Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино актрисаси Шафоат Раҳматуллаева 83 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Шафоат Раҳматуллаева узоқ йиллар давомида театр соҳасида фаолият юритиб келган. Шунингдек, “Масхарабоз”, “Севгинатор”, “Сеҳрли қалпоқча” каби фильмлар ва кўплаб спектаклларда рол ўйнаган.
Аввалроқ хонанда Манзура “Севгинатор” фильмида қайнонаси ролини ижро этган актриса Шафоат Раҳматуллаева айни пайтда шифохонанинг реанимация бўлимида эканлигини айтиб, кузатувчиларидан дуо сўраган эди.
Шафоат Раҳматуллаева 1941 йилнинг 4 январида Фарғона вилояти Фурқат туманидаги Навбаҳор қишлоғида туғилган. Отаси Муқаддасхон колхоз раиси бўлган. У ўрта мактабни тугатгандан кейин педагогика билим юртига ўқишга кириб, дастлаб мактабда бир йил ўқитувчи бўлиб бошланғич синфларга дарс берган.
1963 йилда театр ва рассомчилик олийгоҳининг мусиқали драма факультетига ўқишга кирган. Турли йилларда кўплаб спектакллар билан бир қаторда, “Масхарабоз”, “Севгинатор”, “Севгинатор-2”, “Эр бермоқ — жон бермоқ”, “Ўзимдан ўзимгача”, “Фидойилар”, “Пойга”, “Сеҳрли қалпоқча”, “Сариқ девни миниб” каби фильмларда суратга тушган.
Изоҳ (0)