Қўшма Штатларнинг республикачилар бошқарувидаги учта штати ўз ихтиёридаги Миллий гвардия аскарларини Вашингтонга юборишини эълон қилди. Гап Ғарбий Виржиния, Жанубий Каролина ва Огаё ҳақида бормоқда.

Мазкур қарор президент Дональд Трамп маъмуриятининг пойтахтда жиноятчилик ва уйсизликка қарши федерал чораларни кучайтириш ташаббуси доирасида қабул қилинди. Жумладан, Ғарбий Виржиния губернатори Патрик Моррисей 300–400 нафар гвардиячи Вашингтонга юборилишини маълум қилди. Шунингдек, у федерал ҳукуматнинг “пойтахтда тартиб ва осойишталикни тиклаш” ҳаракатини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Жанубий Каролина губернатори Генри Макмастер эса 200 нафар аскарни сафарбар қилишга рухсат берди. Бироқ улар табиий офат содир бўлган тақдирда чақириб олиниши мумкин. Огаё губернатори Майк Девайн бу учун 150 нафар ҳарбий полицияни юборилишини тасдиқлади.
Улар Пентагон топшириғига биноан тез орада етиб келиши кутилмоқда. Мазкур контингент Колумбия округи Миллий гвардиясининг 800 нафар ходими ва федерал ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда жамоат тартибини сақлаши айтилмоқда.
Норозилик намойишлари
Трампнинг қарорига жавобан пойтахтда норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Оммавий акция қатнашчиларидан бири Морган Тейлор Оқ уйнинг жиноятчиликни жиловлаш ва иммиграция сиёсатидан кескин норози эканини маълум қилди. Маҳаллий аҳоли жиноятчилик даражаси камайган бир вақтда бундай чораларни “ортиқча ва асоссиз” деб баҳоламоқда.
Трамп маъмурияти Колумбия округида полиция устидан бевосита назоратни кучайтиришга интилмоқда. Президентнинг фавқулодда фармонига кўра, маҳаллий маъмурият “жамоат тартибини таъминлай олмагани” учун федерал ҳукумат пойтахтда ўз ходимларини ҳимоя қилиш чораларини кўради.
Бироқ шаҳар раҳбарияти ва аҳолиси федерал органлар ваколатларининг кенгайтирилишини хавотир билан қабул қилди. Жумладан пойтахт мери Мюриэл Боусер “бу ўзини-ўзи бошқариш учун энг катта синов” эканини таъкидлаб, Вашингтон аҳолиси “демократия учун курашда бирлашиши зарурлиги”ни таъкидлади.
Изоҳ (0)