Афғонистондаги терактлар, Байрутдаги портлаш, Беларусдаги сайлов машмашалари, коронавирусдан вакцина, Малидаги давлат тўнтаришлари билан ёдда қолган август ойи ҳам ниҳоясига етмоқда. Анъанага мувофиқ ойнинг энг муҳим воқеаларига бағишланган таҳлилий дайжестимизни бошлаймиз.
Мавзуга доир:
- Ёнғинлар тўхтади, тожвирус эпидемияси бошланди. Сулаймоний ўлди, Ҳайсам ибн Тариқ яшади. Январь нималар билан эсда қолди?
- Чегара билмас коронавирус, Идлибдаги можаро, Олтинсой воқеалари, «Оскар»ни эгаллаб олган «Паразитлар». Февраль нималари билан эсда қолди?
- Карантиндаги дунё. Ўзбекистонда коронавирус қандай кутиб олинди? Март ойининг якунлари
- Чекинишни истамаётган COVID-19 ва карантиндан воз кечаётган Европа. Апрель ойи якунлари
- Сардоба воқеалари ва тарқалишда давом этаётган коронавирус. Май ойи якунлари
- Коронавирусдан янги рақамлар, Сўх воқеалари, ёмонлашаётган Жанубий ва Шимолий Корея алоқалари. Июнь ойи якунлари
- Коронавируснинг ҳужуми, Авлиё Софиядаги илк жума намози ва Путин билан Фургал орасидаги можаро. Июль ойи якунлари
Афғонистонда теракт
Пандемия шароитида бироз унутилган ва кўпчиликнинг эътиборидан четда қолган Афғонистон август ойи бошида яна бир нохушликни бошидан кечирди. 2–3 август кунлари Афғонистонда учта портлаш юз берди. Шулардан бири Жалолобод шаҳридаги қамоқхона олдида амалга оширилди. Портловчи мослама автомобилга ўрнатилган бўлган. Портлаш билан бирга ҳужумчилар ва қамоқхона ходимлари ўртасида отишма ҳам юз берган.Тўқнашувлар натижасида 29 киши вафот этган ва бир неча ўн киши жароҳатланган. 10 нафар ҳужум қилганлар отиб ўлдирилган. Тўқнашув ва портлаш оқибатида қамоқхонадан 700 нафар маҳбус қочиб кетган. Уларнинг аксарияти ИШИД ва «Толибон» гуруҳи аъзолари бўлган. Улардан 400 нафари 3 август тунда ушланган бўлса, 300 нафари ҳамон қочқинда қолмоқда.
Портлашга алоқадорликни ИШИД гуруҳи ўз бўйнига олган. Бунга сабаб эса бир неча кун олдин ўлдирилган ташкилотнинг етакчи раҳбарларидан бўлган Асадуллоҳ Ўроқзой учун қасос олиш бўлгани тахмин қилинмоқда.
Ливан воқеалари
Август ойининг илк ҳафтаси барчанинг эътибори Ливанга қаратилган бўлди. Сабаби 4 август куни мамлакат пойтахти Байрут шаҳридаги портда кучли портлаш юз берди. Ҳодиса 2014 йилда Грузиядан Мозамбикка юк олиб кетаётган россиялик тадбиркор Игор Гречункинга тегишли кемадан мусодара қилинган 2 750 тонна оғирликдаги аммиак селитраси ёниши оқибатида содир бўлган. Ливан бош вазири Байрутдаги мазкур портлашга узоқ йиллар давом этган коррупция ҳолатлари сабаб бўлганини айтган. Портлаш Байрут портида юз берган ва унинг қуввати тўрт килотонна, яъни Хиросимадаги портлашнинг чорак қисм даражасида бўлган.Портлаш оқибатида шаҳарнинг деярли ярми қисман ёки тўлиқ вайрон бўлган, 300 минг нафарга яқин одам уйсиз қолган. Байрут шаҳри маъмурияти фавқулодда юз берган ҳодиса зарари 15 миллиард АҚШ долларидан зиёд эканини билдирган ва воқеанинг халқаро доирада тафтиш қилинишини рад этган. Бахтсиз ҳодиса натижасида 190 нафар одам ҳалок бўлган, 6 500 нафардан зиёд киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
Байрутда портлаш содир бўлиши Ливан учун ҳозирги пандемия шароитида ва мамлакатда мавжуд чуқур сиёсий ва иқтисодий инқирознинг «иситмаси» десак янглишмаган бўламиз. Портлаш ортидан Ливанда аҳоли кўчаларга чиқиб ҳукумат истеъфосини талаб қилди. 8 август куни минглаб аҳоли Байрут кўчаларига норозилик намойишига чиқди. Reuters’нинг хабар беришича, Байрут марказидаги «Шаҳидлар майдони»га етти мингга яқин одам тўпланган. «Қиёмат куни» шиори остидаги намойиш иштирокчилари юқори мартабали амалдорларни жазолашни талаб қилган — намойишчиларнинг фикрича, портдаги портлашга айнан улар айбдор.
Намойиш вақтида амалдаги ҳукмрон тузумни ағдаришга чақириқлар бўлган, шунингдек, йиғилганлар «Инқилоб!», деб ҳам ҳайқирган. Рамзий дорнинг ўрнатилиши эса норозилик намойишининг кулминациясига айланган — бу намойишчиларнинг фикрича, масъулиятсизлиги ва коррупцияга ботгани портлашга олиб келган амалдорлар учун бир огоҳлантиришдир. Намойишчилар кўтарган плакатларда «Истеъфо ёки дор!» деб ёзилган эди.
Байрутда тўқнашувлар авжига чиқаётган бир вақтда Ливан бош вазири Ҳасан Диаб мамлакат аҳолисига мурожаат йўллаган. У мамлакатда муддатидан аввалги парламент сайловлари ўтказилсагина Ливан инқироздан чиқа олишини таъкидлаган.
Намойишлар ортидан 10 август куни мамлакат бош вазири Ҳасан Диаб ҳукуматнинг истеъфога чиқишини эълон қилди. Шунингдек, 10 август куни Ливаннинг тўрт нафар вазири намойишлар ортидан истеъфога чиққан. 12 август куни Ливан халқи портлаш оқибатида ҳалок бўлганларни оммавий хотирлаш маросимини ўтказган. Сўнгги маълумотларга кўра, портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 170 кишидан ошган. Бу ҳақда Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахбороти асосида Sky News Arabia телеканали хабар берган.
Мамлакатда навбатдаги сайловлар 2022 йилга мўлжалланган эди. Аммо энди у шу йил ўтказилади. Сайловларнинг қачон ўтказилиши ҳозирча маълум эмас.
Беларусда норозилик келтирган президентлик сайловлари
Шубҳасиз, бу ойнинг энг кўп муҳокама қилинган воқеаси Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловлари ҳамда унинг ортидан келиб чиққан ва ҳамон давом этаётган норозилик намойишларидир. Шу ойнинг 9-куни Беларусда навбатдаги президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Унда амалдаги президент Александр Лукашенко 6 марта энг кўп овоз тўплаб қайтадан президент этиб сайланди. Натижаларга кўра, Лукашенко 80,08 фоиз овоз тўплаган бўлса, унинг асосий рақиби Светлана Тихановская 10,09 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлди.Муаммо қаерда? Муаммо шундаки, июнь ойи ўрталарида мухолифатдаги икки номзод Виктор Бабарико ва Сергей Тихановский (Светлана Тихановскаянинг эри) ҳибсга олинган эди. Amnesty International эса уларни фикри учун қамоққа олинган сиёсий маҳбуслар сифатида баҳолади. Лукашенкога асосий рақиб сифатида кўрилган Виктор Бабарикога иқтисодий жиноятлар бўйича айб қўйилган. Блогер сифатида фаолият юритган Сергей Тихановский эса Лукашенкони танқид қилиб келган. Унинг турмуш ўртоғи Светлана Тихановская сайловга бир неча кун қолганда унинг ўрнига ўз номзодини қўйган.
Намойишчилар сайлов натижалари сохталаштирилганини иддао қилмоқда ва Лукашенконинг истеъфосини ҳамда мамлакатда янги сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда. Республика сайлов қонунчилигига кўра, бир шахс чекланмаган муддатга президентликка номзодини кўрсатиши мумкин ва ҳар бир президентлик муддати 5 йилни ташкил этади.
Сайлов натижалари чиққан ондан бошлаб дастлаб Тихановская тарафдорлари норозилик акцияларида қатнашган бўлса, кейинчалик ушбу намойишлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалди ва ҳамон давом этмоқда. Намойишларнинг дастлабки кунларида кучишлатар тизим ходимлари намойишчиларга қарши куч ишлатишган ва минглаб одамлар ҳибсга олинган.
11 августга келиб Тихановская ўзига нисбатан босимлардан хавфсираб мамлакатни тарк этиб, Литвага йўл олгани маълум бўлди. Светлана Тихановскаянинг штаби 10 август куни кечаси у Беларусь Марказий сайлов комиссиясига борганидан сўнг йўқолиб қолгани тўғрисида маълум қилган. Кечга яқин Тихановская алоқага чиққан, бироқ қаерда эканини ошкор этмаган.
Беларусда давом этаётган намойишлар вақтида жами 6 700 киши полиция томонидан ҳибсга олинди. Уларнинг аксарияти 13 август соат 22:30 да озодликка чиққан бўлса, қолган қисми бугун, 14 август тонгида озодликка чиқди. Ҳозирча ҳибсдагилардан қанчаси озодликка чиққани маълум эмас. Мамлакат ИИВ ўринбосари кеча намойишчилар билан учрашган ва учрашув чоғида намойишчиларга нисбатан ҳеч қандай кучишлатиш ҳолатлари бўлмаганини айтди. Аммо ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда ва суратларда намойишчиларнинг полиция томонидан калтаклангани ҳолатлари тасвирга туширилган суратлар ва видеолар тарқалиб кетди.
14 август куни, шунингдек, Беларуснинг бир қатор шаҳарларидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари ишчилари сайлов натижаларини қайта кўриб чиқишни талаб қилиб намойишчиларга қўшилди. Улар бутун мамлакат бўйлаб иш ташлашлар ташкил қилди. 16 август куни Минскда Беларусь президентини қўллаб-қувватлаш бўйича митинг бўлиб ўтган. Унда бир неча минг киши иштирок этган. Баъзи маълумотларга кўра, митингда иштирок этиш учун вилоятлардан бюджет ташкилоти ходимларини мажбурий равишда пойтахтга олиб келишган. Шу куни маҳаллий вақт билан соат 14:00 да бутун мамлакат бўйлаб «Озодлик марши» ўтказилган. Митингда юз минглаб одамлар иштирок этгани айтилган.
Беларуснинг сайловларида ғолиб чиққан президент Александр Лукашенко Минскдаги бир қатор заводларга ташриф буюрди. Жумладан, Беларусь президенти Александр Лукашенко 17 август куни тонгда Минскдаги Ғилдиракли шатакчилар заводи (МЗКТ) ишчилари олдида чиқиш қилди. Корхона ходимлари президентни «Кет!» ва «Қўйиб юбор!» дея ҳайқириб кутиб олди. Буни Беларусь мухолифатининг Nexta Live Telegram каналида кўриш мумкин. «Раҳмат, — деди Лукашенко, корхона ишчилари олдида иккита ҳарбий шатакчининг устида тураркан. — Бу саволингизга ҳам жавоб бераман: яна бақиришингиз мумкин».
Завод ходимлари билан мулоқот вақтида Лукашенко Беларусда ҳокимият ваколатларини қайта тақсимлашни назарда тутувчи конституциявий ўзгаришлар устида иш олиб борилаётганини айтган. Лукашенконинг таъкидлашича, у президентлик ваколатлари билан бўлишишга тайёр, фақат бу «босим остида ва кўча орқали» бўлмаслиги керак. Лукашенконинг маълум қилишича, Беларусда янги президент сайлови ўтказилмайди. «Мени ўлдирмагунингизгача янги сайловлар бўлмайди», дея Лукашенконинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Tut.by.
Европа парламентининг етакчи партиялари раҳбарлари Беларусда янги президентлик сайловларини ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши зўравонлик ҳолатларини тергов қилишга ва сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди.
Европарламент депутатлари Александр Лукашенкони persona non grata деб эълон қилди. Шунингдек, Канада ва Ирландия Беларусдаги сайлов натижаларини тан олмасликларини эълон қилдилар. Ортидан Евроиттифоқ ҳам сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди. Беларусда ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказишни амалга ошириш мақсадида мухолифат томонидан тузилган Мувофиқлаштирувчи кенгаши президиуми шакллантирилди. Лукашенко эса ўз навбатида ушбу кенгашни тузишни ҳокимиятни эгаллашга бўлган уриниш деб баҳолади.
Мамлакатда кенг кўламли норозилик намойишларнинг яна бири Лукашенконинг таваллуд кунига бағишланди. 30 август куни 66 ёшни қаршилаган Лукашенкога қарши минглаб одамлар норозилик намойишлари билан кўчаларга чиққан. Минскдаги кўплаб марказий кўчалар ва майдонлар кучишлатар тизимлар томонидан тўсиб қўйилган.
Малида норозилик намойишлари давом этмоқда
Бир неча ойдан буён Малида давом этаётган ҳукуматга қарши норозилик намойишлари ҳарбийлар исёни билан давом этди ва президентнинг истеъфо беришигача борди. Ҳарбийлар исёни 18 август куни пойтахт Бамако яқинида жойлашган Кати базасида бошланган эди. Исёнчилар ҳарбий омборда сақланаётган қуролларни эгаллаган, офицерларни қўлга олган, шундан сўнг Бамакога бориб, президент қароргоҳини қамалга олган. Аскарлар бутун шаҳарни назорат қилаётганликларини намойиш этиш мақсадида Бамако кўчалари бўйлаб эркин ҳаракатлана бошлаган. ORTM телеканали маълум муддат эфирни тўхтатган, сўнг аввалдан ёзиб олинган дастурларни намойиш эта бошлаган.Аскарларнинг ҳаракатлари июндан бери президент истеъфосини талаб қилаётган ҳукуматга қарши норозилик намойишлари иштирокчилари томонидан олқишланган — намойишчиларнинг фикрича, президент Кейта коррупция муаммосини ҳал қила олмаган ва мамлакат хавфсизлигини таъминлай олмаган. Исённи қўллаб-қувватлаган M5-RFP мухолифат коалицияси «бу ҳарбий тўнтариш эмас, балки халқ қўзғолони» эканини маълум қилган. Норозилик намойиши иштирокчилари Мали Адлия вазирлигига тегишли бинони ёқиб юборган.
Мали президенти Иброҳим Бубакар Кейта 19 августга ўтар кечаси истеъфога чиқди ҳамда мамлакат ҳукумати ва парламентини тарқатиб юборди. Бу қуролланган ҳарбийлар президентни бош вазир Бубу Сиссе ва бошқа юқори мартабали амалдорлар билан бирга қўлга олганидан сўнг юз берди. Мали президенти ORTM телеканали орқали қисқа мурожаат билан чиқиш қилди (мурожаат вақтида титрда «кетаётган президент» деган ёзув кўрсатилган). Кейта истеъфо ҳақидаги қарор — унинг президентлик ваколатлари якунига етишига ҳали уч йил бўлса-да — ҳозирданоқ кучга кирганини маълум қилди. «Мен ҳокимият тепасида қолишим учунгина қон тўкилишини истамайман», деди Кейта.
Президентнинг истеъфосидан сўнг исён қатнашчилари давлат телевидениеси орқали чиқиш қилган. Улар Халқни қутқариш миллий қўмитаси тузилганини эълон қилди. Мали ҳарбий-ҳаво кучлари штаби бошлиғи ўринбосари Исмоил Вагенинг сўзларига кўра, ушбу қўмита «миллат ва тарих олдида масъулиятни ўз елкасига олишга қарор қилган». У «мақбул муддатлар»да Малида сайловлар бўлиб ўтишини билдирган.
БМТ, Франция, АҚШ ва бошқа мамлакатлар Малида президентнинг қўлга олинганини қоралади. БМТ бош котиби Антониу Гуттериш, шунингдек, Африканинг 55 та мамлакатини бирлаштирувчи Африка Иттифоқи Кейта ва қўлга олинган бошқа шахсларни озод этишга чақирди. Ғарбий Африка мамлакатлари иқтисодий ҳамжамияти (EKOVAS ) Малининг ташкилот бошқарув органларидаги иштирокини тўхтатиб қўйди. Шунингдек, ташкилот Мали билан барча чегараларни ёпишга ҳамда EKOVAS аъзо мамлакатлар ва Мали ўртасидаги ҳар қандай молиявий операцияларни тўхтатиб қўйишга қарор қилди.
Ташқи босимлар остида исёнчилар томонидан қўлга олинган Мали президенти Иброҳим Бубакар Кейта 27 августда озод қилинди. Бу ҳақда Le Figaro нашри исён кўтарган ҳарбийлар вакилининг маълумотига таяниб хабар қилган. «У бугун тонгда озод қилинди ва ўз уйига қайтди», дея исён кўтарган ҳарбий Жибрия Майги сўзларини келтирган газета. Кейтанинг президентлик даврида коррупцион можаролар кузатилган ва миллатлараро жанжаллар содир бўлган. 2019 йил мартида мамлакатда тинч аҳолини оммавий равишда қириш каби салбий ҳолатлар учраган. Коррупция туфайли армиянинг моддий таъминоти ёмонлашган ҳамда уларнинг маоши кечикиб тўланган. Париж томонидан Мали ҳукуматини очиқдан очиқ қўллаб-қувватлаш мамлакат аҳолисида французларга қарши кайфиятни шакллантирган.
Исён кўтарган ҳарбийлар ўтиш даври учун янги президент сайлашни таклиф қилмоқда. «Ўтиш даври учун ҳарбийлар ёки фуқаролар орасидан вақтинча президент сайланади ва кенгаш таъсис қилинади. Биз фуқаролик жамияти, мухолиф партиялар ва сиёсий кўпчилик билан ушбу қийинчиликлар даври ортда қолишини истайдиган ҳамма билан мулоқотда бўлиб турибмиз», дея France 24 каналига интервью берган исёнчилар вакили, полковник Исмоил Ваге.
Рус вакцинаси ишончлими?
Бу ой давомида коронавирусга қарши вакцина яратиш ишларида анча яхши хабарлар тарқалди. Жумладан, вакцина яратиш пойгасига Туркия, Ҳиндистон каби давлатлар қўшилган бўлса, Германия унинг 2020 йил охирида тайёр бўлишини маълум қилди. Шубҳасиз, барчада ҳам бирдек ишонч уйғотмаётган Россия вакцинаси бу борадаги баҳсларнинг маркази бўлди.11 август куни Россия президенти Владимир Путин дунёда биринчи бўлиб Россияда коронавирус касаллигига қарши вакцина рўйхатдан ўтганини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, қизларидан бири ушбу вакцинани қабул қилган. Президентнинг сўзларига кўра, биринчи эмланишдан сўнг қизининг тана ҳарорати 38 даражагача кўтарилган, эртаси куни эса 37 даражагача тушган. «Бўлди. Иккинчи муолажадан сўнг тана ҳарорати яна бироз кўтарилиб, кейин тушди. Ўзини яхши ҳис қиляпти», деган у.
Ўз навбатида, мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашконинг билдиришича, вакцина у яратилган Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология маркази, шунингдек, Зеленограддаги «Биннофарм» компанияси томонидан, кейинчалик бошқа корхоналарда ҳам ишлаб чиқарилади. Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова эса шифокорларни коронавирусга қарши эмлаш август охири — сентябрь бошида бошланишини маълум қилган.
Табиийки, вакцина хавфсизлиги масаласида ҳам бир қатор тортишувлар бўлиб ўтди. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг штатдан ташқари бош эпидемиологи Николай Брико Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология марказида ишлаб чиқилган вакцинани рўйхатдан ўтказишни кечиктиришга чақирган Клиник тадқиқотлар ташкилотлари ассоциациясига жавоб қайтарди.
Ассоциация ушбу вакцина минглаб одамлар иштирокида синовдан ўтказилмагани учун уни рўйхатдан ўтказишга шошилмасликка чақирганди. Николай Бриконинг билдиришича, Гамалея марказининг вакцинаси «йўқ жойдан пайдо бўлиб қолмади». Марказ Эбола ва MERS’га қарши вакциналар ишлаб чиқиб, ушбу соҳада 10 йилдан ортиқ вақт давомида иш олиб бормоқда. «COVID-19 га қарши вакцинани яратишда аденовирус асосида бир хил технология ишлатилган, шунинг учун бу ҳолда у қайта кўриб чиқишга, кечиктиришга муҳтож эмас, чунки технологиядан фойдаланиб кўрилган», деган эпидемиолог.
Кейинроқ Россиянинг Соғлиқни сақлашни назорат қилиш федерал хизмати («Росздравнадзор») Клиник тадқиқотлар ташкилотлари ассоциациясининг Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология марказида ишлаб чиқилган вакцинани рўйхатдан ўтказишни кечиктириш таклифини қўллаб-қувватламади.
Шунга қарамай вакцинанинг «умидли» эканидан шубҳаланаётганлар ҳамон топилмоқда. Жумладан, Россиянинг «Фонтанка» нашри Гамалея марказининг SARS-CoV-2 коронавирус вакцинаси тўғрисидаги ҳисоботи билан танишиб чиқиб, уни Владимир Путин ва соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко айтганидек умидли кўринмаяпти, деб баҳолаган.
12 август куни Россиянинг коронавирусга қарши вакцинаси нархлари ҳам маълум қилинди. Россиянинг коронавирусга қарши вакцинаси экспорт қилинганда икки дозаси камида 10 доллардан сотилади. Бу ҳақда «П-Фарм» компанияси директорлар кенгаши раҳбари Алексей Репик маълум қилган.
«Дастлабки дозалари катта эҳтимол билан анча қимматроқ бўлади», деган у 12 август куни «Россия 24» телеканали эфирида. Репикнинг таъкидлашича, вакцинани катта ҳажмда ишлаб чиқариш бошланганда нархи арзонлашади. 15 августга келиб Россияда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарила бошлангани маълум қилинди. Вакцина Зеленограддаги «Биннофарм» фармацевтика заводи томонидан ишлаб чиқарилади. Илгари институт директори Александр Гинцбургнинг сўзларига кўра, вакцина ишлаб чиқариш қувватини декабрь январь ойларида ойига беш миллион дозага етказиш режалаштирилган ва йил давомида вакцинага бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш мумкин бўлади.
Коронахабарлар
Август ойида дунёда коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар яна ошаётгани хабар берилмоқда. Бир қатор давлатлар карантин чекловларини яна кучайтиришга қарор қилди. Францияда кунлик касалланишлар сони охирги уч ойда яна ўсишни бошлади.Финляндия 10 мамлакатдан келадиган фуқаролар учун мамлакатга киришни чеклашга қарор қилди. Чекловлар Норвегия, Дания, Исландия, Германия, Греция ва Мальта, Ирландия, Сан-Марино, Япония ва Кипрдан келган саёҳатчилар учун амал қилади ҳамда 24 августдан бошлаб кучга киради. Шунингдек, Финляндиянинг Турку ва Шимолий Македония пойтахти Скопе ўртасидаги авиақатновлар тўхтатилиши мумкин. Қайд этилишича, коронавирусга чалинганларнинг 40 нафардан ортиғи ушбу рейс билан Финляндияга келган.
Италия ва Туркия каби давлатлар касаллар сони ортгани сабабли карантин чекловларини қайтадан кучайтиришга қарор қилишган. Шунингдек, Хитойда коронавирусга қарши илк вакцина патентланди. Патент Хитой халқ озодлик армиясининг Ҳарбий тиббиёт фанлар академияси ҳамда CanSino Biologics компанияси номига берилган. Улар биргаликда COVID-19’га қарши курашда фойдаланиладиган рекомбинант (Ad5-nCoV аденовирус векторига асосланган) вакцинани яратди. Аввал июнь ойида мазкур вакцинадан ҳарбий мақсадларда фойдаланишга рухсат олинганди. Ундан олдинроқ мартда ушбу вакцинани синаш мақсадида Хитойда клиник тестлар ўтказилишига рухсат этилганди.
Бугунги кунда дунёда касалликка чалинганларнинг умумий сони 25 миллиондан ошиқ кишини ташкил қилмоқда. Касаллик оқибатида вафот этганлар сони эса 850 мингдан ошиб кетган бўлса, ундан соғайганлар сони 17 миллиондан ошган.
Давлатлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, касалликка чалинганлар сони бўйича дунёда АҚШ етакчилик қилмоқда. Мамлакатда касалликни юқтириб олганлар сони 6 миллиондан ошиқ. Ундан кейинги ўринда Бразилия (3,8 миллиондан ортиқ) ва Ҳиндистон (3,6 миллиондан ортиқ) давлатлари бормоқда.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)