Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизимидаги ҳамма раҳбар ҳам самарали ишлай олмаяпти. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда маълум қилинган.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мамлакатда камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг минг нафари натижа кўрсата олмаган. Шундан 184 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар хонадонига бирор марта ҳам бормаган.
“Йиғилишда ҳамма раҳбарлар ҳам эҳтиёжманд аҳолини ишли қилиб, даромадини кўпайтириш, уларга манзилли ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишни тўғри ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ногиронлиги бор шахслар бандлиги даражаси республикада 20 фоизга етгани билан, бу ишлар Жалақудуқ, Чимбой, Пастдарғом, Чортоқ ва Денов туманларида қониқарсиз. Мутасаддиларга ушбу туманларни намунали қилиш, ҳар бир масъулга аниқ вазифа белгилаш топширилди”, дея қайд этган манба.
Шу билан бирга, мажлисда келгуси йил инвестиция дастурига кирадиган 598 та ижтимоий объект лойиҳаси ногиронлиги бор одамларга мослаб ишлаб чиқилмагани танқид қилинган. Мазкур вилоят, туман ҳокимларига хатоларни тўғрилаш топширилган.
Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион доллар паст фоизли кредит ажратиши хабар қилинганди. Мазкур маблағларнинг бир қисми ижтимоий ҳимоя тизимига йўналтирилиши қайд этилган. Хусусан, бунда фуқароларнинг муайян тоифалари учун ишсизлик, касаллик ва оналик нафақалари қамровини кенгайтириш назарда тутилган.
Изоҳ (0)