Магний суяклар саломатлиги, асаб ўтказувчанлиги, қон босимини тартибга солиш, глюкоза даражасини назорат қилиш ва бошқа кўплаб жараёнлар учун зарур бўлган минералдир. Магний организмга озиқ-овқат билан киради. У сабзавотлар, ёнғоқлар, дуккаклилар, гўшт, балиқ, сут таркибида бўлади. Аммо кўпинча одамлар минерални Биологик фаол қўшимча кўринишида сотиб олишади.

Биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқарувчилар воситанинг стрессда фойдали эканлигига ишонтирмоқда ва хотиржамлик учун магний ичишни таклиф қилмоқда. Эмишки, дори таъсирчанликни камайтиришга ва хавотирни енгишга ёрдам беради. Лекин ҳаммаси бунчалик осон эмас.
Тадқиқотчилар мета-таҳлил ўтказдилар, яъни хавотир пайтида магний қабул қилиш бўйича мавжуд адабиётларни ўргандилар. Маълум бўлишича, деярли барча тажрибаларда минерал иштирокчиларнинг ҳолатига ижобий таъсир кўрсатган. Аммо барча ишларнинг камчиликлари бор эди: қаердадир плацебо назорати йўқ эди, қаердадир тажриба муаллифлари заиф таҳлил ўтказдилар.
Мета-таҳлил муаллифлари хавотирга тушганда магнийни тавсия қилиш мумкин эмас, деган хулосага келишди, чунки унинг ижобий таъсири ҳақидаги далиллар ишончли эмас.
Магний ҳақиқатан ҳам хотиржамликка ёрдам берадими ёки йўқлигини тушуниш учун сифатли тасодифий назорат қилинадиган тадқиқотлар керак. Яъни, иштирокчилар гуруҳларга бўлинадиган тажрибалар. Улардан бири минерал, иккинчиси эса плацебо олади.

Шунинг учун ҳозирча стресс ва хавотирга қарши курашишнинг исботланган усулларига амал қилган маъқул:
- Жисмоний машқларни бажариш: югуриш, сузиш, юриш, ёга сизга дам олишга ёрдам беради.
- Тинчлантирувчи нафас машқларини ўзлаштириш.
- Мувозанатли овқатланишга риоя қилиш. Керакли озуқа моддаларини қўшимчалардан эмас, айнан овқатдан олган маъқул.
- Ишонган одамингиз билан ўз кечинмаларингизни баҳам кўринг.
- Алкогольдан воз кечиш ёки ҳеч бўлмаганда чеклаш.
- Уйқу тартибига риоя қилиш. Катта ёшдаги одамларнинг аксарияти кунига камида 7 соат ухлаши керак. Шу билан бирга, бир вақтнинг ўзида ётиш ва туриш яхшироқдир. Шунингдек, ухлашдан олдин кофеин ва смартфондан воз кечиш, ётоқхонани тинч ва қоронғи қилиш тавсия этилади.
Агар юқоридаги усуллар ёрдам бермаса, хавотир кундалик ишларга халақит берса, диққатни жамлашда муаммо бўлса, ухлаш қийин бўлса ёки ҳаддан ташқари кўп терлашни сезсангиз, шифокорга мурожаат қилинг.
Биологик фаол қўшимчаларга эса умуман ишонмаган маъқул. Уларнинг ишлаб чиқарилиши дори-дармонлар ишлаб чиқариш каби қаттиқ назорат қилинмайди.
Изоҳ (0)