Бугун, 9 август куни Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон етакчиси ва халқини тарихий воқеа — куни кеча Вашингтон шаҳрида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик декларацияси имзолангани билан самимий қутлаган.
Тез фурсатда тинчлик битими расман имзоланиши Жанубий Кавказда тинчлик, барқарорлик ва равнақни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирилган.
Шу билан бирга, президентлар Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил июлда Озарбайжонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар масаласини муҳокама қилган. Жумладан, ўзаро келишув доирасида икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланган.
“Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. ‘Йўл харитаси’ асосида иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли кооперация лойиҳалари шакллантирилмоқда. Нефть-газ соҳасидаги стратегик лойиҳа бўйича имзоланган Маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида амалий ишлар олиб борилмоқда”, дейилади манбада.
Президентлар бўлажак олий даражадаги учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан.
Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Озарбайжон—Арманистон тинчлик келишувини олқишлашини эълон қилганди.
Маълумот учун, қирқ йиллик можародан сўнг Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари Никол Пашинян ва Илҳом Алиев Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида тинчлик декларациясини имзолади. Декларацияда аллақачон келишилган тинчлик шартномасини имзолаш ва ратификация қилиш жараёнини тезлаштириш зарурлиги таъкидланган. Декларацияда минтақада алоқаларни тиклаш муҳимлиги ва Озарбайжоннинг асосий ҳудуди билан унинг эксклави Нахичеван ўртасида Арманистон ҳудудидан, унинг Эрон билан чегараси бўйлаб ўтадиган транспорт йўлагини яратиш масаласи ҳам кўтарилган.
Изоҳ (0)