Тошкентда чўкаётган қизларни қутқариб, ҳалок бўлган Абдуманноп Самиқов “Жасорат” медали билан мукофотлангани ҳақида хабар берилганди. Пойтахт ҳокимлиги мукофотни топшириш маросимида марҳумнинг турмуш ўртоғига 50 млн сўм берилганини маълум қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида бугун, 3 июнь куни мукофотларни топшириш маросими ўтказилди. Маросимда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков, фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжар Зупаров, депутатлар, ОАВ вакиллари, мукофот соҳибларининг яқинлари иштирок этди.
Тадбир доирасида марҳум Абдуманноп Самиқовнинг турмуш ўртоғига 50 млн сўм, Н.Мамасолиевга эса 25 млн миқдорида моддий ёрдам топширилди.
Воқеа ҳақида
Воқеа 5 май куни кечқурун содир бўлган. “Газета.уз”нинг ёзишича, Яккасарой туманидаги “Ракат” маҳалласида яшовчи етти-саккиз ёшлардаги уч қизалоқ қирғоққа тушган. Қизлардан бири сирпаниб, сувга тушиб кетган. Оқим қизчани канал марказига оқизиб кетган. Дугонасига ёрдам бермоқчи бўлган бошқа қиз ҳам сувга сакраган. Оқим уни канал қирғоғи бўйлаб пастга оқизиб кетган. Шундан сўнг болалар ёрдамга чақирган.
Қизлардан бирини яқин атрофда яшовчи аёл хода ёрдамида қутқариб олган. Қуйи оқимдаги иккинчи қизчани 43 ёшли эркак А.С. сувга тушиб, қутқарган, бироқ ўзи ҳалок бўлган. Унинг жасади чўкиб кетган жойидан 4 километр узоқликдан топилган.
Бахтсиз ҳодисага сайр зонаси барпо этилаётган жойда хавфсизлик талабларига риоя этиб сувга тушиладиган йўллар ёпилмагани, канал бўйлари бетонлаштирилгани сабаб таяниб чиқиш имкони бўлмагани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Изоҳ (0)