Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг 3-туридан ўрин олган сўнгги икки учрашув бўлиб ўтди. Мусобақанинг Ҳ гуруҳи доирасидаги навбатдаги баҳслар — “Зальцбург” – “Реал Мадрид” ҳамда “Ал-Ҳилол” – “Пачука” жамоалари ўртасида кечди.

Филаделфия шаҳридаги “Линкольн Файненшал Филд” стадионида ўтган сўнгги тур учрашувида “Реал Мадрид” Австриянинг “Зальцбург” жамоасига қарши майдонга тушди. Ўйинда “қаймоқранглилар” 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритиб, 1/8 финал йўлланмасини қўлга киритди.
Учрашувдаги ҳисоб 40-дақиқада Винисиус Жуниор томонидан очилди. Бўлим якунига яқин уругвайлик ярим ҳимоячи Федерико Вальверде “Реал”нинг иккинчи голини урди. 84-дақиқада эса Гонсало Гарсия гол уриб, учрашув тақдирига нуқта қўйди — 3:0.
Мазкур ғалабадан сўнг “Реал Мадрид” 7 очко жамғариб, гуруҳда 1-ўринни эгаллади ва плей-офф босқичига йўл олди. “Зальцбург” эса 4 очко билан 3-ўринда қолиб, мусобақани тарк этди.
Ҳ гуруҳи доирасидаги яна бир баҳс Теннесси штатининг Нешвилл шаҳридаги “ГЕОДИС Парк” стадионида бўлиб ўтди. Унда Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби Мексиканинг “Пачука” жамоасига қарши майдонга тушиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Баҳсдаги ҳисоб 22-дақиқада Салем Ал-Давсари томонидан очган бўлса, иккинчи бўлим охирида Маркос Леонардо иккинчи голни уриб, “Ал-Ҳилол”га муҳим ғалабани тақдим этди.
Ушбу натижадан сўнг риёдликлар 5 очко жамғариб, “Зальцбург”ни ортда қолдирди. Улар гуруҳда 2-ўринни эгаллаб, ўз тарихида илк бор Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичига йўл олди. “Пачука” ҳисобида эса очко мавжуд эмас.
Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати — 3-тур
Ҳ гуруҳи
“Зальцбург” — “Реал Мадрид” 0:3
Голлар: 0:1 — Винисиус (40), 0:2 — Вальверде (45+3), 0:3 — Гарсия (84).
“Ал-Ҳилол” — “Пачука” 2:0
Голлар: 1:0 — Давсари (22), 2:0 — Леонардо (90+5)
Изоҳ (0)