Тошкентдан Москвага парвозни амалга ошираётган СУ1871 рейси 28 май куни дронларнинг ҳужуми туфайли Қозонга қўнди. Йўловчилар 4 соат давомида уларни самолётдан чиқаришмаганини айтмоқда. Бу ҳақда йўловчилар мурожаатига таяниб, “Осторожно Новости” Telegram канали хабар берди.
Маълумотларга кўра, Москвадаги аэропортлар ёпилгани сабабли тунги соат 03:00 да Тошкентдан ҳавога кўтарилган самолёт Қозонга йўналтирилган. Соат 04:55 дан бери йўловчилар самолётда қолмоқда, уларга на Москвага парвоз ҳақида маълумот берилган, на самолётдан чиқишга рухсат этилган.
Газаклар берилмади, парвоз ҳақида маълумот беришмаяпти! Ваҳоланки, ҳаво ҳудуди аллақачон очилган. Икки соат олдин бизни Қозонда самолётдан туширишмоқчи экани ҳақида маълумот бор эди, кейин яна (“Аэрофлот”) компаниянинг қарорини кутаётганимизни айтишди, дейди йўловчилар.
Шундан сўнг йўловчиларга яқин 12 соат ичида парвоз режалаштирилмагани, “экипажнинг иш сменаси тугагани ва Қозон аэропорти самолётларни қабул қилмаётгани” ҳақида хабар берилган. “Аэрофлот” авиакомпанияси ходимларига кўра, аэропорт ҳаддан ортиқ юкланган ва қўнишга рухсат бермаяпти.
Москва аэропортлари дронлар ҳужуми сабабли самолётларни қабул қилмаяпти.
28 май куни тун бўйи ва эрталабгача давом этган дронлар ҳужуми сабабли Москва аэропортларида юзлаб рейслар кечиктирилган. Внуковода ярим тундан бошлаб 64 та учиш ва 74 та қўниш рейси кечиккан.
Внуковога йўл олган самолётларнинг бир қисми кейинчалик иш фаолиятини чеклаган Шереметевога, айримлари эса Санкт Петербургнинг Пулково аэропортига йўналтирилган. Сўнгги аэропорт захира майдон сифатида бир кечада 14 та рейсни қабул қилган.
Домодедовода 30 га яқин учиш, шунингдек, 39 та қўниш рейси, Шереметевода 60 дан ортиқ учиш ва 23 та қўниш рейси, Жуковскийда иккита учиш ва олтита қўниш рейси кечиктирилган ёки бекор қилинган. “Росавиация” хабар беришича, пойтахт аэропортларидаги чекловлар Тошкент вақти билан соат 9:15 да бекор қилинган.
Изоҳ (0)