Бир қанча Европа давлатлари 2025 йил ёз мавсумида сайёҳлар учун кескин жарималар қўллашга қарор қилди. Эндиликда пляждан ташқарида чўмилиш кийимида юриш, жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилиш ёки шунчаки каналга сакраш сайёҳларга қимматга тушиши мумкин.

Маълум қилинишича, кескин жарималар “маданиятсиз” равишда ўзини тутган сайёҳлар учун жорий этилади. Эндиликда турли шаҳар ва курорт зоналарда майда қоидабузарликлар саёҳатчилар “чўнтагини қуритиши” мумкин. Қуйида турли давлатларда ўрнатилаётган баъзи жарималар келтирилган:
- Испаниянинг Малорка ва Ибиза оролларида омма олдида спиртли ичимлик ичганлар 3 минг еврогача жарима тўлайди.
- Португалиянинг Албуфеира шаҳрида пляждан ташқарида чўмилиш кийимида юриш 1 500 еврогача тушиши мумкин.
- Италиянинг Cинқуэ Терре ҳудудида тоғ йўлларида ноқулай пойабзалда, яъни шиппакда юриш 2 500 еврогача жаримага олиб келади.
- Грецияда денгиздан бир дона чиғаноқ ёки тош олиб чиққанлик учун 1 000 евро тўланади.
- Венецияда каналда чўмилганлик учун 350 евро жарима солинади.
- Францияда жамоат пляжларида ва ўйин майдончаларида тамаки чекканлар 90 евро тўлайди.
Кундалик ҳолатлар ҳам назорат остида
- Шиппак кийиш, ялангоёқ ёки очиқ оёқ кийимда машина ҳайдаш 300 еврогача жаримага сабаб бўлади (Испания, Италия, Греция, Франция, Португалия);
- Чўмилиш кийимида кўчада юрганлар 1 500 еврогача товон тўлайди (Барселона, Сплит, Сорренто, Венеция ва бошқалар).
Маҳаллий ҳокимият нима дейди?
Испаниянинг Малорка оролида жойлашган Калвия шаҳри мери Хуан Антонио Аменгуал жарима солинишига шундай муносабат билдирди:
“Туризм фуқароларга оғирлик қилмаслиги керак. Биз табиатни асраш ва туризмни жамият билан уйғунлаштиришни кўзлаяпмиз”.
Мутасаддиларга кўра, бу қоидалар сайёҳлар оқими кўпайган даврда тартиб-интизомни сақлаш, маҳаллий аҳолининг осойишталигини таъминлаш ва масъулиятли саёҳат маданиятини шакллантиришга қаратилган.
Изоҳ (0)