Мадриднинг “Реал” клуби 21 ёшли ҳужумчи Гонсало Гарсияни сотиш ёки ижарага бериш ниятида эмас. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.

Манбага кўра, Гарсиянинг Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидаги ёрқин ўйинлари кўплаб топ клубларнинг эътиборини тортган. Бироқ “Реал Мадрид” раҳбарияти футболчини сақлаб қолишга қатъий қарор қилган. Аммо клуб бош мураббийи Хаби Алонсо Гарсиянинг ўйинидан ҳайратда қолган ва ҳатто Килиан Мбаппе соғлом бўлган тақдирда ҳам уни асосий таркибда синаб кўришни истамоқда.
Эслатиб ўтамиз, Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати олдидан Мбаппе соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб бир неча учрашувни ўтказиб юборган эди. Унинг ўрнига майдонга тушган Гарсия эса 5 та учрашувда 5 та гол ва 1 та голли узатма билан жамоанинг ғалабаларига катта ҳисса қўшди.
Ёш ҳужумчининг юқори даражадаги ўйини ортидан унга Англия, Италия ва Испаниянинг турли клублари қизиқиш билдирган. El Chiringuito TV хабарига кўра, Гарсияга 10 та клуб расмий таклиф юборган.
Маълумот учун, Transfermarkt портали Гонсало Гарсиянинг бозор қийматини 8 миллион еврога баҳолаган. Унинг “Реал” билан тузган шартномасида 50 миллион евро миқдорида товон пули белгиланган.
Изоҳ (0)