АҚШ ёрдамисиз Киевнинг ўқ-дорилари ёз охиригача етади, шундан сўнг вазият кескинлашиб, инқирозли тус олади. Бу ҳақда Германиянинг Bild газетаси ҳарбий эксперт Карло Масалага таяниб хабар бермоқда.

“Украинанинг ўқ-дори захиралари ёз охиригача етади”, дея таъкидланади нашрда.
Экспертнинг фикрича, Украина учун барча қурол-яроғ етказиб бериш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Унинг сўзларига кўра, Европа бу камчиликни тўлдиришга уринмагунча, ўқ-дориларнинг жиддий танқислиги юзага келиши мумкин.
Bild’нинг қўшимча қилишича, Украина қуролли кучлари (УҚК) учун Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар, шунингдек, GMLRS ракеталарини етказиб беришнинг тўхтатилиши айниқса жиддий масала ҳисобланади. Буларсиз HIMARS реактив тизимлари деярли бефойда бўлиб қолади.
1 июль куни Politico газетаси манбаларга асосланиб, АҚШ ўз захиралари тугагани сабабли Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун зенит ракеталарини, шунингдек, баъзи юқори аниқликдаги ўқ-дорилар ва артиллерия снарядларини етказиб беришни тўхтатганини хабар қилди.
Washington Post газетасининг ёзишича, Украинанинг бир қатор амалдорлари Қўшма Штатларнинг бу қарори уларни кутилмаганда ҳайратга солган.
Изоҳ (0)