Халқаро астрономлар жамоаси Ердан 3 миллиард ёруғлик йили узоқлигида жойлашган ва миллиард йиллар давомида ўзгаришсиз “тош қотган” галактикани кашф этди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Галактика АҚШнинг Аризона штатидаги “Катта бинокуляр телескоп” ёрдамида аниқланган. Унга KiDS J0842+0059 дея ном қўйилган. Астрономларнинг таъкидлашича, галактика 7 миллиард йил давомида ўзгаришсиз “яшаб келмоқда”.

Бошқа галактикалар кенгайиб, бир-бири билан қўшилиб кетса-да, “тош қотган” галактикалар деярли ҳаракатсиз бўлади. Кашфиёт Ердан тахминан 3 миллиард ёруғлик йили узоқликда бўлиб, сайёрамиздан туриб кузатилган энг узоқ ва биринчи янги турдаги галактика саналади. Уни Италия миллий астрофизика институти (INAF) бошчилигидаги астрономлар жамоаси топишга муваффақ бўлган.
“Тош қотган галактикалар бошқалари билан бирлашмайди. Улар деярли ўзгаришсиз қолади. Ушбу объектлар коинотда жуда кам учрайди. Сабаби вақт ўтиши билан бошқа галактика билан бирлашиш эҳтимоли табиий равишда ортади”, деди INAF тадқиқотчиси Крешенсо Тортора.
Тадқиқотчиларнинг айтишича, ушбу турдаги галактикалар жуда муҳим, чунки улар миллиардлаб йиллар олдин мавжуд бўлган улкан галактикалар популяцияси ҳақида бебаҳо билим тақдим этади. Уларни ўрганиш коинотнинг “гўдаклик” давридаги шароитларини тасаввур қилиш ва дастлабки юлдузлар шаклланишини тушуниш имконини беради.
“Бу галактиканинг юлдуз ҳосил қилишдан тўхташига нима сабаб бўлгани катта савол туғдиради. Ўйлашимизча, ўта массив қора туйнуклар бунга сабаб бўлиши мумкин. Улар галактикадаги газни ҳайдаб чиқарадиган кучли шамолларни ҳосил қилади. Бу эса юлдузларнинг кейинги шаклланиш босқичига тўсқинлик қилади. Бироқ бу борадаги фикрларимиз ҳали ҳам тадқиқ қилинмоқда”, деди Оксфорд университетининг астрофизика профессори Микеле Каппеллари.

Олимлар дастлаб KiDS J0842+0059 галактикасини 2018 йилда Чилидаги Паранал расадхонасида VLT Survey телескопи ёрдамида аниқлаганди. Ушбу кузатувга кўра, галактика жуда қадимий юлдузларни ўз ичига олган. Ўша пайтда унинг массаси ва ўлчами тахмин қилинган эди холос. Галактикани “тош қотган”ини тасдиқлаш учун батафсилроқ кузатувлар талаб қилинган.
Изоҳ (0)