Россия Shahed-136 зарба берувчи дронлари учун тўлов сифатида Эрон компаниясига умумий қиймати тахминан 104 миллион доллар бўлган камида 1,8 тонна олтин қуймалари берди. Бу ҳақда томонлар ўртасидаги шартномага кириш ҳуқуқига эга бўлган C4АDС тадқиқот гуруҳига таяниб “Агентство” хабар берди.

2023 йил 16 март санасига оид қўлда тўлдирилган формада 1 788 402,2 грамм олтин етказиб берилгани ва унинг нархи ҳар грамм учун 58,32 доллар этиб белгилангани айтилган. Мазкур ҳужжат Эроннинг Sahara Thunder корхонаси ва Татаристондаги дронлар йиғиладиган “Алабуга” махсус иқтисодий зонаси ўртасида имзоланган.
Бундан ташқари, 2023 йил 5 апрель санасидаги бошқа бир шартномада яна бир партия — 2 067 795,9 грамм (икки тоннадан ортиқ) олтин ҳақида сўз боради. Бу ҳам Эрон томонига мўлжалланган. Бироқ етказиб бериш тафсилотлари ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, олтиндан фойдаланиш АҚШ санкциялари туфайли чекланган доллар операцияларини четлаб ўтишга имкон берган. Қимматбаҳо металлар билан ҳисоб-китоблар битим иштирокчиларининг юқори анонимлигини ҳам таъминлайди.
“Алабуга” етказиб бериш ҳақини фақат олтин билан тўламаган. Ҳисоботда Россия томони Бирлашган Араб Амирликлари дирҳамидаги маблағларни Дубай банкидаги ҳисоб рақамига ўтказгани ҳақида сўз боради. Бу операциялар БААдаги эркин иқтисодий зоналар орқали амалга оширилган, улар солиқ имтиёзлари ва капиталнинг соддалаштирилган ҳаракатини таъминлайди.
Шунингдек, санкциялар остидаги тузилмалар, жумладан, Эрон тузилмалари криптовалюталарда ҳисоб-китобни амалга оширган бўлиши мумкин. Тадқиқотчилар фикрича, бунга АҚШ санкциялари остида бўлган яна бир Эрон компанияси — SАS ходимларининг сирли ёзишмалари ишора қилмоқда. 2023 йил март ойида Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Теҳронга ташрифига оид хатлардан бирида SAS вакиллари аэропорт хизматлари учун Tether криптовалютаси билан тўлашни таклиф қилган.
Sahara Thunder 2024 йил апрель ойида АҚШ санкциялари остида қолган. Бунга унинг Эрон Мудофаа вазирлиги билан алоқалари ва Россияга дронлар етказиб беришда кўмаклашгани сабаб бўлган. АҚШ компанияни Эрон ҳарбий тузилмаларининг ниқоби сифатида фаолият юритишда ҳамда Россия, Хитой ва Венесуэла билан экспорт операцияларида иштирок этганликда айблади.
Эрон реестрларига кўра, санкциялар киритилгандан сўнг Sahara Thunderʼни йўқ қилиш жараёни бошланган. Бироқ The Washington Post таъкидлаганидек, унинг ўрнига тез орада янги юридик тузилма ташкил этилиши эҳтимоли юқори.
Изоҳ (0)