Кореяда ҳарбий ҳолат
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл 3 декабрь куни кечқурун мамлакатда фавқулодда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Парламент ва сиёсий партияларнинг фаолияти тақиқланди. Давлат раҳбари бу қарорни “конституциявий тартибни ҳимоя қилиш ва мамлакат ичидаги Шимолий Корея тарафдорларини йўқ қилиш” зарурати билан изоҳлади.
Ҳукумат ҳаракатларидан норози бўлиб, парламент биноси олдида намойишчилар тўпланди. Полиция парламентга киришни тўсиб қўйди ва шаҳар кўчаларида ҳарбий техника пайдо бўлди.
Бир неча соатдан сўнг 300 депутатдан 190 нафари парламентга киришга муваффақ бўлди ва ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун овоз берди. Мухолифат етакчиси Ли Же Мен президент қарорини “конституцияга зид” деб атади ва уни “халққа қарши” қадам сифатида қоралади. Кечроқ Жанубий Корея президенти мамлакатда жорий этилган ҳарбий ҳолатни бекор қилишга рози бўлди.
10 декабрь куни Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ортидан давлатга хиёнатда айбланаётган собиқ мудофаа вазири Ким Ёнг Ҳьюн қамоққа олинди. Шунингдек, Миллий полиция агентлигининг бош комиссари Чо Жи Хо ва Сеул шаҳар полицияси бошлиғи Ким Бон Сик ҳам суд қарори билан ҳибсга олинган.
Президент Юн Сок Ёлга Жанубий Кореядан чиқиш тақиқланган, у ҳарбий ҳолат эълон қилгани учун тергов остида. 7 декабрь куни парламент давлат раҳбарига қарши импичмент эълон қилишга уринди, аммо ҳукмрон партия аъзоларининг овоз беришни бойкот қилиши туфайли уриниш муваффақиятсиз тугади. Ўша куни кечқурун парламент биноси олдида 100 000 га яқин одам тўпланиб, президентнинг истеъфосини талаб қилди.
Изоҳ (0)