Япониянинг Serendix номли стартапи атиги икки кун ичида тайёр бўладиган замонавий уйларни таклиф таклиф қилмоқда. Бундай турар жойни қуришда улкан 3D-принтерлар қўлланади.

Компания маълумотларига кўра, умумий майдони 49 квадрат метр бўлган уй 44,5 соатда қуриб битказилади. Эътиборли жиҳати, бу ҳисобга ер тайёрлаш ва коммуникацияларни улаш ишлари киритилмаган.
Бундай “тез қуриладиган” уйнинг нархи 37 минг АҚШ долларига тенг. Бу нарх Япониядаги айрим минтақаларда икки хонали квартира ёки замонавий хорижий енгил автомобиль нархига тенг келади.

Уйнинг ички режалаштируви қуйидагича:
- Ётоқхона;
- Хонадон эгасининг танловига қараб — иш хонаси ёки болалар хонаси;
- Ҳаммом ва ҳожатхона бирлаштирилган ҳолда;
- Ошхона ва меҳмонхона ягона очиқ майдонда.

Алоҳида қулайлик сифатида, барча муҳандислик коммуникациялари (электр, сув, иситиш, канализация) мижоз хоҳишига кўра уланади. Электр таъминоти учун эса қуёш панелларидан фойдаланиш имконияти мавжуд.
Уйнинг барча қисми тўлиқ 3D-принтерда чоп этилмайди. Унинг ҳар бир конструктив қисми — девор, шифт, таянч блоклар алоҳида-алоҳида 3D-принтер орқали чиқарилади. Сўнг бу блоклар қурилиш майдончасида монтаж қилинади. Баъзилар бу услубни “японча панел уйлари” деб атамоқда. Жараённинг қандай кечиши ҳақида Serendix компанияси махсус видео ҳам эълон қилган.
Стартап муаллифлари бу технология, энг аввало, уй-жойга эҳтиёжи катта, даромади паст бўлган қатламлар учун хизмат қилишини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, арзон ва тез қуриладиган уйлар уй-жой масаласини сезиларли даражада енгиллаштиради.
Шунга қарамай, Япония билан боғлиқ айрим муаммолар мавжуд. Экспертлар таъкидлаганидек, мамлакатда ер жуда қиммат, аҳолининг зичлиги юқори ва мавжуд бўш майдонлар сони чекланган. Ер нархи эса баъзида кўп хонали квартира билан тенг келади. Бундай ҳолатда арзон уйнинг амалий фойдаси кам бўлиши мумкин.


Мутахассисларнинг фикрича, япон технологияси аҳолиси зич жойлашмаган, лекин катта ер майдонларига эга, иқтисодиёти ривожланаётган давлатлар учун айни муддао бўлиши мумкин. Бундай мамлакатлар эндигина урбанизация жараёнига кириб бормоқда ва Serendix лойиҳаси бу жараённи тезлаштириши мумкин.
Изоҳ (0)