўзгартирамиз: ?Нима кимни тушунди)
Нима бало бу, деган хулосага келмаслик учун ёзилган хулоса
Жойснинг ўзи “Улисс” қўлёзмасини мозаика деб атайди. У романини очиқдан-очиқ расмий (формалистик) услублардан фойдаланиб тузади. Унинг ишлаш техникаси ҳам ғайриоддий. Жойс фактларни битталаб танлаб, аниқликка, батафсилликка интилиб ён дафтарчасига юзлаб тафсилотларни киритарди. Романнинг ҳар бир эпизоди кўплаб фрагментлардан ташкил топган. Уларнинг жойлашиш тартибини Жойс сон-саноқсиз марта ўзгартириб, алмаштирарди. Қўлёзмадаги ҳар бир жумла қайси эпизодга тааллуқли эканлигидан келиб чиқиб, муайян рангли қалам билан белгиланган эди.
Жойс жуда кўп ўқиган ва ўқиганларини доимо ёдида сақлаган, улардан асарларида беармон фойдаланган, чунончи, тўғридан тўғри иқтибослар келтирган, кўнгли тусаган жойда ирландча, инглизча, французча, италянча, немисча, испанча, грекча ва ҳоказо тилларда ўз асарларини ёзиб кетаверган. Адиб воқеа-ҳодисаларни эмас, улар таъсирида ботинда туғилган, кечган тафаккур ва онг оқимини баён этган. Қаҳрамон кўнглининг бир чеккасида эндигина кўз очган, лекин ҳали фикрга, шуурга етиб келмаган, таъбир жоиз бўлса, кечинмаларга айланиб улгурмаган кечинмаларни, улар таъсирида туғилаётган сезимларни сўзларга айлантиролган Жойс асарларини тушунишнинг қийинлиги, аксарият ўринларда гап нима ҳақида бораётганини англаб етиш мушкуллиги сабаби ҳам мана шунда.
Стивен жуда катта фигура эканлигиниям инобатга олишимиз керак, ўртоқлар. Дедалус — Жойснинг ўзи, унинг шахсий армони, фожиаси эди. У Ирландиядан бош олиб кетгач, ўлим тўшагида ётган онаси билан видолашиш учун бировга Дубльинга келади. Онаизор зор қақшаб диний эътиқоддан шаккокларча юз ўгирган ўғлига илтижо қилиб, тавба қилишини сўрайди. Жойс эса она илтимосини қабул қилмайди. Қизиғи шундаки, Жойс ўз ақидасидан кейинчалик ҳам умуман воз кечмаган ва ўз тушунчасида собит қолади, шу билан бирга она олдидаги гуноҳкорликдан доимо азоб чекади. Бу армонлар “Улисс саргузаштлари” романида такрор-такрор баён этилиб муаллиф (қаҳрамони) нинг тавбасига айланиб кетади.
Асардан иқтибослар
Биттагина дуруст, одам тушунса бўладиган парча топа олдим, холос. Бу яхши таржима бўлмаган шекилли, деган қитмир фикрдан узоқроқ юришни маслаҳат бераман, чунки асарнинг бутун бошли тили шундай. Бу энг тушунарлиси.
“...Сенинг юрагинг бўлиши мумкиндир, лекин мана бу олтига икки футли қути ичига чўзилиб ётиб олган бечорага нима учун керак? У ерга энди Эҳтирослар роҳати кира олмайди. Парчаланган юрак. Бор-йўғи оддий насосдан бошқа нарса эмас, кунига минглаб галлон қон ҳайдайди. Кунлардан бир куни тақ этиб тўхтаб қолади-ю, мана сенга марҳамат. О, бу ерда уларда қанчаси ётибди экан: ўпкалар, юраклар, буйраклар. Эскирган, занглаган насослардан ўзга нарса эмас. Қайта тирилиш ва ҳаёт. Ўлдингми ўлдинг, бўлди-да. Яна мана бу қиёматни ўйлаб топганларига нима дейсан”.
Қизиқарли фактлар
Бетартиб ва мантиқсиз “онг оқими”ни ифодалаш учун Жойс турли-туман сўз услубларидан фойдаланади. “Улисс” матни қайти ишланган ва бутунлай ўзгартириб юборилган, пародия нуқтаи назаридан ёндашилган, аммо ҳамиша бошланғич матни услубини сақлаб қолган “Инжил”дан олинган иқтибослар билан тўлиб-тошган. Бундай ҳолларда “Улисс” тили архаиклашиб, қадимий тус олади. Баъзан эса Жойс энг кутилмаган ва ўта ғаройиб неологизмлар ёрдамида матнни жонлантиради. “Улисс”да Жойс инглиз сўзлари, баъзида эса хорижий тиллардан ўзлашган сўз ва номларни эркин равишда қўшиб, аралаштириб қўллай бошлайди: “Девид Бирн эснабжилмайдибошинилиқиллатди бари бирга”, “Ретлендбеконсоутгемптоншекспир…” Стивен Дедалус асарда бир неча марта ёзувчининг ўз ассоциациясига кўра Bullockbefriendingbard деб аталади. Сўзлар бирикмаси кўп ҳолларда товушлар бирикмасига ҳам ўтиб кетаверади. Фикрнинг мантиққа зид эканлигини қайд этиш мақсадида Жойс ундаги узилишларда тўхталиб, тасодифий ассоциацияларни тиқиштиради ёки гапларни чала ташлаб кетаверади. Масалан, хотинининг кўйлагини эслар экан, Блум қуйидагича фикр юритади: “Худди (мен пайимни чўзиб олдим) (у шу кўйлакда эканлиги) сабабли”. Ёки: “Ғор, оғиз. Ахир ғор бу бировнинг оғзими? Ёки оғиз — ғорми? Шунга ўхшаш. Ғор, тер, от, флот, крот (кўрсичқон). Қофиялар: бир хил кийинган, кўринишидан ҳам бир хил икки киши, аммо иккита”. Кўпинча, романда, айниқса унинг якуний эпизодларида муаллиф сўзлар ва сўз бирикмалари ёрдамида маъноси бўлмаган, бемақсад тарзда қуруқ сўз ўйинига йўл қўяди. Жойснинг сўзлар билан қиладиган машқлари қизиқарли, ўзига хос бўлса ҳам ўз олдига ҳеч қандай мақсад қўймаган ўйин деб қабул қилинади.
“Улисс” устида Жойс етти йил, яъни 1914—1921 йиллар давомида ишлайди; роман илк бор 1918 йилнинг март ойида Америкада “Литтд ревю” журналида босилди. 1922 йили Парижда “Силвия Бич” нашриётида китоб ҳолида нашр қилинди. Европада бу китоб устида катта баҳс мунозаралар бошланиб кетди. Бу китоб “модернизм қомуси” деган ном олади. “Улисс”да ёзувчи қаршимизда олам ва одамнинг эркин моделини яратаётган афсона яратувчи сифатида намоён бўлади. Унинг бадиий манзараси (панорамаси) ҳаёт ва инсон шахси тўғрисидаги тескари тушунчага асосланади.
Эпизодлар инсоннинг бирор аъзосини рамзий ифодалайди, бутун ҳолида эса роман инсон вужудини акс эттиради. Шулар билан боғлиқ ҳолда Жойс ҳар бир эпизоднинг ўзига хос санъати, ўзига хос қурилиши, архитектураси, такрорланмас услубини яратади.
Азизбек Юсупов
Изоҳ (0)