Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати: 2-тур учрашувлари бошланди. 19 июндан 20 июнга ўтар кечаси Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 2-тур доирасида яна учта баҳс бўлиб ўтди.

А гуруҳидаги “Интер Майами” — “Порту” ўйини анча қизиқарли кечди. Гарчи Европа қитъаси вакиллари биринчи бўлиб гол урган бўлса-да, АҚШ клуби икки бор жавоб қайтариб, якунда ғалабани қўлга киритди — 2:1.
Ҳисоб 8-дақиқада “Порту”нинг 21 ёшли футболчиси Саму томонидан очилди. У ҳакам томонидан белгиланган 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, жамоасини олдинга олиб чиқди.
Иккинчи бўлим бошида “Интер Майами” жавоб голларини киритди. Аввалига Теласко Сеговия ҳисобни тенглаштирди, сўнгра Лео Месси жарима зарбасидан фойдаланган ҳолда жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Учрашувдаги мазкур натижа ўйин охиригача ўзгармади. “Интер Майами” 2:1 ҳисобида зафар қучиб, турнирдаги илк ғалабасини қўлга киритди ва ҳисобига 3 очко ёздириб қўйди.
2-турдан сўнг А гуруҳида “Палмейрас” ва “Интер Майами” 4 очкодан жамғариб, пешқадамлик қилмоқда. “Порту” ҳамда “Ал-Аҳли” ҳисобида эса бир очкодан мавжуд.
B гуруҳида ҳам 2-тур беллашувлари якунланди. Илк турда “ПСЖ”дан 0:4 ҳисобида мағлубиятга учраган “Атлетико” иккинчи турда ўз сўзини айта олди. Мадридликлар АҚШнинг “Сиэтл Саундерс” клубига қарши майдонга тушиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ҳисоб 11-дақиқада Пабло Барриос томонидан очилди. 47-дақиқада эса Аксель Витсель “Атлетико”нинг иккинчи голига муаллифлик қилди. Орадан уч дақиқа ўтиб, Алберт Руснак “Сиэтл” фойдасига гол урди. Бироқ 55-дақиқада “Атлетико” яна ҳужумни гол билан якунлаб, ҳисобни 3:1 кўринишига олиб келди.
Ўйинда бошқа голлар киритилмади ва Мадрид клуби ушбу ғалаба эвазига ўз ҳисобига 3 очко қўшиб қўйди.
Гуруҳдаги иккинчи баҳс ҳам ҳаяжонли ўтди. Биринчи турда йирик ҳисобда ғалаба қозонган “ПСЖ” бу сафар кутилмаганда “Ботафого”га имкониятни бой берди — 0:1.

Ягона гол 36-дақиқада Игор Жезус томонидан киритилди. Ўйиннинг қолган дақиқалари ҳам қизғин ўтди, бироқ бошқа голлар киритилмади.
Икки тур якунига кўра, “Ботафого” 6 очко билан кейинги босқич масаласини деярли ҳал қилиб бўлди. “ПСЖ” ва “Атлетико” ҳисобида 3 очкодан мавжуд. “Сиэтл Саундерс” эса ҳозирча очкосиз қолмоқда.
Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати
2-тур
А гуруҳи
“Интер Майами” — “Порту” 2:1
Голлар: 0:1 — Саму (8), 1:1 — Сеговия (47), 2:1 — Месси (54).
“Сиэтл Саундерс” — “Атлетико” 1:3
Голлар: 0:1 — Барриос (11), 0:2 — Витцель (47), 1:2 — Руснак (50), 1:3 — Барриос (55).
“ПСЖ” — “Ботафого” 0:1
Гол: 0:1 — Игор Жезус (36).
Изоҳ (0)