“Ҳудудгазтаъминот” иссиқхона хўжаликларига етказиб бериладиган табиий газга қисман чекловлар киритилаётганини маълум қилди.
12 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятидаги иссиқхонага табиий газ етказиб бериш 50 фоизга қисқаргани ҳақида огоҳлантириш хати тарқалганди. “Ҳудудгазтаъминот” бунга жавобан ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган талаби кескин ошиб, бунинг натижасида айрим ҳудудлардаги қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилаётганини қайд этди.
“Биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа эканлигини инобатга олган ҳолда айрим улгуржи истеъмолчиларга чекловлар киритилмоқда”, дейилади “Ҳудудгазтаъминот” муносабатида.
Билдирилишича, президентининг 2024 йил 26 сентябрдаги қарорига мувофиқ босим тушиши ёки узилишлар бўйича иссиқхона хўжаликларини камида 24 соат олдин “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан мажбурий хабардор қилиш амалиёти жорий қилиниши белгиланган. Газ таъминоти корхоналари томонидан доим мазкур амалиёт бўйича иш юритилиб, чеклов киритилишидан камида 24 соат аввал иссиқхона хўжаликларига огоҳлантириш юборилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 октябрдаги қарорига кўра, аҳолининг газ таъминоти тизимида фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, иссиқхона хўжалигида етарли миқдорда муқобил ёқилғи захирасининг мавжуд бўлиши белгиланган. “Ҳудудгазтаъминот”, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама келишувда ҳам кўрсатиб ўтилган.
Шу муносабат билан уч томонлама шартнома шартларига мувофиқ иссиқхона хўжаликларига етказиб бериладиган табиий газга қисман чекловлар киритилган даврларда иссиқхона хўжаликлари захира ёқилғи турларидан фойдаланишга вақтинчалик ўтиши лозим бўлади.
“Қайд этиш керак, мазкур чекловлар фақат ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетган вақтда қўлланилади. Қувурлардаги газ босимлари барқарорлашганда чекловлар бекор қилинишини маълум қиламиз”, дейилади муносабатда.
Ноябрь охирларида Энергетика вазирлиги иссиқхоналар табиий газ учун тўловларни амалга оширган ҳолда фойдаланишлари мумкинлиги, уларга табиий газ етказиб бериш бўйича ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмаслигини маълум қилганди.
Иссиқхона хўжаликларига ҳосил йилининг дастлабки 3 ойида (октябрь, ноябрь ва декабрь) етказиб бериладиган табиий газ учун олдиндан тўлов 50 фоиз миқдорида, қолган қисми ой якунига қадар, кейинги ойлардан бошлаб эса ҳар ойда 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади.
Президентнинг 26 сентябрдаги қарорига кўра, босим тушиши ёки узилишлар бўйича иссиқхона хўжаликлари камида 24 соат олдин “Ҳудудгазтаъминот” томонидан мажбурий хабардор қилиш амалиёти жорий қилинган.
Энергетика вазирлиги ахборотига кўра, сўнгги кунларда республика ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб келиши натижасида энергия ресурсларига бўлган талаб сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бугунги кунда аҳолининг табиий газ кунлик истеъмоли ўтган ҳафтадагига нисбатан 20 фоизга, электр энергияси истеъмоли эса 15 фоизга ортган.
Изоҳ (0)