Буюк Британиялик икки ёшли Жозеф Ҳаррис-Бертилл энг юқори интеллектуал даражадаги инсонларни бирлаштирган халқаро Менса жамиятининг энг ёш аъзоси бўлди. Унинг IQ даражаси 98 баллга баҳоланди.

Боланинг тест натижалари ҳакамлар ҳайъатида ҳайратланарли таассурот қолдирди. Жозефнинг ота-онаси Роуз ва Девид олимлар бўлиб, университетда дарс беришади. Улар ўғилларининг ғайриоддий қобилиятларини чақалоқлигидаёқ пайқашган. Гўдак беш ҳафталигида ағдарила бошлаган, етти ойлигида илк сўзларини айтган ва бир ярим ёшида биринчи китобини бошидан охиригача овоз чиқариб ўқиб чиққан.
— Икки ёшга энди тўлганида у бир ўтиришда 10 дақиқагача овоз чиқариб равон ўқий оларди, 1 дан 10 гача бешта тилда санай оларди ва 100 гача тўғри ҳамда тескари тартибда санашни биларди, деб айтди Роуз.
Ота-онасининг таъкидлашича, Жозеф жуда қизиқувчан бўлиб, мураккаб мавзуларни — Морзе алифбоси, юнон алифбоси ва Менделеев даврий жадвалини ўрганишга киришган.

— У мураккаб вазифаларни ёқтиради ва шахмат ўйнаш ёки янги сўзлар ва тушунчаларни ўрганиш каби қийинчиликларни енгиб ўтганда, ҳақиқатан ҳам руҳланиб кетади, деб қўшимча қилади Роуз.
Жозефнинг ўқиш қобилияти яхши ривожланганини сезган ота-онаси Менсага мурожаат қилишга қарор қилишди. Бу жамият фақат IQ тест натижалари бўйича энг юқори балл тўплаганларни — энг яхши 2 фоизликка кирувчиларни қабул қилади.
Мутахассислар бундай ёшда жадал таълим олиш ҳақида қандай фикрда
— Бундай ҳолларда боланинг ҳиссий ривожланиши ақлий ривожланишидан орқада қолади. Ҳозирги кунда ҳатто педиатрлар ҳам ота-оналарга болалардаги бундай тенденцияларни кузатиб, таълим жараёнини секинлаштиришни тавсия этмоқдалар.
Мактабда ақлий қобилиятлари билан бошқалардан ажралиб турадиган, аммо тенгдошлари билан мулоқот қилишда қийналаётган аълочи ўқувчилар учрайди. Кўплаб иқтидорли болалар одатда одамлар билан муносабат ўрнатишда қийинчиликка дуч келишади.
Бироқ психолог таъкидлайди: истиснолар ҳам бўлади.
— Ота-оналар барча соҳаларда мувозанатга эришиш учун боланинг ҳиссий ривожланишига ҳам эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқ: сайр қилиш, майдончада бошқа болалар билан ўйнаш, вақтни унумли ўтказиш каби фаолиятларни йўлга қўйишлари яхши натижа беради.
Ота-она боланинг дунёқарашини кенгайтириши, доимо бошқаларнинг ҳис-туйғуларига эътибор қаратишга ундаши лозим. Бу жуда муҳим, деб таъкидлайди мутахассис.
2023 йилдаги аввалги рекордни кентуккилик Айла Макнабб ўрнатган эди. У Менса ташкилотига икки ёш-у 195 кунлигида аъзо бўлган. Британиялик гўдак ундан 13 кун кичик.
Изоҳ (0)