Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари индексидаги ўрни яхшиланаётганига қарамай, олдинда барқарор ривожланишни таъминлаш учун потенциал хавфлар мавжуд ва уларни бартараф этиш зарур. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов “Ўзбекистон 2024 йилга қадам қўймоқда: ютуқлар ва муаммолар” номли мақоласида маълум қилди.
Обид Ҳакимовнинг ёзишича, бир қатор хавфлар барқарор иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
“Ушбу хавфлар иш ўринлари (8-мақсад), озиқ-овқат хавфсизлиги (2-мақсад), тоза энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари (7-мақсад), инфратузилмани ривожлантириш, урбанизация ва масъулиятли истеъмол (12-мақсад) учун қўшимча юклама бўладиган аҳоли сонининг ўсишини ўз ичига олади. Бундан ташқари, ер ресурслари ҳолатининг ёмонлашуви ва чўлланишга мойиллик қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига, озиқ-овқат хавфсизлигига (2-мақсад) ва экологик барқарорликка (15-мақсад) салбий таъсир кўрсатмоқда”, — деб ёзади мутахассис.
Обид Ҳакимов фикрича, Ўзбекистон барқарор ривожланиш йўлида жадал одимламоқда. Бироқ Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳали ҳам катта инвестициялар киритилишига муҳтож. Айниқса, иқлим ўзгариши билан боғлиқ инфратузилмага, экологик тоза энергетикага ва сув таъминотига йирик инвестициялар керак. Мақолада иқлим ўзгаришининг салбий таъсири оқибатида сув манбалари йилдан йилга камайиб бориши ва бу мамлакат иқтисодиёти ва аҳолисига зарар келтириши тўғрисида ҳам сўз боради.
“Марказий Осиёда сўнгги 50–60 йил ичида музликлар майдони қарийб учдан бир қисмга қисқарди. Бу Ўзбекистоннинг сув ва озиқ–овқат хавфсизлиги нуқтайи назаридан заифлигини оширди. Жаҳон ресурслари институтининг баҳолашича, Ўзбекистон 2040 йилга бориб ўта юқори даражада сув танқислигига учраган давлатга айланиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига киради.
Жаҳон банки ҳисоб-китоблари кўрсатганидек, иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига таъсири 2030 йилга бориб Ўзбекистонни тўйинтирадиган иккита асосий дарёдаги сув сатҳи – Сирдарёда 5 фоизгача, Амударёда эса 15 фоизгача пасайишига хизмат қилади. Прогнозларга кўра, Ўзбекистонда сув танқислиги 2030 йилга бориб 7 миллиард куб метрга, 2050 йилга келиб 15 миллиард куб метрга етиши мумкин. 2050 йилга бориб Марказий Осиёда чучук сув етишмаслиги минтақа ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга камайишига олиб келиши мумкин.
Сув етишмаслиги, қурғоқчилик, сув тошқини ва ҳаво ҳароратининг кўтарилиши қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигининг сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлиши кутилмоқда. Жаҳон банки асосий қишлоқ хўжалиги экинлари (буғдой, картошка, пахта, олма) ҳосилдорлигининг 40-60 фоизга камайиши мумкинлигини прогноз қилмоқда”
Жаҳон банкига кўра, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун Ўзбекистонга 2060 йилга бориб 46,7 миллиард доллардан 59,8 миллиард долларгача инвестициялар талаб қилинади. Ушбу инвестициялар иқлим ўзгаришининг ноқулай оқибатларини юмшатишда ҳал қилувчи рол ўйнайди.
“Бироқ молиявий чекловлар туфайли “яшил” инвестициялар ва иқлимни молиялаштириш механизмлари ҳисобига иқлимни молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш жуда муҳим. Ўзбекистон шундай инвестиция ва технологияларни жалб қилиш, сув хавфсизлиги ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш учун минтақадаги барча мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фаол қадамлар қўймоқда.
Зарур инвестицияларни жалб этиш учун давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмларидан фойдаланиш ҳам катта аҳамиятга эга. Ўзбекистонда барқарор ривожланиш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий шароитлар аллақачон яратилган. Сўнгги йилларда ДХШ фаоллигининг ўсиши, аралаш молиялаштиришнинг ривожланиши кузатилмоқда”.
Обид Ҳакимов фикрича, Ўзбекистон кейинги ислоҳотлар давомида белгиланган мақсадларга эришишни қийинлаштирадиган, иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолда кучайиб бораётган хавфларнинг кенг пакетига алоҳида эътибор қаратиши лозим.
“Энг жиддий хавф – бу озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли турмуш даражасига бевосита таъсир кўрсатадиган ва нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақамиз учун жиддий муаммо бўлган сув таъминоти масаласи. Шу боис, ислоҳотларни давом эттириш жараёнида биринчи навбатда, сув, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган”, — дея хулоса қилган Обид Ҳакимов.
Изоҳ (0)