Шавкат Мирзиёев 16 июнда ўтказган видеоселектор йиғилишида эндиликда туманларда иш ҳам, ёндашув ҳам, бошқарув тизими ҳам ўзгариши маълум қилинди.

“Бир нарсани тўғри тушуниб олиш зарур. Туман бўғини самарали ишламаса, юқоридан қандай топшириқ туширилмасин, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди”, деди президент.
Мажлисда тумандаги ходимнинг ойлиги вазирликка қараганда 3-4 карра кам бўлгани учун кадрлар қўнимсизлиги юқори экани қайд этилди. Туман ҳокимига юздан ортиқ қонун ва қарорлар билан 500 га яқин функция юклатилгани билан, уларнинг ярмидан кўпини билмайди. Чунки ўзи ҳам, ўринбосарлари ҳам 40 фоиз вақтини йиғилиш ўтказишга сарфлаяпти.
Туман ташкилотлари штатини тақсимлаш, яхши раҳбарни рағбатлантириш, ёмонини алмаштириш бўйича ҳокимда ваколат йўқ. Қуйи бўғиндаги штатлар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадига мос эмас. Тумандаги комплекс ривожланишга масъул бирорта идора 3-5 йиллик мақсад ва режалар дастурини қилиб, ҳоким олдига масала қўя олмаяпти, кунлик топшириқлар билан овора. Шу боис, айрим туманларда тайёр берилган ресурсга ҳам лойиҳа топилмаяпти.
Янги тизимни Сирдарё тумани мисолида
Жумладан, комплекс ривожлантиришга масъул 9 та вазирликнинг туман бўлими ҳокимлик тизимига ўтади. Булар:
- иқтисодиёт ва молия,
- инвестиция,
- қишлоқ хўжалиги,
- бандлик,
- қурилиш,
- экология,
- маданият,
- оила ва хотин-қизлар,
- ёшлар бўлимлари.
Туман ҳокими ҳокимлик ва ушбу 9 та идорадаги штатларни ўзи тақсимлаб, қайси бўлимда нечта одам ишлашини, ишга олиш-бўшатишни ўзи ҳал қилади.

Сирдарё тумани ихтиёрида қоладиган маблағлар манбаси кўпайтирилади. Масалан, маъмурий ва молиявий жарималар, солиқ текширувлари бўйича пеня, тоифаси ўзгарган қишлоқ ерлари учун нобудгарчилик компенсацияси, ўрмон ерлари ҳудудларини ижара тушумлари, кўрсатилган давлат хизматларидан тушган маблағларнинг бир қисми туманда қолади. Бундан туманга йилига қўшимча 12 миллиард сўм тушади.
Эндиликда ҳокимда 4 нафар ўринбосар бўлади. Ривожланиш режасига қараб, қайси масалада ўринбосари бўлишини ҳокимнинг ўзи белгилайди.
Мисол учун, Сирдарё тумани ҳокими келгуси уч йилда туризм, сервис ва логистикани туманни асосий драйвери сифатида кўраяпти. Шу боис, унинг иқтисодиёт бўйича 1-ўринбосари бир вақтни ўзида туризм, сервис ва логистикага масъул бўлади. Унга 10 та аниқ вазифа юклатилиб, ҳар бир вазифа ва функцияси маблағи билан мустаҳкамланади.
Худди шундай, ҳоким ва қолган 3 нафар ўринбосарига ҳам аниқ вазифалар молиявий таъминоти билан белгилаб берилади. Ҳоким, унинг ўринбосарлари KPIни тўлиқ бажарса, кейинги йил ҳудудга бериладиган маблағ 10-15 фоиз кўпайтирилади. Аксинча бўлса, маблағ оширилмайди ва масъул раҳбар ишдан кетади.
Сирдарё тумани ҳокими 9 та идора ходимлари, Савдо-саноат палатаси, банк, солиқ, кадастр вакили ва етакчи тадбиркорлардан иборат “Ислоҳотлар штаби”ни тузади. “Ислоҳотлар штаби” уч ойда туманнинг 38 та маҳалласи кесимида лойиҳа, инфратузилма, молиявий манба, кадрлар масаласини қамраб олган уч йиллик дастур тайёрлайди. Келгуси йил учун бюджет, инфратузилма, ишлаб чиқариш, хизмат, инвестиция ва бандлик дастурлари шу асосда тасдиқланади.
Натижасига қараб, бу янги тажриба келаси йилдан бутун республикада йўлга қўйилади.
Йиғилишда 1 августдан бошлаб барча вилоят ва туман ҳокимликларида иш ҳақи оширилиши ҳам маълум қилинди. Ходимларга ишига қараб ойлик устама ва қўшимча бонус берилади. Шавкат Мирзиёев ҳоким, вазирлар топшириқ кутмасдан, ўзи ташаббус кўрсатиб ишлашга ўтиши шартлигини ҳам қайд этиб ўтди. Бандлик режасини тўлиқ бажармаган 15 та туман ҳокими уч ойда режага чиқмаса, ишдан олиниши ҳақида огоҳлантирилди. Халқ қабулхоналарига вилоят ва туман ҳокимининг ўзи раҳбарлик қилиши белгиланди. Халқ қабулхоналарининг барча ходимлари ишдан бўшатилиб, масалани ҳал қила оладиган фидойи кадрлар билан тўлдирилади.
Изоҳ (0)