Бразилия терма жамоаси ва “ПСЖ” марказий ҳимоячиси Маркиньос фаолиятини Испанияда давом эттириши мумкин. Todofichajes нашрининг ёзишича, унга Мадриднинг “Реал” клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Хабарга кўра, Антонио Рюдигер ва Давид Алабанинг жароҳатга мойил бўлиши фонида, клубнинг янги бош мураббийи Хаби Алонсо тажрибали, катта ўйинлар босимига бардош бера оладиган ҳимоячи изламоқда. Яқинда трансфер қилинган Дин Хейсен ҳали тажрибасиз экани ҳисобга олинса, Маркиньос “Реал” учун идеал номзод сифатида кўрилмоқда.
Мадрид клуби ҳимоячини 40 миллион евро атрофидаги сумма эвазига сотиб олишни режалаштирмоқда. Гарчи Маркиньос ўтган йили “ПСЖ” билан 2028 йилгача шартнома имзолаган бўлса-да, парижликлар сафидаги ички ўзгаришлар ва футболчининг янги чемпионатда ўзини синаб кўриш истаги трансфер амалга ошиш эҳтимолини кучайтирмоқда.
Маълумотларга кўра, “Реал Мадрид” ёзги трансферлар ойнасида ҳимоя чизиғини ислоҳ қилиш учун 100 миллион евродан ортиқ маблағ ажратган.
Маркиньос 2013 йилдан бери “ПСЖ” сафида тўп сурмоқда. Transfermarkt портали унинг трансфер нархини 35 миллион евро атрофида баҳоламоқда.
У ўтган мавсум Франция чемпионатида 22 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол муаллифи бўлган.
Изоҳ (0)