Қадимги Греция давридан буён атом бўлинмайдиган энг кичик зарра ҳисобланган. Ушбу тасаввур атом фалсафий жиҳатдан илмий тадқиқот предметига айланган вақтида ҳам сақланиб қолган. ХIX аср охирида олимларнинг ҳеч бири рентген нурларининг кашф этилиши ортидан дунё илм-фани қанчалик ўзгариб кетишини башорат қила олмасди. Ёш тадқиқотчи Мария Кюри улар ёрдамида бир олам жумбоқларга ечим топади.
Мария Склодовская ўша вақтда Россия империяси таркибига кирган Польша ҳудудида дунёга келади. Бўлажак турмуш ўртоғи Пьер Кюри билан Париждаги учрашув унинг олдидаги қатор имкониятлар эшигини очиб берган. Тез орада у янги кимёвий элементлар — полоний ва радийни кашф этиб, илмий муҳитга “радиоактивлик” атамасини фойдаланишга киритган. Унинг ишлари нафақат материал дунё борасидаги, балки аёллар фақатгина уй хўжалиги ва болалар тарбияси билан шуғулланиши керак деган тасаввурларни ўзгартириб юборган.
Радиоактив шахсият
XVIII аср охирларида Польша ҳудуди уч давлат — Австрия, Пруссия ва Россия ўртасида бўлиб олинганди. Йўқолиб кетган давлатнинг собиқ пойтахти Варшава Россия назорати остида қолган. Гимназияда математика ва физикадан дарс берган Владислав Склодовский айнан шу ерда яшаган, 1860 йилда у қизлар панционида ўқитувчилик қилган Бронислав Богускаяга уйланган. Тез орада аёл ушбу муассаса раҳбарига айланган ва турмуш ўртоғи билан мактаб биноси яқинидаги педагоглар уйига кўчиб ўтган. Кейинроқ эса уларнинг ёнига хаста укаси кўчиб келган.
Склодовскийлар оиласи ватанпарвар кайфиятда шаклланган, бироқ 1863 йилда бошланган поляклар исёнида бевосита иштирок этмаган. Исёнчиларнинг мағлубиятга учраши режимнинг янада кескинлашувига олиб келган. 1866 йилда мактабларда поляк тилида дарс бериш тақиқланган: Польшада расмий давлат тили сифатида рус тили эълон қилинган.
Мария Склодовская 1867 йил 7 ноябрда дунёга келган. Онаси уй юмушларига базўр улгурган: беш нафар болани тарбиялашдан ташқари у ўзига яраша оғир бўлган пансион директори вазифасини уддалаши керак эди. Турмуш ўртоғи қўшни гимназиянинг кичик инспекторига айланиб, тартиб-таомилга кўра янги квартирага кўчириб ўтишларига тўғри келганида аёл лавозимдан кетган.
Фарзандлари — София, Елена, Бронислава, Мария ва Юзеф тез улғая бошлаган. Мариядан уч ёш катта бўлган Бронислава кичик синглисига қараб ўтиришни яхши кўрган. Бронислава ўқиш ва ёзишни ўрганишни бошлаган вақтда Мария ҳам у билан бирга дарс қила бошлаган. Мария опаси қай тарзда таълим олаётганини диққат билан кузатгани ҳисобига ундан ўзиб кетган.
Қизнинг ота-онаси Мария болалар каби ўйин-кулгига берилмай фақат ўз интеллектини ривожлантириш билан шуғулланаётганидан ташвишга тушиб, уни чалғитишга уринишган. Бироқ Мария тенгқурлари билан ўйнаш ва сайр қилиш ўрнига отасининг хонасига кириб олиб, у ерда физикага оид турли асбоб-ускуналарни ҳайрат билан кузатишни яхши кўрган.
Склодовскийлар оиласи у вақтда жуда бахтли яшаган. Аммо она давосиз дея ҳисобланган силга чалинади.
Бронислава Склодовскаяда ўзи билан тўнғич қизи Софияни олиб, Ниццага даволанишга йўл олади. Ўшанда Владислав ўзининг русларга қарши чиқишлари билан раҳбарият ғазабига учрайди ва лавозимидан айрилади. Оддий ўқитувчига айланган Склодовский доимгидан икки баробар кам мояна ола бошлаган ва текин уй-жойда яшаш ҳуқуқидан маҳрум бўлган. У ўзларининг янги, жуда тор бўлган квартирасига 10 нафар ўқувчини ҳам жойлаштиришга мажбур бўларди.
1875 йил охирида улардан бири терлама билан касалланади. Кўп ўтмай Бронислава ва София ҳам ушбу касалликка чалинган. Бир ҳафтадан кейин, 1876 йил январда оиланинг тўнғич қизи оламдан ўтади.
Шундан кейин вазият янада ёмонлашади. 1876 йилда Владислав Склодовский қайнағасининг таклифи билан барча жамғармасини (30 минг рубль) фойдали кўринган корхонага тикиб, бор-будидан айрилган. 1878 йил 9 май куни 10 ёшли Мария учун даҳшатли воқеа содир бўлади — онаси вафот этади.
Польша мактабида рус тили
Мария мактабда аъло баҳога ўқиган. 10 ёш бўлсада у 12 ёшли опаси Елена билан бир синфда таълим олган. Унинг мураббийси яширин равишда у вақтда тақиқланган миллий поляк маданияти ва тарихи бўйича дарс ўтган. Унинг синфида барча поляк тилида гаплашган.
Мактаб инспекторлари бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун мунтазам равишда текширувлар ўтказиб турган. Уларнинг мактабга келаётгани ҳақида швейцарлар огоҳлантириб турган ва ўқувчилар ўз парталари остида дарсликларини яширган ҳамда ўзларини шубҳа уйғотмайдиган оддий машғулот билан шуғулланаётгандек тутган — масалан, тикувчилик билан. Мария инспекторлардан ҳаммадан кўра кўпроқ қўрққан. Гап шундаки, улар доим ўқувчиларнинг рус тилини билиш даражасини текширган ва ўқитувчи кўпинча энг яхши тарбияланувчиси бўлган Марияни саволга тутишга уринган.
Ва ўз навбатида қиз ҳам ҳеч қачон панд бермаган. Мария инспекторларнинг Россия тарихи борасидаги саволларига бенуқсон русча талаффузи орқали жавоб қайтарган. Бу шу қадар ёқимсиз ва чарчатадиган ҳолат бўлса-да, қизалоқ вазифани уддалаган. Энг қийини Польша ҳукмдорлари, яъни рус подшоҳлари ҳақидаги саволларга жавоб қайтариш бўлган. Уларнинг унвонларини, император оиласи аъзоларини аниқ санаб бериш талаб этиларди. Бир сафар инспектор синф хонасини тарк этиши билан қиз кўз ёшларини тўка бошлаган.
Шунга қарамай, Мария ўқишни яхши кўрган. Онаси ва синглисидан айрилгач, билим олиш унинг учун энг улкан бахт ва юпанчга айланган. Қиз зимдан Россияни ёмон кўришни бошлаган ва 1881 йил баҳорда шоҳ Александр I ўлдирилганида жуда хурсанд бўлади. Икки йилдан кейин, 1883 йил июнда 15 ёшли Мария гимназияни аълога тамомлайди. У битирув маросимида ўз синфи номидан нутқ сўзлаш бахтига муяссар бўлган Склодовскийлар оиласининг учинчи фарзанди эди.
Мариянинг отаси қизи гимназияни синфдаги энг яхши ўқувчи сифатида тамомлаганидан жуда ғурурланган. Бунга мукофот сифатида у бир йил вақтини шаҳардан ташқаридаги қариндошларининг уйида ўтказишга рухсат берган. Мария у ерда ўрмонларни айланган, кўлда чўмилган ва тинч қишлоқ ҳаётидан баҳраманд бўлган. Вақтда жуда тез ўтган ва дам олиб, куч-қувватга тўлган Мария Варшавага қайтади.
Бу вақтда укаси Юсеф Варшава университетида тиббиёт бўйича таълим оларди. Онасининг ўлимидан кейин уй юмушларини зиммасига олган Бронислава эса укаси каби шифокор бўлиш орзусида эди. Мария ҳам таълимни давом эттириш ниятида бўлган, бироқ Польшада бу даврда аёлларнинг олий таълим олиши тақиқланарди. Поляк қизи ўқишни давом эттиришни истаса, хорижга кетишга мажбур эди. Аммо бу вариант ҳам Склодовскияларга мос келмасди, чунки оила яшаш учун зўрға пул топарди.
Мария хусусий квартираларда ноқонуний равишда ташкиллаштирилган дарсларга қатнай бошлайди: у ерда Варшава университети профессорлари маърузалар ўқиган. Бундан ташқари, қиз дарс бериш ортидан пул ишлай бошлаган. Тез орада Мария опаси Брониславага қизиқарли таклифни билдиради: Мария тарбиячи бўлиб ишга жойлашишини ва опасининг Париждаги ўқиши учун пул жўнатиб туришини айтади. Ўз навбатида Бронислава ҳам шифокор бўлиб қайтгач, Мариянинг ўқишига ёрдам беради. Опа-сингил ўзаро келишиб олади ва 1886 йил январда Бронислава Парижга йўл олади.
Қишлоқда тарбиячилик йиллари
Аввалига Мария Варшавада бадавлат адвокат оиласида ишлай бошлаган, бироқ уй эгаси билан уришиб қолиб, у ердан кетишга мажбур бўлади. Шунда қиз бошқа таклифни қабул қилади — тарбиячи сифатида қишлоққа йўл олиш. 1886 йилнинг 1 январь куни 18 ёшли Мария ички қўрқувини енгиб ўтиб, ўзи учун нотаниш бўлган масканга отланади. Унинг бахтида барча қўрқувлари асоссиз бўлиб чиқади. Журавскийлар оиласи янги тарбиячини илиқ қабул қилади. Мария тўрт йил давомида ҳар куни ўз хўжайинларининг кичик қизи билан дарс қилган. У оиланинг тўнғич қизи билан ҳам дўстлашиб кетган ва улар биргаликда атрофига маҳаллий болаларни тўплаб, уларга полякча ўқиш ва ёзишни ўртага бошлайди.
У даврда тарбиячи болаларга нафақат дарс берар, балки деярли оила аъзоларига айланиб кетарди. Мария ўқишдан ташқари бутун вақтини болаларга бағишлаган — улар билан сайр қилган, карта, шашка ва шахмат ўйнаган. Қизнинг мустақил ўқиб-ўрганиши учун вақти жуда кам эди, шундай бўлса-да, бўш бир дақиқа вақт топилиши билан у китоб ичига шўнғиган. Билимини чархлаш мақсадида қиз математик масалаларни ечган. Айнан ўшанда Мария бутун умрини илм-фанга бағишлашга қарор қилади.
Бир йилдан кейин, Рождество арафасида оиланинг Варшава университетида математика бўйича таҳсил олаётган тўнғич ўғли қайтиб келади. У сингиллари билан дарс қилаётган ёш Марияга ошиқ бўлиб қолади. Ўз навбатида Мария ҳам Казимеж билан интеллектуал суҳбатлар қуришни яхши кўрган — қишлоқ ҳаёти учун бу кам учрайдиган ҳодиса эди. Тез орада икки ёш бир-бирини яхши кўриб қолади.
Сорбоннада таълим
Казимеж тарбиячи қиз билан никоҳ қура олмаслигини айтмагунга қадар Мария уларнинг оиласи билан яхши муносабатда бўлиб келган. Йигит оиласи учун Мария келиб чиқиши қашшоқ, ўғли учун рафиқа бўлишга нолойиқ қиз эди. Уй аъзоларининг кескин қаршилигига учраганидан кейин Казимеж Марияга уйланиш ҳақида гапиришни тўхтатган.
Бу қиз учун оғир зарба эди. Мария Журавскийлар оиласидаги ишини ташлаб кетмаган, бироқ олдингидек уй эгалари билан очиқкўнгил муносабатда бўлиш имконсизга айланди. Секин-аста Мариянинг кун келиб Парижда таълим олиш истаги сўниб борган. Казимежнинг ўз севгисини жиддий ҳимоя қилишга уринмагани қизни баттар тушкунликка солиб қўйган.
1888 йил апрелда Мария отаси янги, кўпроқ маош тўланадиган ишга жойлашганидан ва эндиликда унинг ўзи Брониславанинг ўқишига пул юбора олишидан хабар топади. Бир йилдан кейин Марияга унинг хизматларига эндиликда эҳтиёж йўқлигини маълум қилишади. Варшавага қайтиб келган қиз, бир неча оилага шахсий дарс бериш билан шуғулланади. Бўш вақтида мустақил ўқишни давом эттирган ва илмий тажрибалар ўтказиш учун оддий ускуналар ҳам сотиб олган.
Бу вақтга келиб Бронислава ўзидан 10 ёш катта бўлган шифокор Казимеж Длускийга турмушга чиқади. У синглисига Парижда ўтказиладиган тўйга келиш таклифномасини юборган. Қанчалик ноодатий бўлмасин, Марияга ушбу янгилик хуш келмайди. У биринчидан Варшавада оиласи билан яшашга ўрганган эди ва у ерни тарк этиш ниятида бўлмаган. Мариянинг Парижга сафарини тўхтатиб турган яна бир сабаб бор эди: қиз бир йилдан кейин яна Казимеж Журавский билан учрашиб, барчасига ойдинлик киритишни режа қилган. Бироқ учрашув вақтида йигит ўзини мужмал тутган ва шундан кейин Мария танловини амалга оширган.
1891 йил кузда Брониславанинг таклифидан фойдаланган қиз Варшавани тарк этади. Озод ва қувноқ Париж совуқ ҳамда тунд Варшавадан кескин фарқ қиларди. Мария аввалига айтилган арзимас гапи учун ҳибсга олишлар рўй бермайдиган шаҳарда ўзини ғалати ҳис қилган. Бу ерда у ўзини французларга хос одатга кўра Мари деб атай бошлаган. Қиз Париж университети дарсларига қатнаб, ўзига бўлган ишончини бироз йўқотиб қўяди: дарслар француз тилида ўтилар, Мария эса бу тилни яхши билмасди. Бундан ташқари, у 24 ёшга тўлган бўлиб, курсдошларининг аксариятидан ёши катта эди. Ўзлаштириши паст бўлган талабалар қаторига тушиб қолмаслик учун қиз бутун вақтини, охирги дақиқасигача ўқишга сарфлайди.
Мария яшаган опасининг уйи сершовқин бўлиб, кўп одам истиқомат қиларди. Брониславанинг эри Длуский ўзининг ҳукуматга қарши фаолиятлари сабаб ватанига қайта олмасди. Уйига эса тез-тез Парижда яшайдиган поляклар ташриф буюриб турар, улар орасида Польша мустақилликка эришгач мамлакат бош вазири лавозимига кўтарилган мусиқачи Игнатий Падеревский ҳам бор эди. Мариянинг бахтига қарши шовқинли кечалар дарс қилишига халақит берарди. Бир йилдан кейин қиз университет яқинидаги етти қаватли уйдан битта хонани ижарага олиб, кўчиб чиқади.
Мария ҳар куни дарсдан кейин кутубхонага бориб, у ёпилгунга қадар китоб ўқиган, шундан сўнг уйига қайтиб келар ва яна дарс қилишни давом эттирарди. Пули жуда камлигидан қиз кунига бир бўлак нонли сарёғ ва бир финжон қора чой билан кифояланган. Бир сафар у оч қолганидан хушини йўқотади. Бундан хабар топган Казимеж Длуский Марияни уйига мажбуран олиб келади ва картошкали бифштекс билан меҳмон қилади. Бир ҳафта Длускийлар оиласида яшаган Мария яна ўз болахонасига қайтиб, одатдаги ҳаёт тарзини давом эттиради. Ниҳоят 1893 йилда аъло баҳолар билан университетнинг физика факультетини тамомлайди.
Кутилмаган совға
Университетни тамомлаш вақтига келиб Мария Склодовская ўзининг жамғариб қўйган бор пулини ишлатиб бўлганди. Бу унинг Польшага қайтиши кераклигини англатарди. Қизни бундай тақдирдан эски дугонаси — Ядвига Шасинская-Давидова қутқариб қолади. Унинг ёрдамида Мария Александрович фондидан 650 рубль олган. Бу эса Париж университетидаги таълимини давом эттиришга қўл келган. Бир йиллик машаққатли ўқишдан кейин талаба қиз математика бўйича иккинчи дипломини қўлга киритади.
Бироқ бошқа нарса муҳимроқ эди. Парижда маъруза ўқиш учун эски қадрдони — Фрайбург университетида дарс берган, физика профессори Юзеф Ковалский келади. Шунда Склодовскаянинг устози Габриэль Липман унга пўлатнинг магнит хусусиятлари билан боғлиқ қатор тадқиқотларни ўтказишни ишониб топширади. Тажриба давомида Мария баъзи қийинчиликларга учрайди ва Ковалский уни бу каби муаммоларни яхши тушунадиган физик билан таништириб қўйишни ваъда беради. Унинг исми Пьер Кюри эди.
Мария Склодовскаянинг ҳаётидаги энг муҳим учрашув 1894 йил баҳорда юз беради. Физик Пьер Кюри бўйлари баланд ва вазмин, 35 га кирган бўлсада ёш кўринадиган инсон бўлиб чиқади. У магнетизм соҳасидаги тадқиқотлари сабаб илмий доираларда машҳурликка эришиб бўлганди. Илмий ишларга шўнғиб кетган Кюри диссертация ёқлашга улгурмаган ва шу сабабли университетда камтар ўқитувчилик билан шуғулланарди.
Мария Склодовская ва Пьер Кюри аввалига фақат иш юзасидан учрашган, бироқ тез орада уларнинг қарашлари бир-бириникига мос келиб қолади. Пьер ёш аёлнинг билимидан, мураккаб илмий муаммоларни осонликча муҳокама қилиш ва кутилмаган саволларни қўйиш каби қобилиятидан ҳайратга тушган. Уларнинг ўзаро суҳбатлари тонгга қадар давом этиши мумкин эди. Мария ўзининг янги танишига математика факультетини тамомлагач, Польшага қайтиш ва ўз ватани мустақиллиги учун курашга бағишлаш нияти эканини айтади. Пьер бу каби ноёб билим эгаси ўзини бекорга ўлим ёқасига элтиши мумкинлигидан хавотирга тушади ва уни Париждан кетмасликка кўндиради. Унинг “сизда илм-фанни ташлаб кетишга ҳаққингиз йўқ”, деган гаплари орасида бошқа маъно ётарди.
Тез орада Мария Склодовская математика бўйича академик даражасини қўлга киритади ва Польшага йўл олади. Кетишидан олдин Пьер Кюри унинг қўлини сўрашга қарор қилади, бироқ бунга жавобан Мария “яқин дўст” бўлиб қолишларини билдирган. Бундан фойдаланган Кюри унга кўплаб мактублар ёзиб, қизни Парижга қайтаришга уринади.
Поляк қизининг ватанпарварлик кайфияти жўш уради. Францияга қайтишни у хиёнат деб баҳолаган: олган билимлари ватани келажагига хизмат қилиши керак деб ҳисоблаган. Шунга қарамай, Пьер Кюрининг мактублари иш беради ва Мария Склодовская шу йилнинг октябрида Парижга қайтиб келади. У Кюрига ўзи билан Варшавага қайтиш таклифини беради: улар Польшада француз тилидан дарс бериб, илмий тадқиқотлар билан шуғулланиш. Воқеалар ривожи бундай тус олишини кутмаган Пьер Кюри илмий даража ва унвонларга эътибор бермай келган бўлса-да, физика бўйича докторлик диссертациясини ёқлашга қарор қилади.
1895 йил 6 июль куни Мария Склодовская Пьер Кюрининг Париж яқинидаги “Со” қишлоғидаги уйида турмушга чиқади. Маросим камтарона, тилла никоҳ узуклари ва тўй кўйлагисиз ўтади, бироқ ҳамма ақл-заковатли жуфтлик нақадар бахтли эканини уларнинг кўзидан билиб турарди.
Ўша йилнинг кузида эр-хотин Кюрилар магнетизм бўйича тажрибалар ўтказиш учун университет қошидаги кичик лабораторияни қўлга киритади. Мария, шунингдек, ўзининг бўлажак докторлик диссертацияси учун мавзу қидира бошлайди. Тез орада у имтиҳон топшириб, университетда дарс бериш ҳуқуқини қўлга киритган биринчи аёлга айланади.
Қизиқ жиҳати, уларнинг турмушини дастлабки йилларида иккита ажойиб кашфиёт амалга оширилган. 1895 йил 28 декабрда немис физиги Вилгелм Рентген илмий ҳамжамиятга исталган буюмни тешиб ўтадиган сирли нурларни аниқлаганини маълум қилади. Рентген нурлари деб аталган мазкур радиоактив тўлқинларни ўрганиш билан бутун дунё олимлари шуғулланган. 1896 йил майда француз олими Анри Беккерел урандан ажраладиган радиоактив тўлқинларни кашф этади.
1897 йил 12 сентябрь куни Мария ва Пьер Кюрилар оиласида биринчи қиз фарзанд — Ирен дунёга келади. Ёш онага ёрдам бериш учун хизматчи ёлланган, Мария ўзининг илмий ишлари учун вақт ажратишга мажбур эди. Аёл докторлик диссертацияси мавзусини танлайди: у Беккерел нурларини тадқиқ этиш билан шуғулланишга қарор қилади.
Кутилмаган кашфиёт
Мария Кюрининг тадқиқотларига турмуш ўртоғи томонидан яратилган электрометр кўп ёрдам берган. Таркибида уран бўлган турли бирикмалар билан ишлаш давомида торий элементи радиоактив тўлқинларни уран қатрони ёки уран рудасида кучлироқ тарқатишини аниқлаган. Бундай радиоактивлик даражаси ўша пайда маълум бўлган бирорта элементда кузатилмаган. Шундай экан бу — тажриба давомидаги хатоликми ёки янги кашфиёт?
Пьер Кюри рафиқасига ёрдам бериш учун ўз тадқиқотларини вақтинча йиғиштириб қўйган. 1898 йил апрелда эр-хотин Кюрилар Франция Фанлар академиясига уран ва торийнинг радиоактивлик табиати борасидаги назарияларини тақдим этади. Уларнинг ўзи академия аъзоси бўлмаганликлари боис, уларнинг мактубини Липман ўқиб эшиттирган.
Янги кашфиёт борасидаги янгилик бутун Европа бўйлаб тарқалади. Ушбу элементни соф ҳолатда олиш мақсадида Кюрилар Уран қатронидан интенсив нур тарқатувчи зарраларни ажратиб олади. Улар руда таркибида кучли радиоактив тўлқинларни ажратишга қодир икки хил элемент бор деган хулосага келади. Шу йилнинг июль ойида эр-хотин Кюрилар Фанлар академиясига тақдим этишга етарлича бўлган мазкур элементлардан бирини ажратишга муваффақ бўлади. Янги элемент Мариянинг ватани Польша шарафига “полоний” номини олган. “Радиоактивлик” термини мақолаларда биринчи марта пайдо бўлган, эр-хотин ўзлари томонидан кашф этилган элемент хусусиятларини ўрганишга киришган.
Мария ва Пьер бу билан тўхтаб қолмаган, уран қатрони таркибида полонийдан ҳам кучлироқ радиоактивликка эга бошқа элементга дуч келади. Уни “радий” дея номлашган. Уни ажратиб олиш учун эр-хотин анча мураккаб жараённи амалга оширади. Кюриларнинг ҳисоб-китобига кўра, ўзлари ажратиб олмоқчи бўлган қотишма таркибида соф радий миқдори бир фоиздан камни ташкил этган.
Муваффақият ва фожиа
Эр-хотин Кюрилар радий хлоридни ажратиб олиш учун жуда кўп миқдорда уран рудаси кераклигини тушуниб етади. Олимлар уни яқин атрофдаги шахтадан қазиб олишни режа қилган. Шахта эгаси билан келишувга кўра, улар бир тонна уран рудасини бепул қўлга киритишга муваффақ бўлади.
Машаққатли меҳнат бошланган. Мария ўзларининг лабораториясига ўрнатилган идишга рудаларни солиб, тинмай қўзғашни бошлаган. Натижага эришиш учун мунтазам эътибор талаб этиларди. Мария ва Пьер кун бўйи лабораториядан чиқмаган, фақат тушлик вақтида бироз танаффус олишган. Оиласини моддий томондан таъминлаб туриш мақсадида 1900 йилда Мария аёллар гимназиясида физикадан дарс бера бошлайди.
У тадқиқот кундаликларидан ташқари, қизининг ривожланиш ҳисоботини ҳам юритган — унинг биринчи қадами, биринчи сут тиши чиққанларини қайд этган. Радий тузини тозалаш иши жуда секин амалга ошган. 1901 йилда радийдан айрим тери касалликларини даволашда фойдаланиш мумкинлиги маълум бўлади. Кейинги йилнинг баҳорида эр-хотин Кюрилар 0,1 грамм миқдорида соф радий хлоридни ажратиб олишга эришади. Тўрт йиллик меҳнат ўз меваларини бера бошлаганди.
Мария Кюри меҳнатлари натижасини отаси билан бўлишади. У эса Варшавадан табрикнома юборади, бироқ бир неча кундан кейин ота оламдан ўтган. Тушкунликка тушган аёл оиласи бағрига қайтмай, Парижда қолиш йўлини танлагани учун ўзини ланъатлай бошлайди. Уни фақатгина касби физик бўлган отаси қизининг муваффақиятдан хурсанд бўлишга улгургани тинчлантирар эди.
1903 йилда докторлик диссертациясини ёқлаш вақтида Мария Кюрига америкалик саноатчидан мактуб келади, унда радийни ажратиб олиш йўли сўралган эди. Ушбу янги элемент бутун дунё эътиборини ўзига тортади ва уни ажратиб олиб, патентлашга муваффақ бўлган инсон катта миқдорда даромадга эга бўларди. Эр-хотин Кюрилар радийни ажратиб олиш технологияси кимларнингдир фойдаси учун хизмат қилиши керак эмас деб ҳисоблаган.
Шу йилнинг июнида Мария Кюри Париж университетида радиоактивлик тадқиқотларига бағишланган диссертациясини ёқлаб, фан докторига айланади. Ноябрь ойида эр-хотин Швециядаги Нобел қўмитаси улар ва Анри Беккерелга физика бўйича Нобел мукофотини бермоқчи эканидан хабар топади.
Нобел мукофоти Парижда яшовчи поляк қизига берилиши бутун Францияни ларзага келтирган. Аммо одамлар эътиборини ўзларига тортишни истамаган олимлар бу каби машҳурлик ишдан қолдиради деб ўйлаган. Шу боисдан улар Стокгольмга бориб, мукофотни олишда айтиладиган анъанавий нутқини кейинроққа қолдиради ва ишлашни давом эттирган.
1904 йилда Пьер Кюри Париж университети профессорига айланган, Мария эса аввалроқ бошлаб қўйилган тадқиқотларини давом эттирган. 6 декабрь куни аёл иккинчи қизи — Евани дунёга келтиради. 1905 йил июнда эр-хотин Кюрилар Нобел мукофотини олиш учун Стокгольмга йўл олади. Оила номидан Пьер нутқ сўзлаб, кашфиётлари йўлида рафиқасининг хизматлари ўзиникидан катта эканини таъкидлаган.
Парижга қайтишганидан кейин Пьер Кюри Фанлар академияси аъзосига айланган. 1905 йилнинг қолган даврида эр-хотин тинмай ишлаган ва уларнинг радиоактивлик борасидаги тадқиқотлари муваффақиятли тарзда кечган. 1906 йилнинг апрелида улар қишлоққа кетиб, бироз дам олишга қарор қилади. Парижга қайтиб келишганида эса фожиа юз беради.
19 апрель куни кучли ёғингарчилик кузатиларди. Пьер Кюри шу куни Париж университети профессорлари учун ташкил этилган нонуштада қатнашган. Атрофида бўлган барча олим жуда энергияга бой ва тетик бўлганини айтади. Кюри у ерда Ковалский билан кўришган, улар кечқурун эр-хотин Кюрилар меҳмонга боришига келишиб олишган.
Тушликдан кейин олим ўз қўлёзмаларини топшириш учун нашриётга йўл олади. Бироқ нашриёт иш ташлашлар сабаб ёпиқ эди ва Кюри яна университетига қайтади. Кўчани кесиб ўтаётганида извошчи уни пайқамай қолган… Нобел лауреатини устидан олти тонна юк ортилган арава босиб кетганди. Пьер Кюри воқеа жойида жон таслим қилган. Ассистентларининг бирини эслашича, у доим йўлдан ўтишда эътиборсиз бўлган, кўчага чиққанида ҳам нималарнидир ўйлаб юрган.
46 ёшли Пьер Кюрининг ўлими ҳақидаги хабарлар эртаси куниёқ бутун Европа бўйлаб тарқалади. Дафн маросими ихчам, оддий, тобут устидаги нутқларсиз — Пьерга хос камтарликда ўтган. Маросимда Марияни кўрган барча у ўз ҳиссиётларини ташқарига чиқармаганини таъкидлайди. Аёл фақатгина ўз шахсий кундалигида бутун ҳисларига эркинлик берган…
Эрининг ўлимига бир ой тўлмасдан Мария Кюрига Париж университетида маъруза ўқиш таклифи билдирилади. У бирмунча вақт ўйланган, кейин таклифни қабул қилган. Профессорлар кафедрасида аёл кишининг пайдо бўлиши француз илм-фани тарихида ҳали кузатилмаганди.
Мария Кюри Сорбоннадаги биринчи маърузасини 1906 йил ноябрда ўқиган. Унинг дарсига тўпланган талабаларга дунёга машҳур аёл аслида қандай эканини кўриш қизиқ эди. Мария дарсини эри ҳақида икки оғиз гап билан бошлаган, кейин эса Пьер ўлимидан олдин бошлаган маърузани охирига етказиб қўйган.
Турмуш ўртўғининг ўлими қайғуси Мария Кюрини умрининг охиригача тарк этмаган, аммо физик Жан Перрен ва математик Эмил Борел каби дўстлари қўллаб-қувватлови билан аёлнинг яшашга бўлган қизиқиши қайтган. 1907 йилда у ҳамкасблари билан болалари учун махсус мактаб ташкил этади. Дарслар ота-оналарнинг уйида ташкил этилган ва Кюриларнинг қизи Ирен ҳам шу каби машғулотлар давомида илмга қизиқа бошлаган. Мария ўз фарзандларининг таълимига худди ота-онаси унга қаттиқ турганидек талабчан бўлган. Кюри хоним кўзи илинган Иреннинг дафтарларини олиб, деразадан улоқтириб юборгани ҳолатлари ҳам учраб турган.
1906 йилда америкалик бизнесмен Эндрю Карнегининг яхшигина хайрияси сабаб Кюри ўзининг тадқиқот лабораторияси штатини кенгайтиришига муваффақ бўлади. Бу вақтга келиб радий борасидаги илмий мулоҳазаларда шубҳа пайдо бўла бошлаган: таниқли инглиз олими Уилям Томсон эр-хотин Кюрилар томонидан кашф этилган модда янги элемент эмас, балки гелий ва қўрғошин бирикмаси эканини таъкидлаган. Мария радий ҳақиқатда янги элемент эканини исботлаш мақсадида унинг тузли аралашмасини эмас, балки соф элементни олиш устида иш бошлайди. Бу ҳақиқий жасорат эди: тузли аралашма ичидан соф радийни ажратиш катта маҳоратни талаб этарди. Аёлнинг болаларига қарашга мутлақо вақти қолмайди. У қизлари онасиз улғайишларини истамаган, аммо бошқа томондан марҳум турмуш ўртоғи билан бошлаган ишини давом эттиришга ўзини мажбур ҳисоблаган.
Иккинчи Нобел мукофоти
Мария Кюрининг саъй-ҳаракатлари муваффақият билан якунланган. 1910 йилда у радий металлини ажратиб олишга эришади. Олима аёл радий намуналарини илк бор Брюсселдаги халқаро илмий конференцияда намойиш этишга тайёрлаб қўяди. Унда радиациянинг янги ўлчов бирлиги — “кюри” тасдиқланган.
Кўплаб француз олимлари Мария Кюрини Фанлар академияси аъзолигига сайлаш керак деб ҳисоблаган. Шунча кашфиётларига қарамай, у ҳамон академик ҳисобланмасди. Бироқ аёлларга қарши салбий қарашлар у даврда кучли бўлган ва бу Мария Кюрига жиддий қаршилик кўрсатган. 1911 йил 23 январь куни Фанлар академияси таркибига номзодларни сайлаш муддати қолдирилган. Бунга ягона сабаб Мария Кюрининг аёл бўлиб туғилгани эди холос.
4 ноябрда Париждаги “сариқ газета”лардан бирида Мария Кюрининг физик Пол Ланжевен билан ишқий муносабатлари ҳақида можароли мақола эълон қилинади. Улар узоқ вақт бир-бирига яқин бўлган уйда истиқомат қилиб келган. Матбуот уларнинг муносабатларини ўзгача талқин қилишни бошлайди. Илмий ҳамжамиятнинг бунга муносабати салбий эди. Ланжевен ушбу маълумотни эълон қилган журналистни дуэлга ҳам чақирган. Бир неча ҳафтадан кейин у аёли билан ажрашишга ҳам мажбур бўлган, секин-аста унинг Мария билан муносабатлари ҳақидаги овозалар сўна бошлаган.
Ушбу можаролар авжига чиққан вақтда Стокгольмдан хабар келади. Мария Кюрига “кимёни ривожлантириш йўлидаги хизматлари: радий ва полонийни кашф этгани, радийни ажратиб олгани ҳамда унинг хусусиятларини ўргангани учун” Нобел мукофотига лойиқ кўрилганди. У икки карра ушбу мукофотга лойиқ кўрилган дунёдаги биринчи олим эди.
1912 йилга келиб Мария Кюрининг саломатлиги сезиларли даражада ёмонлашади. Тиббий текширувлар аёл буйрак яллиғланишидан азият чекиб келганини кўрсатган. Март ойида операция ўтказилиб, тўқималарнинг касалланган қисми олиб ташланади. “Сариқ матбуот”да Мариянинг шифохонага ётқизилишига унинг Ланжевендан ҳомиладор бўлиб қолгани сабаб бўлгани ёзилган. Барча миш-мишларга чек қўйиш мақсадида Мария ўйлаб топилган исм остида Париж ташқарисидан ижарага уй олиб, кўчиб кетади. Шундан кейин у бир неча ой давомида Англияда даволанган. Муолажалардан анча ўзига келиб қолган Мария Швейцарияга бориб, яқин таниши ва ҳамкасби Алберт Эйнштейн билан тоғларга ҳам чиқади.
1914 йилда Мариянинг тўнғич қизи Ирен Париж университетига ўқишга киради. Ўшанда Сорбоннада Радий институти ҳам очилган.
1914 йил июнда Биринчи жаҳон уруши бошланади. Германия Францияга уруш эълон қилгач, Мария Кюри Ирен ва Ева билан таътилни ўтказаётган эди. Бир ойдан кейин Париж немислар босқини хавфи остида қолгач, француз ҳукумати қимматбаҳо радий хлорид захирасини сақлаб қолиш чораларини кўра бошлайди. Мария Кюри уларни қўрғошин қутиларига жойлашда шахсан ёрдам кўрсатган.
Кейинроқ у ҳарбий шифокорларга рентген қурилмаларини ясашда кўмаклашган. Кўнгилли сифатида меҳнат қилган Мария фронтга рентгенлар билан жиҳозланган 18 та автомашинани жўнатади. Унинг саъй-ҳаракатлари сабаб ўн минглаб аскарларнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
1920 йилда Rotshildлар оиласи ва бошқа қатор бизнесменлар қўллаб-қувватлови остида Кюри институтига асос солинади. Бу радиоактивликни ўрганиш бўйича кенг кўламли тадқиқотларни қайта тиклаш имконини берган. Қизлари улғайиб қолган: Ирен Кюри ота-онасининг изидан борган, Ева эса иқтидорли мусиқачига айланган. Аммо кўнгилсиз воқеалар ҳали олдинда эди. Узоқ йиллик меҳнатлари давомида Мария ҳеч қачон ўзини радиоактив тўлқинлардан ҳимоя қилмаган, кучли оғриқлардан азият чеккан, эшитиш ва кўриш қобилияти тушиб кетган.
Шундай кунларнинг бирида Мария Америкадаги аёллар журнали учун материал тайёрлаётган журналист Мери Мелони билан учрашади. Суҳбатдоши унда шу қадар яхши таассурот қолдирадки, журналист Мария Кюрига қандай ёрдам бера олишини ўйлай бошлаган. Шундай қилиб, бир грамм радийни олиш бўйича кампания бошланган. 1921 йилда тадқиқотчи икки қизи билан АҚШга йўл олади. Кюри Оқ уйда Америка президенти Уоррен Гардингдан радий солинган қути калитини қабул қилиб олган.
Орадан бир йил ўтиб, илмий оламда атомнинг тузилишига бўлган қизиқиш ортиб кетиши натижасида, Мариянинг тадқиқотлари долзарблигини йўқота бошлайди. Нилс Бор ва Алберт Эйнштейн каби физиклар биринчи планга чиқиб қолади. Шунга қарамай, радиоактивлик борасидаги тадқиқотлар тугамаган ва Мария Кюри ўзи институтига бошчилик қилган ҳолда илмий мунозараларда иштирок этишни давом эттирган.
1926 йилда Ирен Кюри ёш муҳандис-кимёвар Фредерика Жолиога турмушга чиқади. Шу йилларда Мария Кюри ватанига бориб, Варшавада тадқиқот институти очилиш маросимида иштирок этган. 1934 йил майида Мария Кюрининг аҳволи оғирлашиб қолади. Шундан кейин у ўзининг тадқиқот институтига бошқа ташриф буюрмаган. У Санселмо тоғли курортига йўл олади, бироқ етиб боргани ҳамон соғайиш учун бирор илинж қолмаганини ҳис қилади. 4 июль ёзда Мария Кюри лейкемиядан (оққон) вафот этади.
Олиманинг вафоти муносабати билан бутун дунёдан ҳамдардлик мактублари оқиб келган. Икки кундан кейин у “Со” қишлоғидаги Пьер Кюрининг қабри ёнига дафн этилган.
Изоҳ (0)