Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг 1-тур учрашувлари якунланди. 18 июндан 19 июнга ўтар кечаси сўнгги учта баҳс бўлиб ўтди.

Ҳ гуруҳидаги асосий фаворитлардан бири ҳисобланган “Реал Мадрид” “Ал-Ҳилол”га қарши майдонга тушди. Қизиқарли ўтган баҳсда томонлар 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.
Ўйиндаги ҳисоб 34-дақиқада Гонсало Гарсия томонидан очилди. У чап қанотдан узатилган тўпни ажойиб тарзда Яссин Буну дарвозасига йўллади. Биринчи бўлим охирида риёдликлар ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Рубен Невес ҳакам томонидан белгиланган 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, таблодаги натижани 1:1 кўринишига келтирди.

Иккинчи тайм ҳам анча қизғин ўтди. Ҳар икки жамоа ҳужумкор ўйин намойиш этди. Учрашув якунига яқин “Реал” ғалабани илиб кетиши мумкин эди, бироқ “Ал-Ҳилол”нинг марокашлик дарвозабони ажойиб сейв амалга ошириб, жамоасига 1 очко тақдим этди.
Ҳ гуруҳидаги иккинчи баҳс Австриянинг “Зальцбург” ҳамда Мексиканинг “Пачука” жамоалари ўртасида кечди. Беллашув 2:1 ҳисобида Европа вакиллари фойдасига ҳал бўлди.

Ўйиндаги ҳисоб биринчи тайм охирида, аниқроғи 42-дақиқада “Зальцбург” футболчиси Оскар Глух томонидан очилди. Иккинчи бўлимнинг 56-дақиқасида мексикаликлар ҳисобни тенглаштирди. Гол муаллифи — Брайан Гонсалес. 76-дақиқада Карим Онисиво Австрия жамоасини ҳисобда яна олдинга олиб чиқди — 2:1. Мазкур натижа ўйин охирига қадар ўзгармади ва “Зальцбург” илк турда ғалаба қозониб, ҳисобига 3 очко ёзиб қўйди.
1-турдан сўнг Ҳ гуруҳидаги ҳолат қуйидагича: “Зальцбург” 3 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб турибди. 1 очкодан қўлга киритган “Реал” ва “Ал-Ҳилол” мос равишда иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллаган. “Пачука” эса очкосиз ҳолда сўнгги ўринда бормоқда.
Г гуруҳидаги “Ал-Айн” ҳамда “Ювентус” ўртасидаги баҳс голларга бой тарзда кечди. Учрашувда туринликлар 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ҳисобига 3 очко қўшиб олди.

Учрашувда тезкор гол киритилди — 11-дақиқада Коло Муани рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. 21-дақиқада Франциско Консейсау Турин клубининг иккинчи голини киритган бўлса, 31-дақиқада Кенан Йилдиз ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. Биринчи бўлим охирида Коло Муани “Ювентус”нинг тўртинчи голига муаллифлик қилди.
Иккинчи бўлим бошида Франциско Консейсау ўзининг иккинчи, жамоасининг эса бешинчи голини “Ал-Айн” дарвозасига киритди — 5:0. Ушбу натижа ўйин охиригача сақланиб қолди ва “Ювентус” илк турда йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
1-турдан сўнг Г гуруҳида “Ювентус” тўплар фарқи эвазига пешқадамлик қилмоқда. Яна бир 3 очкога эга “Манчестер Сити” эса иккинчи ўринни эгаллаб турибди. “Видад” ва “Ал-Айн” эса мос равишда сўнгги икки ўринда қайд этилган.
Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати
1-тур
Ҳ гуруҳи
“Реал” — “Ал-Ҳилол” 1:1
Голлар: 1:0 — Гарсия (34), 1:1 — Невеш (41, пенальти).
“Пачука” — “Зальцбург” 1:2
Голлар: 0:1 — Оскар (42), 1:1 — Гонсалес (56), 1:2 — Онисиво (76).
Г гуруҳи
“Ал-Айн” — “Ювентус” 0:5
Голлар: 0:1 — Коло-Муани (11), 0:2 — Консейсау (21), 0:3 — Йилдиз (31), 0:4 — Коло-Муани (45+4), 0:5 — Консейсау (58).
Изоҳ (0)