Бир триллион тоннадан ортиқ оғирликка эга А23а айсберги эндиликда Жанубий океанда ҳаракатланмоқда. Британия Антарктика хизмати (BAS) улканлиги сабабли уни “мегаберг” деб атайди. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
Олимлар ва сунъий йўлдошлар айсбергнинг ҳаракатини кузатиб, у экотизимларга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини ўрганмоқда. А23а айсберги илк бор 1986 йилда Антарктидадаги Филхнер шелф музлигидан ажралиб чиққан. Аммо кейин Уэдделл денгизида ўттиз йил давомида қолиб кетган. 2020 йилда у шимолга томон силжий бошлаган, бироқ унинг ҳаракати тўхтаб қолган.
А23а айсбергининг узоқ вақт ҳаракатсиз қолгандан сўнг яна силжий бошлаганини кўриш жуда қизиқарли, дейди BAS океанографи Эндрю Меерс.
BAS улкан айсберг бир жойда туриб қолмаганини билдириб, буни қуйидагича изоҳлади:
Бир неча ой мобайнида айсберг Тейлор устунида “қамалиб қолганди”. Бу океанографик ҳодиса бўлиб, унда сувости тоғи айланма сув оқими жисмларни бир жойда ушлаб туради. Бундай динамика А23а айсбергини бир нуқтада айланишга мажбур қилган, натижада унинг шимол томон тез сузиб кетиши кутилганидек юз бермаган.
А23а сўнгги марта 2023 йил охирида кузатилганди, ўшанда сунъий йўлдошлар айсбергнинг Антарктидадан чиқиб кетишга уринишини қайд этган. Бу айсберг ўзи ҳаракатланаётган ҳудудларга таъсир ўтказиши мумкин.
Биз биламизки, бундай улкан айсберглар ўзлари ўтаётган сувларни озуқавий моддалар билан бойитиб, кам маҳсулдор ҳудудларда гуллаб-яшнаётган экотизимларни яратиши мумкин. Бироқ муайян айсберглар, уларнинг ўлчами ва келиб чиқиши бу жараёнга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини аниқ билмаймиз, деди бир йил олдин А23а га шахсан ташриф буюрган экспедиция аъзоси, биогеокимёгар Лора Тейлор.
Тадқиқотчилар айсбергнинг экотизимга таъсирини ўрганиш мақсадида унинг олд, орқа ва ён томонларидан сув намуналарини олган. Энди у эркин сузиб кетмоқда.
Олимлар айсбергнинг Жанубий Жоржия ороли томон йўналишини кутмоқда. У ерда нисбатан илиқ сув катта айсбергнинг майда бўлакларга парчаланиб кетишига сабаб бўлиши эҳтимоли юқори.
Изоҳ (0)