Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Ўзбекистон доирачилари” жамоат бирлашмаси раиси Дилмурод Исломов 71 ёшда вафот этди. Бу ҳақда 8 август куни Маданият вазирлиги хабар берди.

Дилмурод Исломов 1954 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1968 йилдан бошлаб “Шодлик” ансамблида фаолият юритган. Ансамблда 37 йилдан ортиқ ишлаган даврида юзлаб мамлакатларда концертлар бериб, Ўзбекистон маданиятини тарғиб қилган. 2014 йилдан бери Санъат ва маданият институтида ўқитувчи сифатида фаолият юритиб келган.
Марҳум укалари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Элмурод ва Холмурод Исломовлар билан доира санъати бўйича машҳур учлик бўлган.
“Ёшлигимизда биринчи бўлиб Дилмурод акам доира тўгарагига борган. Кейин биз ҳам ортидан эргашганмиз. Тўгаракка қатнай бошлагач доира санъатига қаттиқ қизиқдик ва шу йўлдан кетдик”, дея хотирлаган Холмурод Исломов.
Дилмурод Исломов ўз ижодий фаолияти давомида кўплаб санъат дарғаларига доирада жўр бўлган. Жумладан, Ўзбекистон халқ артистлари Таваккал Қодиров, Фахриддин Умаров, Карим Зокиров, Нуриддин Ҳайдаров, Шерали Жўраев, Ғуломжон Ёқубов каби маҳоратли санъаткорлар билан ҳамкорлик қилган.

Дилмурод Исломов “Зарб кўрик-танлови” ва “Доирачилар фестивали” асосчиси ҳисобланади. Чолғу устаси томонидан доира санъати бўйича 2014 йилда “Устозлардан доира сабоқлари” тўплами, 2015 йилда “Махсус чолғу (доира усуллари: устозлар сабоқлари)” ўқув қўлланмаси яратилган. Шу билан бирга, “Мозийдан садо” монографияси ва бир қанча илмий мақолалари миллий ва хорижий журналларда нашр қилинган. Маданият вазирлиги мазкур асарлар ёш ижрочиларни устозлар меросидан хабардор қилганини қайд этган.
Дилмурод Исломов 2020 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Дилмурод Исломов доира санъатининг жонкуяр устоз санъаткори ва самимий инсон сифатида барчамизнинг қалбимизда мангу яшайди. Маданият вазирлиги жамоаси Дилмурод Исломовнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради, дейилади вазирлик таъзиясида.
Аввалроқ машҳур бастакор Султонали Раҳматов 55 ёшида вафот этгани хабар қилинганди
Изоҳ (0)