Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Хаби Алонсо Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ярим финалида “Пари Сен-Жермен”дан қабул қилинган йирик мағлубият (0:4) юзасидан фикр билдирди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бу ўйин жамоа учун муҳим сабоқ бўлган:
“ПСЖ” — йиллар давомида шаклланган, кучли ва тажрибали жамоа. Очиғи, биз бу даражадаги ўйинлар учун ҳали тайёр эмас эдик. Бугун ўз ўйинимизни топа олмадик. Айниқса, танаффусга қадар учинчи голни ўтказиб юборганимиз жуда аламли бўлди. “ПСЖ” жуда яхши спорт формада, улар юқори савияда ҳаракат қилишди. Олдин бошқа жамоалар қандай қилиб қийналган бўлса, бу сафар биз ҳам шундай ҳолатга тушиб қолдик.
Лекин бу ўйиндан хулоса чиқарамиз. Ҳали олдимизда катта йўл бор. Ўйинимиздаги кўплаб нарсаларни яхшилашимиз керак. Ўзимизга танқидий қарашни ўрганамиз ва бу мағлубият бизга ўсиш имконини беради, — дея Алонсо сўзларини келтиради Marca.
Шунингдек, бош мураббий турнир давомида бразилиялик вингер Родриго Гоэснинг кам ўйин амалиёти олгани борасида ҳам изоҳ берди:
Родригони майдонга туширмаслик соф тактик қарор эди. Бу унинг келажагига алоқадор эмас. Шунчаки, бошқа футболчилар билан ғалаба қозониш имконимиз юқорироқ деб ҳисобладик, — деди Алонсо.
Маълумот учун, Родриго мусобақа давомида атиги 92 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. У фақат гуруҳ босқичининг биринчи турида “Ал-Ҳилол”га қарши (1:1) баҳсда асосий таркибда ўйнаган. Плей-оффда эса “Боруссия Дортмунд”га (3:2) қарши учрашувда бор-йўғи 4 дақиқа майдонда бўлди. Турнир давомида бразилиялик футболчининг ҳисобида битта голли узатма бор.
Аввалроқ Родригога “Бавария”, “Арсенал”, “Ан-Наср” ва “ПСЖ” клублари томонидан қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Эслатиб ўтамиз, Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати финалида “ПСЖ” ва Лондоннинг “Челси” жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Ҳал қилувчи ўйин 13 июлдан 14 июлга ўтар кечаси бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)