Тошкент вилоятида фуқаронинг одам савдоси қурбони бўлишининг олди олинди. Бу ҳақда вилоят ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Янгийўл шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган аёл (Ш.Ч.) осон пул топиш мақсадида ўзига таниш бўлган, Сергелида яшовчи 33 ёшли аёл (М.А.)ни алдаган.
Ўтказилган тезкор тадбирда 35 ёшли янгийўллик аёл танишини мўмай даромад топишга ишонтириб, Тошкент халқаро аэропорти орқали Москвага шаҳвоний эксплуатация — фоҳишалик учун жўнатаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, одам савдоси жиноятини содир қилганлар 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Бундай ҳолатлар сони ортиб бормоқда
Март ойида Тошкентда 22 ёшли аёл икки тенгдошини Россияга сотиб юбораётганда қўлга олинганди. Июнь ойида Тошкент вилоятида қизларни фоҳишалик учун Туркияга жўнатаётган аёл ушланди.
Августда эса Тошкент аэропортида 20 ёшли қизни алдаб, Дубайга фоҳишаликка юбораётган эркак ушланганди.
Шунингдек, Тошкент халқаро аэропортида аёл Туркияга 20 ёшли қизни фоҳишалик учун жўнатаётган вақтда ушланган.
Изоҳ (0)