Ҳиндистон ҳукумати Multi-Role Fighter Aircraft (MRFA) дастури доирасида Франциядан яна 114 та Rafale қирувчи самолёти харид қилмоқчи. Тhе Times of India хабарига кўра, бу халқаро тендер эмас, тўғридан-тўғри давлатлараро келишув асосида амалга оширилади.

Нашрнинг ёзишича, янги самолётлар Деҳлига икки фронт – Покистон ва Ҳиндистонга қарши тийиб турувчи куч сифатида керак. Мамлакат бу учун ҳар бири 16-18 тадан иборат 42 та эскадрон шакллантириши зарур.
Ҳиндистон ҳарбий ҳаво кучлари ҳозирда 31 та жанговар эскадронни бошқаради. Бироқ келаси ой эскириб бўлган МиГ-21 қирувчилари сафдан чиқарилгач, тузилмалар сони 29 тага тушиб қолади. Ҳинд расмийларининг таъкидлашича, янги Rafale’лар бу бўшлиқни тўлдириш учун зарур.
Покистонга қарши май ойида ўтказилган “Синдоор” амалиёти давомида Rafale қирувчиларидан узоқ масофали зарбалар беришда фойдаланилди. Исломобод эса 5 та ҳинд самолёти, жумладан 3 та Rafale уриб туширилганини даъво қилган. Ҳиндистон томони йўқотишлар бўлганини тан олди. Бироқ уларнинг сони ва турини очиқламади.

Ҳинд расмийлари кўп миллиардлик шартнома учун нима сабабдан тендер ўтказилмаганига ойдинлик киритди. Уларнинг фикрича, бевосита давлатлараро битим очиқ тендердан кўра тежамлироқ ва логистика жиҳатидан қулайроқ бўлади. Қолаверса, бу турдаги самолётлар Ҳиндистон учун янгилик эмас. Мамлакат французлардан шу кунга қадар 36 та Rafale қирувчисини сотиб олган. Амбала ва Ҳасимара базалари қўшимча эскадронларни қабул қилишга тайёр.
Ҳиндистон, бундан ташқари, Франциядан манба кодларига кириш ҳуқуқини сўрамоқда. Бу мамлакатга маҳаллий қуролларни Rafale’га интеграция қилиш имконини беради. Аммо ишлаб чиқарувчилар технологик сирларни ҳимоя қилиш учун бунга рухсат бермай келмоқда.
Маҳаллий саноатни ривожлантириш
Франциянинг Dassault Aviation ва Ҳиндистоннинг Таtа Advanced Systems компанияси 2025 йил июнида Ҳайдаробод шаҳрида Rafale фюзелажларини ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришди. Бу Dassault Aviation’нинг Франциядан ташқарида амалга ошириладиган илк ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлади. Завод 2028 йилдан бошлаб ойига 2 тагача фюзелаж тайёрлаши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Ҳиндистон Франциянинг Safran компанияси билан янги юқори тортиш кучига эга двигателни ишлаб чиқиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу двигатель 2035 йилдан хизматга кириши режалаштирилган АМCА лойиҳаси учун мўлжалланган.
Ҳиндистон ҳарбий денгиз кучлари эса 2028 йилдан 26 дона Rafale М самолётини қабул қилади. Бу самолётлар INС Vikrant авиаташувчиси палубасидан жой олади. Ҳам ҳарбий ҳаво кучлари, ҳам флот авиациясида бир хил платформадан фойдаланиш харажатларни камайтириши мумкин.
Бошқа вариантлар
МRFА дастури доирасида Rafale самолётларидан ташқари Lockheed Маrtin F-21, Sааb Gripen E/F, Boeing F-15EХ, МиГ-35 ва Су-35 қирувчилари ҳам кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, мамлакат Россия билан 50–60 та Су-57E кўп мақсадли самолётларини бирга ишлаб чиқариш бўйича музокара олиб бормоқда.

Ҳиндистон билан зиддиятли муносабатларга эга Покистон эса Хитойдан 40 та J-35А “стелс” қирувчисини сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Изоҳ (0)