Ўзбекистон Суперлигасининг 19-туридан ўрин олган баҳсни Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ўз майдонида Фарғонанинг “Нефтчи” клубига қарши ўтказди. Мазкур ўйин “водий дербиси” бўлиши билан бирга принципиал аҳамиятга эга эди. Боиси, ҳар икки клуб таркибидаги кўплаб футболчилар собиқ жамоаларига қарши майдонга тушди. Шунингдек, ушбу жамоалар жорий мавсумда совриндорлар сафидан жой олиш учун кураш олиб боришаётгани боис мазкур ўйинга қизиқиш юқори бўлди.

Илк дақиқалардан кескин курашлар остида бошланган ўйинда ҳисобни очиш Виталий Левченко шогирдларига насиб этди. Беллашувнинг 33-дақиқасида “Нефтчи”нинг қирғизистонлик ҳужумчиси Жоэл Кожо чап қанотдан оширган тўпни Икром Алибоев 20 метрлар чамаси узоқликдан кучли зарба билан дарвозага йўллади.
Бу вазиятда “лочинлар” дарвозабони Шукрон Йўлдошев хавфни бартараф этадигандек туюлганди. Аммо тўп унинг қўлига тегиб, дарвоза тўридан жой олди – 0:1. Натижада фарғоналиклар танаффусга кичик ҳисобдаги устунлик билан чиқиб кетди.
Мезбонлар иккинчи бўлимда мувозанатни тиклаш, меҳмонлар эса ҳисобдаги фарқни оширишга интилди. Аммо ҳар икки жамоа футболчиларининг ҳужумлари якунига етмади ва ягона гол учрашув тақдирини ҳал қилди. “Нефтчи” кўп йиллик танаффусдан сўнг Наманганда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди.
“Дарё” “Навбаҳор” ва “Нефтчи” ўртасидаги ўйиндан фотогалерея тайёрлади.




















Изоҳ (0)