Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси (UNAMA) мамлакат расмийларини аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш, уларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг мунтазам равишда рад этилишига барҳам бериш учун зудлик билан чора кўришга чақирди.
UNAMA баёноти бутун дунё аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни ва гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик кампаниясининг бошланиши муносабати билан эълон қилинди. Ушбу глобал кампания 25 ноябрь – Аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро кунидан 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунигача давом этади.
“Афғонистонда ҳаётнинг барча жабҳаларида аёлларга нисбатан давомий камситишлар туфайли зўравонлик ҳолатлари юқори даражада давом этмоқда. Мамлакатда гендер тенглиги асоси бузилгани сабабли, зўравонликдан омон қолганлар учун кенг қамровли, сифатли хизматлардан фойдаланиш имконияти кескин камайди. Шу билан бирга, ушбу хизматларга талаб кескин ошди”, дейилади UNAMA баёнотида.
БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Роза Отунбаева таъкидлаганидек, ҳозир афғонистонлик аёллар ва қизлар учун жуда критик давр бўлиб, уларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш учун адолатни тиклаш учун шошилинч чоралар кўриш зарур.
“Ушбу улкан қийинчиликлар олдида афғон аёллари қадр-қиммат ва эркинлик учун курашда қатъият ҳамда жасорат кўрсатмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб аёллар ташкилотлари жабрланганларга муҳим ёрдам кўрсатишда давом этмоқда, жамоалар ва диний етакчилар зарарли ижтимоий меъёрларга қарши чиқишмоқда. Эркаклар тобора кучайиб бораётган чекловлар шароитида ўз оилалари ва жамиятларида аёлларни ҳимоя қилишмоқда”, дейилади ҳужжатда.
БМТ Аёллар бўйича махсус вакили Алисон Давидиан “бугунги кунда афғон аёллари ва қизлари бир неча авлодларга қараганда камроқ ҳуқуқларга эга эканлиги уларнинг кураши долзарблиги ва халқаро ҳамжамият уларнинг барқарорлиги, етакчилиги ва имкониятларини кенгайтиришга сармоя киритиш орқали уларни қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларимизни икки баравар ошириш зарурлигини эслатиб туриши”ни қайд этди.
Давидианнинг қўшимча қилишича, “аёлларга нисбатан зўравонликни дунёнинг исталган жойида, жумладан Афғонистонда ҳам оқлаб бўлмайди”.
Изоҳ (0)