Тошкент халқаро аэропортида учиб кетиш терминалида (рўйхатдан ўтиш зали) жойлашган “Қўноқ” бренди остида капсула меҳмонхонаси очилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.

Маълум қилинишича, энди йўловчилар ўз парвозларига рўйхатдан ўтишдан олдин стерил бўлмаган ҳудудда бемалол дам олишлари мумкин. Мини-меҳмонхонада олтита замонавий капсула мавжуд — тўртта стандарт бир кишилик капсула ва иккита оилавий (икки кишилик) капсула.
Ҳар бир капсула индивидуал ёпиқ жой бўлиб, ортопедик матрас, чойшаблар тўплами, қулай ортопедик матрасли кроват, индивидуал шамоллатиш ва ёритиш тизимлари, “розетка”лар ва зарядлаш мосламалари учун USB портлар билан жиҳозланган. Меҳмонларга қулайлик яратиш учун шахсий сейф, ойна, кийим илгич ва соатли экран мавжуд. Капсула оптимал микроиқлимни сақлаб туради.

Бир кишилик стандарт капсула тарифлари:
- 4 соатгача — 400 000 сўм
- 6 соатгача — 600 000 сўм
- 8 соатгача — 800 000 сўм.
Икки кишилик стандарт капсула тарифлари:
- 4 соатгача — 600 000 сўм
- 6 соатгача — 800 000 сўм
- 10 соатгача — 1 млн сўм.

Маълумот учун, Тошкент аэропорти жўнаш терминалининг стерил ҳудудида ҳам икки йилдан буён “Қўноқ” бренди остида меҳмонхона фаолият кўрсатиб келмоқда.
Тошкент халқаро аэропорти реконструкцияси
Тошкент халқаро аэропортида кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари 2023 йил декабрда бошланган эди. Айни пайтда Тошкент халқаро аэропорти терминалининг ўтказиш қобилияти йилига 7 миллион йўловчини ташкил этади. Пойтахт аэропортида 6,8 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш режалаштирилган.
Реконструкциянинг иккинчи босқичини 2025 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Унинг давомида қўшимча юк ташиш камарини ўрнатиш, кафелар, дўконлар ва бошқа хизматлар жойлашган кутиб олувчилар ҳудудини кенгайтириш назарда тутилган.
Якуний босқич — келиш ва жўнаш залларини ягона терминал мажмуасига бирлаштириш. Ишлар якунлангач, терминалнинг умумий майдони 10 000 квадрат метрдан ошади, ўтказиш қобилияти эса соатига 2400 йўловчига етказилади.
Март ойида Андижон халқаро аэропортида аэродром реконструкциясининг биринчи босқичи якунланиб, мунтазам йўловчи қатновларини қабул қила бошлаганди. Май ойи охирларида Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё аэропорти 30 йиллик узилишдан сўнг фаолиятини тиклади.
Изоҳ (0)