«Реал» Серхио Рамоснинг кетаётганини расман эълон қилди. Мана шундай якунни барча кутган эди, чунки сардор барча шартномаларни рад этди ва ҳаттоки Пересга Месси билан ўйнаш учун «ПСЖ»га кетишга ваъда берди.
Албатта, бу амалга ошиши қийин бўлган нарса, лекин Рамос Мадридни тарк этаётгани ҳақиқат. «Реал» Перес сабабли сардоридан айрилди. Охирги йилларда улар ўртасидаги муносабат жуда қалтис бўлиб қолган эди.
Қишда ҳимоячининг Мадридни тарк этиши ҳақидаги хабарлар чиқди. Ўзи умуман буларнинг барчаси қачон бошланганди?
Перес «Реал» афсоналари билан келишиб яшай олмайди
Флорентино Переснинг оғриқли нуқталаридан бири — доимий ҳокимиятга ташна бўлиб туришидир.
Перес супер юлдузларни харид қилишни хуш кўради. У «Реал»га келиб, бу ерда тўп суриб, ишлари тугагач MLS’га кетадиган футболчиларни тўғри тушунади. Лекин юлдузларнинг «Реал»да узоқ ушланиб қолиши Флорентинога ёқмайди ва иложи борича ундан қутулишга уринади.
Қайғули факт — Перес даврида фақатгина Зидан «Реал»да фаолиятини якунлаган.- Аргентиналик футболчи Фернандо Редондо Перес президентлигининг биринчи трансфер ойнасидаёқ «Реал»ни тарк этганди. Афсона (6 йил «Мадрид» шарафини ҳимоя қилган) президентга керак эмаслигини очиқчасига тан олган. Испан нашрлари эса Перес Фигуни сотиб олиш учун Редондодан воз кечганини ёзганди.
- Фернандо Йэрро Флорентино Переснинг трансфер сиёсатини жиддий танқид қилганди: «Сиз учун футболчилар акциялар билан баробар». 2002/03 йилги мавсум сўнгида 14 йил «Реал»да ўйнаган сардор янги шартнома таклиф қилинмагани учун Мадридни тарк этади.
- Моуриньо режимининг асосий қурбони — Икер Касильяс: футболчи кийим алмаштириш хонасидаги хабарларни ташқарига чиқарганликда айбланган (ҳалигача бу ростми, йўқми ҳеч ким билмайди) ва захира ўриндиғига михлаб қўйилганди. Дарвозабон 2 йил захирада қолиб кетди, бу вақтда Перес бирор марта уни ҳимоя қилмади. Флорентино аллақачон ундан қутулмоқчи эканлиги ҳақидаги миш-мишлар кўпайди. Перес турли даврларда Буффон ва де Хеани сотиб олишни истаган.
- Роналду «Ювентус»га ўтди ва дарҳол Пересни айблади: «Президентнинг мен билан муносабатлари ўзгарганди. У мен билан дастлабки 5 йилдагидек муомала қилмасди. Мен энди алмаштириб бўлмас футболчи эмасдек туюлардим. Шунинг учун кетиш ҳақида ўйладим».
Бу рўйхатга Рауль (у жароҳати сабаб жамоадан кетишга мажбур бўлди) ва Зидан (у 34 ёшида фаолиятини Мадридда тугатган) кирмай қолди. 2002 йилдаёқ Перес билан Раулнинг муносабатлари орасига совуқчилик тушганди. УЕФА Суперкубоги олдидан испаниялик ҳужумчи президент Фернандо Морьентесни сотмоқчи эканлигини (Роналдони сотиб олиш мақсадида) билиб қолди. Морьентес Раулнинг энг яқин дўсти эди. Шунинг учун Рауль ва Йерро Морьентес учун курашди.
Переснинг Модрич билан муаммолари йўқлиги ҳайратланарди. Хорват ҳам супер юлдуз ва 9 йилдан буён «Реал»да. Лекин президент билан муносабатлари яхши ва янги шартномага имзо чекишга тайёр.
Рамос (Роналду билан тенг) — «Реал»нинг сўнгги 10 йилликдаги энг асосий футболчиларидан бири. Мана шу Перес билан муносабатлари ёмонлашишига сабаб бўлди.
Биринчи муаммолар Моуриньо сабаб пайдо бўлди. Рамос Жозенинг истеъфосини атайин уюштирди ва ҳокимият унинг қўлида эканлигини билдириб қўймоқчи бўлди
Авваллари Рамос ва Переснинг муносабатлари яхши эди.
2004 йилда «Реал»нинг янги техник директори Арриго Сакки фахрий легионерлардан воз кечиш пайти келганини айтди. Бу пайтда эса 18 ёшли Рамос, «Севилья»нинг ўнг қанот ҳимоячиси, «Реал» дарвозасига жарима зарбасидан гол урди ва Переснинг эътиборига тушди. Перес Серхиони ўз услубида харид қилди: Рамоснинг шартномада кўрсатилган товон пулини (27 миллион евро) «Севилья»га тўлади ва футболчини харид қилди.
Рамос «Реал»га қаймоқрангли костюмда ташриф буюрди ва дарҳол Переснинг ҳурматига сазовор бўлди: «Серхио ажойиб йигит. Кун келиб у сардор бўлишига ишонаман. «Реал»да испаниялик футболчилар кўпроқ бўлиши лозим». Орадан бир йил ўтиб Флорентино «Реал»дан кетди ва 2009 йилда қайтиб келди. Шундан сўнг дастлабки муаммолар пайдо бўла бошлади.
Рамос Жозе Моуриньо сабаб ўз характерини намойиш қилди. Жозе «Реал»нинг кийим алмаштириш хонасини психологик жанг қилишга тайёр аскарлар армиясига айлантириб юборди: «Реал» ва «Барса» футболчилари ўртасидаги низоларга сабаб бўлди, Касильясни маълумотларни ташқарига чиқарганликда айблади.
2013 йилда «Реал»нинг етакчи футболчилари Перес билан учрашди ва ультиматум қўйди, деб ёзади Marca. Ҳал қилувчи сўзни Рамос айтди: «Флорентино, июнь ойида ё биз қоламиз, ё Моуриньо».
Ёзда Жозе «Реал» билан хайрлашди. Етакчиларнинг ультиматуми сабаб бўлганми, йўқми, аниқ эмас. Чунки ўша мавсумда «Реал» совринларсиз қолганди.
Моуриньо кетиш олди Пересга Касильяс ва Рамосни жамоадан ҳайдаш кераклигини маслаҳат берган, деб ёзади Marca. «Улар жуда катта ҳокимиятга эга. Сиз учун жуда кўп муаммолар туғдиради», — деганди Жозе.
Кейинги бир ярим йилда Перес Жозе ҳақ эканлигини тушуниб етди. Касильясни бир амаллаб тўхтатиб қолди, лекин Рамоснинг таъсир доираси кенгайиб борарди.
Аввалига, у Жозе ўрнига Антонио Конте келишига қаршилик қилди. Бу эса Пересга ёқмади.
2014 йил май ойида Рамос Чемпионлар Лигаси финалида «Атлетико» дарвозасига 93-дақиқада гол урди. «Реал» ўнинчи ЕЧЛ совринини қўлга киритди. Серхио янги шартномани кутарди. Лекин Перес жим туришни маъқул кўрди ва келаси мавсумда Рамос норозилигини билдирди: февраль ойидаги «Атлетико»га қарши ўйиндаги 4:0 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг Карло Анчелоттини ҳимоя қилиб чиқди (Перес уни истеъфога чиқармоқчи эди). Переснинг жамоавий йиғилишига Рамос бормади. Расмий манбаларда Серхио физиотерапевт билан бирга соғлиғи билан боғлиқ муаммоларни ҳал қиляпти, деб ёзилган бўлса-да, Переснинг бундан жаҳли чиққан.
2015 йилда Рамос «Манчестер Юнайтед»га ўтиши мумкин эди. Перес эса медиауруш ташкил қилди ва ҳимоячининг «Барса»га ўтаяпти деган гапни тарқатди
2015 йил май ойида Рамос янги шартнома таклиф қилинмагач, «Манчестер Юнайтед»дан келган таклифни кўриб чиқмоқчи эди. Манкунианликлар ван Гал учун янги жамоа ташкил қилаётганди ва трансферлар учун катта пул ажратган эди. Рамосга йилига 10 миллион евро таклиф қилди (Серхио «Реал»да 6-7 миллион оларди). «Реал» директори Хосе Анхель Санчес Рамос билан қисқа суҳбат ўтказди. Президент эса ҳимоячининг кетиш истаги борлигини эшитди ва унга қўнғироқ қилди.
«Суҳбат жуда асабий тарзда бўлиб ўтди. Перес Серхиони қўйиб юбормаслигини айтди. Ундан ташқари ҳимоячи кетиш қарорини оммавий эълон қилмаслигини сўради. Бу мухлислар билан муносабатни ёмонлаштириши ҳақида огоҳлантирди», — деб айтади The Guardian эксперти Сид Лоу.
Муаммо шунда эдики, айнан 2015 йил ёзида Перес Рамосни йўқотиши керак эмасди. Ўша йили Касильяс жамоани тарк этганди. Оғриқларни босиш учун Серхио янги сардор ва етакчига айланиши зарур эди. Икер билан хайрлашув маросимида ҳам мухлислар «Рамос сотилмайди» деб ҳайқирарди. Рамоснинг сотилиши унга қарши зарба бўлишини Перес тушуниб етди.
Кўпчилик Мадрид нашрлари «Реал»ни қўллаб-қувватлайди деб ҳисоблайди. Лекин баъзи нашрлар ундай эмас. Масалан, Marca оз бўлса ҳам нейтралликни сақлайди. АS эса асосан футболчилар томонида бўлади — Рамос ва Касильяснинг Моуриньо билан низоларида футболчиларнинг тарафини олганди.
2015 йилда Мадриднинг La Razon газетаси Серхиога диққатини қаратди. Бу нашр Пересга жуда яқинлиги ҳақида гап-сўзлар юрарди. Июлда чиққан сонларнинг бирида сотқинлик ҳақидаги мақола бор эди:
«Рамос Чемпионлар Лигаси совринини «Реал»га олиб берган футболчи сифатида тарихда қолади. Лекин одамлар уни бир неча евро эвазига ўзини аукционга қўйган инсон сифатида ҳам эслайди».
«Барселона» президентлигига номзод Хорди Майо Рамосни «сайловолди актив» сифатида ишлатишни таклиф қилишганини айтиб ўтди (яъни Хорди президент бўлса, Рамос «Барселона»га ўтади). Энг қизиғи, Рамос вариантини Майо танимайдиган учинчи шахслар таклиф қилаётганди. AS’нинг ёзишича, бу шунчаки Мадрид жамоаси томонидан Рамосга ўтказилган босим бўлиши мумкин.
Серхио ва унинг вакили бўлган акаси Реми Рамос хотиржамлик билан жавоб берди. «Мен «Реал»нинг қарорини кутяпман. Флорентино Перес менинг позициямни жуда яхши билади», — деди Серхио Sky Sports’га берган интервьюсида.
«Ўйлайманки, Рамоснинг трансферига оид жараёнлар давом этади», — айтган эди июль ойида ван Гал. Бутун ёз зиддият давом этди ва бу август ойида Рамоснинг «Реал» билан шартномага имзо чекиши билан якун топди. Ҳимоячи йилига 12 миллион евро оладиган бўлди.
Перес Рамосни олиб қолди, лекин муносабатларга совуқчилик тушди. Шартнома имзолаш маросимида Серхио қуйидаги гапларни айтганди.
«Янги шартномани узоқ вақт кутишимга тўғри келди, лекин мен қалбан «Реал» билан эдим. Мен фаолиятимни шу ерда тугатмоқчиман, албатта, президент қарши бўлмаса», — деган эди.
2019 йилда янги низо келиб чиқди: Рамос ва Перес Чемпионлар Лигасидаги мағлубиятдан сўнг кийим алмаштириш хонасида жанжаллашиб кетди
2018 йилда Роналдунинг кетиши Перес ва Рамос ўртасидаги муносабатни янада совуқлаштирди. Перес афсоналар билан яхши муносабатда бўлмаслигига Рамос яна бир бор амин бўлди. 2018/19 йилги мавсум давомида муносабатлар зиддияти давом этди.
Рамос 2018 йилги мундиалдан кейин ўзи учун узоқ муддатли таътил эълон қилди. Лопетеги рухсат берди, лекин Пересга бу нарса ёқмади.
Серхиони таътилда кўнгилсиз янгилик кутиб турарди. Перес ёлғон гапирганди: Роналдунинг ўрнига янги суперюлдуз харид қилинмади. Жамоа янги мавсумни Бензема, Бэйл ва Асенсио учлиги билан бошлашини маълум қилди. Серхио ўзини алданган ҳис қилди.
2019 йил март ойи охирида сардор ва президент ўртасидаги зиддият жуда катта эканлиги ойдинлашди. Чемпионлар Лигаси нимчорак финалида «Реал» Амстердамда «Аякс»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. 89-дақиқада Рамос сариқ карточка олди (ушбу мусобақада 3-сариқ) ва Мадридда бўладиган жавоб ўйинида иштирок этмайдиган бўлди.
Испанияда бўлиб ўтган жавоб учрашувида амстердамликлар «Реал»ни 1:4 ҳисобида тор-мор қилди. Перес футболчиларни масъулиятсизликда айблади. Рамос эса Переснинг трансфер сиёсатини танқид қилди. Роналдунинг ўрнига футболчи сотиб олинмаганини ҳам айтиб ўтди. Перес бунга жавобан: «Сен бўшатилдинг», — деб айтди. Рамос ҳам жим ўтирмади: «Маошимни беринг, мен кетаман. Бу жамоа учун боримни бердим. Бу рангни ҳимоя қилдим, клубни ҳам, ҳатто, сизни ҳам».
Вазият жиддийлашиб борарди. Marca’нинг хабарига кўра, Рамос президент билан гаплашмай қўйган. У «Реал»дан кетишни истарди, қўлида Хитой жамоасидан келган яхши маошли таклиф ҳам бор эди. Аммо хитойликлар футболчининг товон пулини тўлашни истамади, Перес эса Рамосни текинга қўйиб юбормади. Испания радиостанцияси Cadena SER президент билан сардорнинг диалогини эълон қилди.
«Текинга кетиш? Сен кетсанг, мен янги ҳимоячи олишим керак. Бу арзонга тушмайди», — айтди Перес. «Сиз Роналду кетганида ҳам шунақа деган эдингиз. Унинг ўрнига ҳеч ким олиб келинмади», — жавоб берди Рамос.
Июнь ойида иккала томон тасодифан келишиб олди. Перес сардор ҳақида илиқ фикрлар билдирди:
«Ҳозир энг катта шартнома Рамосда. У — сардор, энг яхши футболчи ва бунга лойиқ. Рамосни худди ўғлимдек яхши кўраман».
Орадан бир ярим йил ўтиб, бу меҳр сохта экани билинди.
Серхио Рамос «Реал Мадрид»да 16 мавсум иштирок этиб, 641 ўйинда майдонга тушган. Унда ҳимоячи 101 та гол ва 40 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган.
Серхио «Қироллик клуби» билан бирга 5 та Ла Лига, 4 та Чемпионлар Лигаси, 2 та Испания Кубоги, 4 та Клублар ўртасидаги ЖЧ, 4 та Испания Суперкубоги ва 3 та УЕФА Суперкубоги (умумий ҳисобда 22 та соврин) соҳибига айланган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)