Комил Алламжонов Президент администрациясининг янги раҳбари Саида Мирзиёевага жамоатчилик асосида мустақил маслаҳатчи сифатида тайинлангани айтилмоқда. Бу ҳақда “Дарё” манбаси хабар берди.
Комил Алламжонов ушбу лавозимда инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, сўз эркинлигини таъминлаш ва мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш соҳаларида экспертлик ёрдамини кўрсатади.
Президент фармони билан Президент администрацияси тузилмасига ўзгартиришлар киритилгани ҳақида хабар берилганди. Давлат раҳбарининг фармони билан Саида Мирзиёева Президент администрацияси раҳбари лавозимига тайинланди.
Комил Алламжонов 2017 йил декабрида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати раҳбари бўлган, 2018 йил ноябрида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига раҳбар бўлган (2019 йил февралидан бу ташкилот Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сифатида қайта ташкил этилганди).
У 2020 йил январь ойида Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди васийлик кенгаши раиси сифатида иш бошлаган, 2022 йил июлида президент администрацияси раҳбарига ўринбосар бўлганди.
2023 йил августидан 2024 йилнинг 30 сентябрь кунига қадар Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари бўлган.
Унинг раҳбарлиги пайтида юртимизда сўз эркинлигини ривожлантириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ва халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича президент белгилаб берган устувор вазифаларни амалга оширишда катта натижаларга эришилганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Комил Алламжонов ўз чиқишлари чоғида матбуот эркин бўлиши кераклиги, сўз эркинлиги барчанинг ҳуқуқи эканини кўп бор таъкидлаган.
“Сўз эркинлиги – бу барчанинг ҳуқуқи. Матбуотнинг ҳам, унда акс эттирилаётган шахсларнинг ҳам. Шу мувозанатни ушлаш муҳим. Демак, ортга йўл йўқ – бу аниқ. Фақат олдинга. Олдинга – ҳуқуқ, меъёр ва қонун доирасида, олдинга.
Бугунги даврда матбуот – нафақат кўзгу, балки мудофаа, хавфсизлик масала даражасидаги институтдир”, деб айтган Комил Алламжонов журналистлар билан йиғилсишда.
Изоҳ (0)