Японияда гуруҳидан қатъи назар, барча одамларга қуйиш учун мос келадиган сунъий қон яратилди. Бу ҳақда Tokyo Weekender хабар берди.

У муддати ўтган донор қонидан ажратиб олинган гемоглобиндан ишлаб чиқарилади. Шундан сўнг барқарор ва вируссиз сунъий эритроцитлар ҳосил қилиш учун махсус қобиқ билан ўралади.
Ушбу сунъий ҳужайралар қон гуруҳига эга бўлмагани сабабли мувофиқликни текширишга эҳтиёж қолмайди, дейилади хабарда.
Сунъий қонни хона ҳароратида икки йилгача, музлатгичда эса беш йилгача сақлаш мумкин. Таққослаш учун, донор эритроцитларини музлаткичда узоғи 42 кун сақласа бўлади.
Ихтиронинг илк синовлари 2022 йилда соғлом кўнгиллилар иштирокида бошланган, агар бундай қонни қуйишнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги тасдиқланса, унинг амалий қўлланиши 2030 йилга келиб бошланиши мумкин, деди лойиҳа раҳбари профессор Хироми Сакаи.
Олимларнинг ихтироси донор қони етишмовчилиги муаммосини ҳал қилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, у қон қуйишга тайёргарлик кўриш вақтини қисқартиради ва шошилинч ёрдамни янада самарали қилади.
Аввалроқ киотолик бир гуруҳ олимлар инсоннинг йўқ бўлиб кетган қариндошлари — неандерталлар ва денисовликларга хос бўлган GLI3 генининг қадимий версиясини лаборатория сичқонлари ДНКсига киритиб, тажриба ўтказганди. Натижада геннинг бу вариантини олган сичқонларда неандерталларда учрайдиган анатомик хусусиятлар шакллана бошлаган.
Изоҳ (0)