Аввалига “Тоттенҳэм” ва “Ньюкасл”, кейинчалик “Атлетико”, “Челси”, “Манчестер Сити”, “Лестер” жамоалари “Ланс” ва Ўзбекистон терма жамоасининг 20 ёшли марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановга қизиқиш билдирмоқда. Бундай хабарларга 4-5 ой олдин ишониш ҳам қийин эди, ҳозир эса уни ўз сафида кўришни хоҳлаётганлар кун сайин ортмоқда.
Захира ўйинчиси сифатида Францияга олиб келинган футболчи қисқа вақт ичида асосий таркибига мустаҳкам жойлашди, октябрь ойида эса Лига1 нинг энг яхши ёш футболчиси бўлди. “Ланс” клуби эса унга ҳимоячилар учун бўлган энг қиммат нархни белгилади.
Ҳусанов қандай қилиб Францияга бориб қолди?
Франция чемпионатининг асосий таркиб ҳимоячиси учун 100 минг евро сармоя қилиш ўзини оқлади. “Ланс” уни қайта сотишдан анча кўп фойда олиши шубҳасиз. Футболчи Беларусь чемпионатидаги ишончли ўйини эмас, балки Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг U-20 Жаҳон чемпионатидаги ўйини сабаб бўлди. Ўшанда плей-оффда ўзбекистонликлар Исроилга мағлуб бўлганди. Шундан кейингина унинг клубдаги ҳаракатлари кузатилган бўлса, не ажаб. “Энергетик” клубининг ҳам ёш футболчига ишонч билдирганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Абдуқодир Беларусда бир йил тўп сурди: 2022 йилнинг мартида “Бунёдкор”дан у ерга ўтди ва 2023 йилда француз жамоасига бориб қўшилди.
Умуман олганда, Абдуқодирнинг карьераси жуда пухта режалаштирилган. Унинг отаси ҳам профессионал футболчи бўлган: Ҳикмат Ҳошимов узоқ йиллар Ўзбекистоннинг “Металлург” жамоасида ўйнаган ва миллий терма жамоа сафида 15 та ўйин ўтказган. Абдуқодирнинг “Бунёдкор” академиясидаги мураббийи Мурод Отажоновнинг айтишича, отаси Ҳусанов ҳаётидаги энг муҳим инсон ва унга ибрат намунаси ҳисобланади.
Ҳусанов билан “Энергетик-БГУ” сенсацион тарзда чемпионатда иккинчи ўринни эгаллади, аммо кейинги мавсумда етакчиларни йўқотиб, келишилган ўйинларда иштирок этишда айбланиб 23 очко олиб ташланди ва клуб топ дивизиондан тушиб кетди. Расмий равишда кумуш медаллардан маҳрум қилинди. 2024 йилда “Энергетик-БГУ” Биринчи лигада охирги ўринни эгаллади.
“Ланс” энди ҳар ёзда Беларусдан футболчиларни сотиб олмоқда: 2023 йилда Ҳусанов, 2024 йилда эса “BATЭ” вакили Сиди Бане 250 минг еврога олиб келинди.
“Ланс” Абдуқодирни 2023 йилнинг ёзида Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасидан 100 минг еврога харид қилди. 2023—24 йилги мавсумда “Факунда Медина—Кевин Дансо—Жонатан Гради” триосидан қайсидир бири ротацияга муҳтож бўлса, Ҳусановга имконият бериларди. Абдуқодир фақатгина захирадан майдонга тушадиган футболчи сифатида кўриларди холос.
2024 йилнинг ёзида “Ланс” Дансони “Рома”га 22+3 миллион еврога сотиш остонасида эди. Лекин римликлар тиббий кўрикдан сўнг музокаралардан воз кечди. Футболчининг юрак ритмидаги бузилиш Италияда ўйнаш имконини бермади. А серияда бундай ташхис билан ўйнаш мумкин эмас. Шундай қилиб, Дансо “Ланс”да қолади, аммо таркибга дарҳол қайтмади. Кевин август ойи охиридан октябрь ойининг ўрталарига қадар футбол ўйнай олишига ишонч ҳосил қилиш учун тестлардан ўтди. Айнан мана шу даврдан Ҳусанов унумли фойдаланиб, асосий таркиб футболчисига айланди.
Мавзуга доир: Мухлислар талқинига кўра Абдуқодир Ҳусанов октябрь ойининг энг яхши ўйинчиси бўлди
Дастлабки ўйинда у ёрқин ўйин намойиш этмади. Конференциялар Лигаси саралашида “Панатинайкос”га қарши баҳсда ўзбекистонлик футболчи ёмон ўйнади, “Ланс” эса ютқазди. Футболчининг чемпионатдаги ўйинлари ишончли чиқди. Шунинг учун Дансо таркибга қайтса-да, Ҳусанов захирада қолмади.
Француз футболи мухлислари “Медина—Дансо—Гради” триосини “Ланс”нинг вақт синовидан ишончли тарзда ўтган марказий ҳимоячилари сифатида билар эди. Дансонинг атлетизми Медина ва Градининг мобиллиги билан бирлашган эди. Улар уч мавсум биргаликда тўп сурган. Дансонинг “Рома”га ўтиши ҳақидаги гап ортидан бу учликда ўзгариш юз берди. Ҳусанов раҳбариятни шу қадар ишонтирди-ки, у қолиб кимдир захирага олинишга мажбур бўлди. Ҳозирча бу энг ёши катта ҳимоячи Жонатан Гради (32 ёш) бўлиб турибди. Сўнгги ўйинларда “Ланс” одатдаги уч марказий ҳимоячи ўрнига чизиқларда тўрт футболчини афзал кўрмоқда: марказда Абдуқодир ва Дансо, қанотларда эса Медина ва Пшемислав Франковскилар тўп сурмоқда.
Ҳусанов ажойиб кўринмоқда. У учликнинг барча позицияларида ўйнаб кўрди: чап марказий ҳимоячи, ўнг марказий ҳимоячи ва марказий ҳимоячи позицияларидаги ўйинларида бир хил фойдали ўйин кўрсатди. Универсал ҳимоячи!
Халқаро спорт тадқиқотлари маркази (CИЭС) 21 ёшгача бўлган жаҳоннинг энг яхши марказий ҳимоячилари рейтингини тузиб чиқди.
Ташкилот вакиллари рейтингни Wйсcоут маълумотларига таяниб тузиб чиққан. Ҳимоявий ҳаракатларни амалга оширувчи марказий ҳимоячилар орасида ушбу рейтингда Ҳусанов 81,8 балл тўплади ва рейтингнинг энг юқори ўрнидан жой олди.
Ҳусанов нимаси билан ҳаммани ҳайратда қолдирди?
Ҳусанов йирик гавдали рақибларни бемалол нейтраллаштиради, тўқнашувларда устунлик қилади ва спринтерларни хотиржамлик билан қарши олади, ҳужумчилар билан “пойга”ларда ортда қолмайди.
187 см — бундай баланд бўй билан у дуэлларда ғолиб чиқади, югуриш керак бўлганда енгил ҳаракат қилади.
“Ҳусанов шу қадар мукаммалки, у Олимпиадада барча йўналишларда қатнашиши мумкин эди”, дейди “Ланс” мураббийи Уилл Стилл ҳазиллашиб. Бу эса унга берилган жуда чиройли таъриф.
Ўзбекистонда уни тезюрар поездга қиёслашади. “Ҳусанов урди нима-ю, поезд урди нима” дея унинг кучли ва тезкор эканини эътироф этишади.
Франция клуби Ҳусановга жуда ҳам мос келади. “Ланс” ҳар бир жамоага алоҳида мослашади. Абдуқодир одатда марказий ҳужумчиларни зарарсизлантиради. Александр Ляказетт, Фоларин Балогун, Эван Гессанд, Эмануэл Эмега, Дембеле “ўзбек Рамоси”га тўқнаш келган ва кўпинча иложсиз қолган.
“Ланс” нисбатан ҳимоявий ўйнайди, бу эса ўзбекистонлик футболчи учун қулай.
Абдуқодир ҳар ўйинда ўртача 2,54 марта тўпни муваффақиятли эгаллаб олади, бу Франция чемпионатидаги марказий ҳимоячиларнинг 97 % дан яхшироқ кўрсаткич. Шунингдек, у ҳар ўйинда ўртача 2,44 марта юқори тўплар учун курашни ютади, бу эса марказий ҳимоячиларнинг 84 % дан яхшироқ дегани. Абдуқодир, шунингдек, подкатлар бўйича ҳам уста.
Тажовузкор ўйин услуби. Стилл марказий ҳимоячиларда айнан шуни кўришни хоҳлайди. “Мен машғулотларда у билан курашишни хоҳламайман”, дейди жамоадоши Адриэн Томассон.
- Аслида Ҳусанов оддий ҳимоячи эмас. У курашишни ва олдинроқда ўйнашни яхши кўради. Бироқ рақиб тўпни эгалласа, Ҳусанов дарҳол унга ташланмайди. У вазиятни кузатиб, тўпни олиб қўйиш учун энг қулай пайтни сабр билан кутади, бирга бир вазиятда хавфли вазиятни юзага келтирмаслик учун жамоадошларини кутишга ҳам тайёр.
- Ҳусанов — курашга бой футбол ва жисмоний босим ишқибози ҳисобланади, шу билан бирга у совуққон ва вазмин. У Факундо Мединадан кескин фарқ қилади: аргентиналик футболчи ҳам тажовузкор ўйин кўрсатади, бундан ташқари, у жанжалкаш, тўқнашувларни яхши кўради. Абдуқодирда эса бундай хусусият йўқ. Унда доим бир хил юз ифодасини кўриш мумкин.
- Ҳар қандай вазиятдаги хотиржамликни Ҳусановнинг трансферида иштирок этган “Ланс”нинг собиқ техник директори Грегори Тил ҳам таъкидлаган. Унинг айтишича, бундай жисмоний кучга эга бўлган марказий ҳимоячи камдан-кам учрайди.
Лига1 да фақатгина “Ланс” (14) ҳамда “ПСЖ” (14) ўз дарвозасидан энг кам гол олиб чиққан жамоалар бўлиб турибди. Бу биринчи навбатда дарвозабон Брис Самба билан боғлиқ, аммо ҳимоя чизиғи ҳам сифатли иш бажаради, Абдуқодир эса ҳимоячилар орасида энг яхшиси. Абдуқодир қизил карточка сабаб икки ўйинни ўтказиб юборди. Қизиғи, жамоа 5 та голни айнан шу ўйинларда ўтказиб юборди.
Мавзуга доир: Абдуқодир Ҳусанов нечта ўйинга четлатилгани маълум бўлди
Ҳусанов тўпсиз самарали ҳаракат қилишдан ташқари, унда бошқа қобилиятлар ҳам яхши ривожланган.
Биринчидан, Ҳусановда узоқ масофадан зарба бериш маҳорати шаклланган. Ҳозирча у “Ланс” учун узоқдан гол урмаган бўлса-да, “Энергетик-БГУ”да бундай зарбалар билан бир неча бор муваффақиятга эришган.
“Ланс” бундан хабардор бўлиб, шунинг учун Ҳусановга жарима тўпидан тўғридан-тўғри зарба беришни ишониб топширган ва у анча хавфли зарбалар берди. Абдуқодир деярли айлантирмасдан, яъни “наклбол” усулида зарба бера олади. Бу унинг зарбаларини кучли ва траекториясини олдиндан айтиб бўлмайдиган қилади.
Иккинчидан, Ҳусанов пас бериш сифатини оширяпти. Узатмалар сифати анча юқори, лекин янада юқори кўрсаткичга етказиш имкони бор. У майдонни яхши кўра олади ва баъзида ажойиб узун узатмаларни амалга оширади. “Ланс” учун бу жуда муҳим, чунки жамоанинг асосий услубларидан бири – рақибнинг пухта ҳимоя чизиғини бузиш учун синхрон тарзда орқага ёки бўш ҳудудга тўпни ошириб, қайта ҳужумга ўтиш. Ҳусанов бир неча бор биринчи пасни аъло даражада берди, аммо “Ланс”нинг бошқа ҳимоячилари бу борада ҳозирча ундан кучлироқ.
Ўринли савол: нима учун Ҳусанов ўтган мавсумда эмас, айнан ҳозир юлдуз бўлиб порлади?
Биз 20 ёшли футболчи ҳақида гапираётганимизни ёдимиздан чиқармайлик. Футболчи ҳали етилиш жараёнида. Жисмоний жиҳатдан Ҳусанов бу йил янада кучайган. Яна бир муҳим жиҳат: футболчи нималарга қодир эканини англаб етди. Курашларда у доминантлик қилади, ўтган йили эса бир оз тортинчоқлик қилар эди.
Бундан ташқари, у маҳоратини оширмоқда. Ҳусанов тўп олиб қўйиш учун вазиятларни “ўқиш”да, ҳавода яккама-якка курашда сезиларли даражада ўсди, тўқнашувлардаги устунликлар сонини тўрт бараварга оширди.
Мослашув омилини ҳам унутмаслик лозим: Ҳусанов келганда, ҳатто, инглиз тилида ҳам гапира олмасди.
Ҳусанов кўпроқ колумбиялик Жоаннер Чавес (тўлиқ исми — Жоаннер Сталин Чавес Кинтеро) билан мулоқот қилади. Бош мураббий ҳалигача улар бир-бирларини қандай тушунаётганига ҳайрон. Абдуқодир поляк Франковски рус тилини озроқ билиши, бу эса уларнинг мулоқотида анча ёрдам беришини айтган.
Албатта, Ҳусанов ҳозирча топ-ҳимоячи эмас, аммо салоҳияти жуда юқори. У ўсиши керак бўлган нуқталар борми?
- Албатта, у тўпни эгаллаш кўникмаларни янада ривожлантириши керак. Паслар, тўп билан ҳаракатланиб ҳужумга кўтарилиш — буларнинг барчаси ҳимоядан кўра кўпроқ ҳужум қилишга мослашган топ-клубларда талаб қилинади.
- Ҳусанов баъзан тўпни майдондан ташқарига чиқариб юборишга иккиланади. Айнан шу камчилик эвазига яккакурашда алданиб, “Ренн”га қарши баҳсда пенальтига сабабчи бўлган.
- Бундан ташқари, у бир оз агрессив ўйнаб, жамоасига панд бериши мумкин. “ПСЖ”га қарши чемпионатдаги баҳснинг 59-дақиқасида қизил карточка олган ҳимоячи жамоасини қийин аҳволга солиб қўйганди.
Шунга қарамай 20 ёшда Ҳусанов яхши футбол намойиш этмоқда.
“Ланс” ҳужумчиси Анжело Фюлжени Абдуқодир истеъдодининг энг катта мухлиси ҳисобланади: “Жамоа билан кечки овқатларда мен доимо унинг келажаги порлоқлигини таъкидлайман. Умид қиламанки, Қодир биз билан имкон қадар узоқроқ муддат қолади, бироқ шубҳасиз, унда жаҳоннинг энг йирик клубларида ўйнаш салоҳияти мавжуд”.
Мавзуга доир: Абдуқодир Ҳусанов ва Криштиану Роналдунинг трансфер баҳоси тенглашди
Хулоса ўрнида, Ҳусанов ўзбек футболида камдан-кам учрайдиган жисмонан кучли футболчилардан бири ҳисобланади. Виталий Денисовдан кейин бундай тўпни эгаллашда ишончли ҳаракат қиладиган, жисмонан кучли ҳимоячини кўргани йўқ эди. Тўғри, Анзур Исмоилов ҳам жисмонан кучли ва иккинчи қаватда жуда яхши ҳаракатларни амалга оширар эди, аммо унинг тезлиги Ҳусановдек эмасди.
“Ланс”да ҳам агрессив ҳимоячилар қадрланади, бундан ташқари, клубда ҳимоя чизиғи ажойиб тузилган. Шунинг учун Абдуқодир якка ҳолда ҳужумларни қайтаришга мажбур бўлмайди.
Ҳусанов ҳозир топ клублар қизиқиши ҳақида камроқ ўйлаб ўзига бўлган ишончни янада ортириши, агрессиядан онгли фойдаланиб, энг яхши ҳимоячи бўлишга ҳаракат қилиши зарур.
Изоҳ (0)