Россия Қозон авиация заводида ишлаб чиқариш қувватини кескин ошира бошлади. Мазкур корхона стратегик самолётлар ишлаб чиқарадиган ягона мажмуа ҳисобланади.

Yle нашрининг сунъий йўлдош тасвирларига таяниб хабар беришича, корхона ҳудудида умумийи майдони 19 минг квадрат метрга яқин янги ангарлар қурилмоқда. Улардан энг йиригининг узунлиги 320 метргача етади.
Нашр маълумотига кўра, 2025 йилда Қозон авиация заводи базасига ўн минглаб квадрат метр янги ишлаб чиқариш майдони қўшилган. Бу учун 90 миллиард рубль (деярли 1 миллиард евро) қийматдаги йирик модернизация лойиҳаси амалга оширилган. Жараён 2026 йил охирига қадар якунланиши мумкин. Ишлаб чиқариш қувватини ошириш орқали урушда кўрилган йўқотишлар ўрнини қоплаш ва фуқаро авиациясининг ички эҳтиёжларини қондириш режа қилинган бўлиши мумкин.

Корхона ҳақида
Қозон авиация заводи Россиянинг “Ту-160М” ва “Ту-160М2” стратегик бомбардимончи самолётларини ишлаб чиқара оладиган ягона корхонаси бўлиб, мазкур самолётлар Россия томонидан Украинага ракета ҳужумларини амалга оширишда фаол қўлланилади. Завод шунингдек “Ту-22М3” бомбардимончиларини модернизация қилиш билан шуғулланади.
Бироқ ҳарбий экспертларнинг таъкидлашича, модернизация уринишларига қарамай, корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари секин бормоқда: 2024 йилда завод Россия Аэрокосмик кучларига атиги бир неча модернизацияланган самолёт етказиб берган холос.
Санкциялар сабаб компонентлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Қолаверса, ишчи кучи танқислиги ҳам мавжуд. Фуқаро авиацияси йўналишида ҳам ишлар секин боряпти: буюртма қилинган 23 та “Ту-214” самолётидан атиги биттаси тайёрланган.

Украина хавфсизлик хизмати томонидан рус стратегик авиациясига қарши 1 июнь куни олиб борилган “Ўргимчак тўри” амалиёти Қозон авиация заводини кенгайтириш заруратини оширди. Боиси Россия амалиёт натижасида кўплаб стратегик бомбардимончиларидан айрилди.
Изоҳ (0)