“Уммон” гуруҳи хонандаси Жасур Рафиқов бундан роппа-роса бир йил аввал бу ёруғ оламни тарк этганди. Унинг ўлими шоу-бизнес олами вакиллари ва “Уммон” гуруҳининг мухлисларини чуқур қайғуга солди. 31 ёшли Жасурнинг ҳали орзулари ва ижодий режалари кўп эди. Қуйида Жасурнинг онаси Ноила Рафиқованинг “Дарё”га берган интервьюси асосида хонандани хотирлаймиз.
“Болалигидан санъаткор бўлиши сезиларди”
— Фарзандим 1991 йил 30 сентябрда таваллуд топганди. Болалиги ҳамма болалар сингари беғубор ўтган. Маҳалламиздаги 160-боғчага Шоҳруҳ ва Зоҳид билан бирга борган. Болаликдан аҳил ва иноқ бўлиб вояга етишди. Кичкиналигидан санъатнинг одами эканлиги сезиларди. Бир куни Шоҳруҳ боғчадаги байрам видеосининг дискини олиб чиқди. Байрамда Жасур хўроз ролини ижро этган экан. Ўша ёшида ҳам ролни масъулият билан ижро этган экан. Оиламизда санъаткорлар бўлмаса-да, у қўшиқ айтишга қизиқарди. Супургини гитара қилиб қўшиқ айтишни яхши кўрарди.
Боғчада тарбиячи бўлганим учун ўқитувчилик масъулиятини яхши тушунардим. Мактабда ўқиётганида газетадан устозлар ҳақидаги шеърни олиб, Жасурдан устозига ёд олиб беришини сўрардим. Шеърларни жуда чиройли ёд оларди. Шунинг учун ҳам мактаб тадбирларида фаол иштирок этарди. “Она, салла ясаб беринг Алишер Навоий бўламан, тўн топиб беринг Бобур бўламан”, — дерди. Баъзан жаҳлим чиқиб “Синфда сендан бошқа бола йўқми?” деб койиб берардим. Аммо у саҳнани яхши кўргани учун қийинчиликка қарамай барибир ролини ижро этарди, — дейди Ноила Рафиқова.
“Сенларни тўйда ким эшитарди, дердим”
“Уммон” гуруҳи 2007 йили “Сокин тун” қўшиғи билан машҳурликка эришган. Ноила Рафиқова гуруҳнинг ташкил этилган кунларини қуйидагича хотирлайди.
— Қўшиқларнинг барини Зоҳиднинг уйида яратишарди. Булар шунчаки ҳаваскор бўлиб қўшиқ айтиб юришарди. Бир куни келдида: “Она дуо қилинг, биз тўйга кетяпмиз”, деди. “Сенларни тўйда ким эшитарди”, деб роса кулдим. У пайтлари Жасур кўпроқ қўшиқнинг реп жойларини ижро этарди. Бу йўналиш бизга янгилик бўлгани учунми уларнинг қўшиқ айтишини ҳеч жиддий қабул қилмасдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай “Бекободда концерт берамиз”, деб қолишди. Яна ҳайрон бўлдим. Кейин билсам қўшиқлари телефонлар орқали тарқалиб, ёшлар орасида танилган экан.
Ўғлимнинг санъаткор бўлишига қарши бўлмаганман, аммо ишончсизлик билдириб, устидан кулган пайтим кўп бўлган. Чунки улар айтаётган йўналишдаги қўшиқ биз тенги инсонлар учун янгилик эди. Биз Юлдуз Усмонова, Фарруҳ Зокиров ва Насиба Абдуллаева каби санъаткорларни эшитиб ўрганиб қолгандикда, — дейди Ноила Рафиқова.
“Ўғлим ъУммонъчи бўлди, деб бизнесни йиғиштирганман”
Ноила Рафиқова марҳум фарзанди савдо-сотиқ билан шуғулланишини истамагани ва бир муддат Paynet шохобчасида ишлагани ҳақида сўзлаб берди.
— “Уммон” гуруҳининг биринчи продюсерининг телефонларга пул тўлаш шохобчаси бор эди. Жасурни ишга олганди. Уйимиз Юнусободда, ишхонаси эса Ўрикзор бозори атрофида эди. Ҳар куни эрта саҳардан ишга кетарди. Унга ачиниб “Шу ишингни қўй ёки шунга ўхшаш шохобчани яқин атрофдан очгин”, десам “Она бировнинг нонини яримта қилмайман”, деб жавоб берганди. Ўшанда қийналсак ҳам ҳалол едириб-ичирган эканмиз, деб роса қувонгандим.
Ҳамма қатори оиламизда кам-кўстлар бўлган. Дадаси заводда, мен эса оддий боғчада ишлардим. Бешта болани оёққа қўйиш осон эмас. Боғчада ишлаб юрганимда кийим-кечак савдоси билан шуғулланиб, бозорга боролмайдиган аёлларнинг ҳожатини чиқариб юрардим. Савдони кенгайтириш учун Туркияга қатнайман десам биринчилардан бўлиб Жасур қаршилик қилганди.
“Бўлди бу ёғига бизнесни ҳам йиғиштирасиз”, деганидан кейин ўғлим “Уммон”чи бўлди деб савдо-сотиққа ҳам нуқта қўйгандим, — дейди Ноила Рафиқова.
“Унга шифокорлар қўшиқ айтишни тақиқлашганди”
Ноила Рафиқова 2012 йили шифокорлар ўғлига бир йил қўшиқ айтмасликни тавсия қилишганди, аммо Жасур Рафиқов бунга рози бўлмагани ҳақида айтиб ўтди.
— 2012 йили “Уммон” гуруҳи танилиб, кетма-кет концерт дастурлари бериб юрган пайтда ўғлим “Она негадир қўшиқ айтсам томоғим қириляпти”, деди. Эртасига уни таниш лор шифокорга олиб борсам, уни эндокринологга олиб боришни тавсия қилди. Ташхис натижаларига кўра, операция қилиш ва бир йилга қадар қўшиқ айтмаслик лозимлигини айтишди. Аммо ўша вақтда “Уммон” гуруҳи энди кўтарилиб келаётгани учун операция қилдиришни истамади.
Камол Бобоев деган яқин дўсти тиббиёт олийгоҳида ўқигани учун уни жуда кўп шифокор ва табибларга кўрсатди. “Она сўрилиб кетибди. Хавотир олманг”, деганди. Аммо эндокринолог танишим ҳар кўрганида “Текширтирдингизми, яхши эмасда?”, — дерди.
Аҳволи ёмонлашганида шу ҳақида ўйлаб ҳам қолдим. Ким билсин, балки бўқоқ ҳам сабаб бўлгандир. Унга асабийлашиш, сиқилиш мумкин эмас экан. Аммо ҳаётидаги кетма-кет зарбалар дардининг уйғонишига ҳам сабаб бўлдими, деб ўйлаб қоламан, — дейди Ноила Рафиқова.
“Шахсий ҳаётда омади кулмади”
Жасур Рафиқовни кўпчилик оилали деб биларди. Аммо онаси у тўйдан кейин бир йил ўтиб ажрашгани ҳақида сўзлаб берди.
— 2015 йили ўғлим беш йил давомида гаплашиб юрган қизи билан оила қурди. Афсуски, уларнинг турмуши кўпга чўзилмади. Бир йилдан сўнг келин кетиб қолгач, Жасур стрессга тушиб қолди. Яна эътиборини ижодга қаратиб юрганди, баъзи одамлар йигитлар орасига совуқчилик туширишди. Ёки ҳамма оилали бўлганидан кейин моддий жиҳатдан келишмовчиликлар бўлди. Зоҳид гуруҳни тарк этганидан сўнг Жасур яна тушкунликка тушиб қолди. Булар болаликдан бирга ўсиб, бир-бирига суяниб қолганди. Зоҳиддан кейин ҳам қўшиқ айтишди. Аммо барибир учликдаги ижод бошқача эди. Кейин ибодатга тушганидан кейин санъатдан кўнгли совиди.
“Она бир кун ўлсам нариги дунёга қўшиқларим билан бормайманку”, деган гапи ҳалигача қулоқларим остида жаранглайди. Кичик бизнесларни йўлга қўйиб тирикчилик қилиб юрди, — дейди Ноила Рафиқова.
“10 йил ўқиган шифокор ўсимтани фарқлай олмаса?”
Марҳум ижодкорнинг онаси ўғлидаги касалликнинг зўрайишига тажрибасиз шифокор ҳам сабабчи бўлганлиги ҳақида гапирди.
— 2020 йили пешонасида шиш пайдо бўлди. Шифокорга олиб борай десам “Йўғ-эй, онаси билан келибди дейишмайдими?” деб кулиб қўйди. Эратаси куни ишга кетсам ўзи Юнусободдаги 12-оилавий поликлиникага чиқиб, шишни олдириб келибди. Ишдан қайтсам, боши қон, бинт билан боғлаб олибди. “Ойи бу “жировик” эмас экан, текширувга олиб кетишди”, деди. Ишонасизми шу гапни эшитиб адо бўлдим. Наҳотки, 10 йил ўқиган жарроҳ оддий “жировик” билан ўсимтани фарқлай олмаса, деб жаҳлим чиқди. Бориб уришиб келаман, десам ўғлим йўлимни тўсди, — дейди Ноила Рафиқова.
“Томоғида шиш ҳам пайдо бўлди”
Ноила Рафиқова баъзи шифокорлар сабаб сарсон бўлгани ва касаллиги зўрайиб кетгани ҳақида гапирди.
— Шаҳар онкологиясига текширтиргани бордик. Баъзи шифокорлар касбига шу қадар нолойиқки, асти қўяверасиз.
“Фойдаси йўқ, яра очилган даволагандан фойда йўқ” деб кўнгилдаги заррача умидни ҳам сўндиришади. Уларнинг тавсиясига кўра, таҳлилларини текширтириш учун Ҳиндистонга юбордик. Катта харажат, унинг устига жавобларни 15 кун кутиш керак экан. Бу кунларни қандай ўтказганимни тасвирлаб беролмайман.
Кундан-кунга ўғлимнинг аҳволи ёмонлашиб борарди. Бир куни укам Республика онкологиясида таниш шифокори борлигини айтди. У ердагилар таҳлилларни Ҳиндистонга жўнатиш шарт эмаслигини, барчаси уларда борлигини айтишганида, касбига нолойиқ инсонлардан яна бир марта ранжидим. Одамни сарсон қилиб, пули ва вақтини кетказмай ўзимизда бор эканлигини айтишса бўладику.
Хуллас, шифокор кўриб, томоғида ҳам шиш пайдо бўлганлигини аниқлади. Шундан кейин томоғидан ҳам операция бўлди, — дейди Ноила Рафиқова.
“Бу Аллоҳнинг синови”
— Шаҳар онкология касалхонасига текширтиргани борсак, таҳлилларни Ҳиндистонга жўнатиш кераклигини айтишди. У ердан таҳлил натижалари 15 кунда келар экан. Жавоблар келгунига қадар бошидаги кесилган жароҳат янада шишиб бораверди. Кейин укам онколог танишига олиб борди. У шифокор урология соҳасида фаолият юритар экан. “Сени бошингга қарашмасин, томоғингни текширишсин”, деди. Шу кунгача унинг томоғига эътибор бермаган эканман.
Бўқоғи шишиб кетган экан. Шаҳар онкологиясидаги баъзи шифокорлар “Бунга энди ҳеч нарса ёрдам бермайди”, дейишди. Уларни шифокорга эмас, қассобга ўхшатгандим. Укам таниш топиб Жасурни Республика онкология касалхонасига олиб ўтди.
“Шунча вақтни ўтказибсизлар, эртароқ шу ерга олиб келмайсизларми?” дейишди. У ерда ҳамма нарса бепул экан. Шифокорлар тўрт марта кимё терапия олиши кераклигини айтишди. Ўзимизда барча таҳлилларни текширадиган аппаратлар бор экан. Аммо шаҳар онкологияси бизни сарсон қилиб, таҳлилларни Ҳиндистонга юбориш кераклигини айтишди. Ўн беш кунда ҳаёлимдан нималар ўтганини тасвирлаб беролмайман. Оёғим тагидаги ер узилгандек бўлди. Ўғлим ҳамиша тасалли бериб: “Она сиз сиқилманг, бу Аллоҳнинг менга берган синови. Мени суйгани учун бу дардни берди”, дерди. Бу касаллик суякларда авж оларкан.
Текширув натижасида елка ва умуртқаларида ҳам борлигини аниқлашди. Бошидаги шиш очилгани учун у авж олиб кетди. Тўртинчи кимё-терапияни олганидан кейин аҳволи анча яхшиланди. Ўлим соатига қадар Аллоҳнинг номи тилидан тушмади. Ақл-ҳуши жойида, хушсурат бўлиб оламдан ўтди, — дейди Ноила Рафиқова.
“Сардор Раҳимхон хорижга жўнатмоқчи бўлди”
Ноила Рафиқова оғир кунда уни қўллаб-қувватлаган дўстларига миннатдорлик билдириб ўтди.
— Ўғлим қисқа умр кўрган бўлса ҳам қиёматли дўстлар орттирган экан. Уни қўллаб-қувватлайдиган инсонлар кўп эди.
Шоҳруҳ ёки Фаттоҳ кечга яқин “Нима овқат егинг келяпти”, деб “смс” ёзишарди. Айтган овқатини олиб келиб, соатлаб ёнида ўтиришарди. Дилфуза Исмоилованинг ўғли Сардор Исроилов ҳам вақт топди дегунча ёнига келарди. “Ака тезроқ соғайиб кетсангиз, сизга ёққан машинамни совға қиламан”, дерди.
Зоҳид аварияга учрагандан кейин Шоҳруҳ Instagram орқали “Икки дўстимни ҳам дуо қилинглар”, деганидан кейин Жасурнинг касаллиги кўпчиликка ошкор бўлди. Эртасига “Ўзбекконцерт”дан ҳам келиб хабар олишди. Улар зарли бежирим қутига солинган “Ёрлиқ” олиб келишибди. Ўғлим мана шу бир парча қоғоздан ҳам кўнгли кўтарилиб қувониб кетди.
Бир куни ҳолсиз бўлиб ўтирганида уйимизга Сардор Раҳимхон келди. Шоҳруҳ Жасурнинг касал эканлиги ҳақида айтган экан. Сардор Раҳимхон кайфиятини кўтариб, узоқ вақт суҳбатлашиб ўтирди. Ўшанда Ҳиндистонга олиб бориши ҳақида айтганди.
Бир неча кундан кейин ёрдамчиларидан бири келиб, сафар учун ҳужжатларни тайёрлашини айтди. Жасур роса хурсанд бўлди. Сафар харажатларини сўрасам кулиб “Пулингиз борми?” деб сўради. “Ҳа 2000 АҚШ долларим бор, яна керак бўлса қарз оламан”, десам “Жасур акамнинг харажатларидан хавотир олманг, уларга тахминан 25000 АҚШ доллари кетади”, деди.
Шоҳруҳ дўстини етаклаб, хорижга чиқиш паспортини олиш учун олиб борди. Жасур ҳолсизлигидан аранг юрарди. Паспортлар тайёр бўлганида негадир Жасур фикридан қайтди. “Она нима бўлса бўлди, кетмайман”, деди. Ўшандаёқ кўнгли ниманидир сездими “бормайман” деб оёқ тираб туриб олди, — дейди Ноила Рафиқова.
“Зоҳид ҳақида эшитиб аҳволи оғирлашди”
Жасур Рафиқов болаликдаги дўсти Зоҳид Рисқиевнинг даҳшатли автофалокатга учрагани ҳақидаги хабарни эшитиб, саломатлиги янада ёмонлашди. Бу ҳақида онаси Ноила Рафиқова қуйидагиларни сўзлаб берди.
— Автофалокат содир бўлган тун қариндошимизнинг тўйида эдим. Эрталаб келсам Жасур қовоғини уйиб олган, кўриниши ҳам бир аҳволда. Ўша куни Жасурнинг туғилган куни эди. Пешонасидан ўпиб, табрикласам ҳам чеҳраси очилмади. “Ёнингда бўлмаганим учун хафа бўлдингми?” дедим. У бошини чайқаб “Эшитмадингизми? Зоҳидни...” деди.
Кейин билсам 29 сентябрь куни Зоҳид аварияга учраган экан. Ўғлим ўзи бир аҳволда бўлса ҳам дўстидан хавотир оларди. Зоҳид оилада ёлғиз ўғил ва боқувчи бўлгани учун “Она яхши бўлиб кетсин. Бўлмасам Лола опа (Зоҳиднинг онаси)га қийин бўлади”, дерди.
Мана шу воқеадан кейин яна саломатлиги ёмонлашди. Ўйлаб қарасам баъзи инсонлар бақириб дардларини ташқарига чиқарар экан. Жасур индамай ичига ютиб юраверар экан. Ўшанда вақтида одам бақириб туриши ҳам керак экан, деб хаёлимдан ўтказгандим, — дейди Ноила Рафиқова.
“Қариган чоғингизда суянчиқ бўлолмадим”
— Ўғлим ўлимидан аввал “Қариган чоғингизда суянчиқ бўладиган фарзанд бўлолмадим. Сизларга хизмат қилмоқчи эдим. Аксинча сизлар менга хизмат қиляпсизлар”, деб кўп айтарди.
Чунки дадаси иккимиз ҳам кун-у тун ёнида ҳамроҳ эдик. “Онажон, соғайиб кетсам жамоатга чиқиб намоз ўқисам”, деб ният қиларди. “Насиб қилса, ниятларингга етасан, Аллоҳдан сўраганларим бор”, деб тасалли берардим.
Бир куни дўсти Шоҳруҳга ҳам бу ҳақида гапирган экан. “Мендан кейин онамга қийин бўлади”, деган гапларини айтиб берганида ўзимни йиғидан тутиб туролмадим.
Ўлимидан 10 кун аввал “Онажон туғилган кунингизга нима қиламиз?” деб сўраб қолди. “Ўғлим совғанг эмас, соғлининг керак”, деб кулгандим. Ўтган йили туғилган кунимни нишонламаймиз, деганимда ҳам уйга харажат қилиб, яқинларни меҳмонга чақирганди. Жасур кўчада эмас, уйда меҳмон кутишни яхши кўрарди.
Ҳатто, “Уммон” гуруҳи танилган вақтда ҳам бирор марта туғилган кунини кўчада ўтказганини эслолмайман. Жасур ўксиб қолмасин деб катта акаси унинг номидан ҳам гул олиб келибди. Жасур гулни бериб маҳкам бағрига босди. Қарангки, ўша гул ҳалигача турибди, аммо ўғлим йўқ, — дейди Ноила Рафиқова.
“Ўғлимнинг сўнгги куни...”
Она фарзандини сақлаб қолиш учун икки йил давомида интернетдаги онкологияга оид мақола ва китобларни ўқиб чиққани ҳақида сўзлаб берди.
— Ўғлим тушкунлика тушиб қолмади. Бошида шиш бўлса-да, шапкасини бостириб, тўй ва чойхоналарга борарди. Ташқаридан кўрган инсон уни касал деб ўйламасди. Беш маҳал намоз ўқишни канда қилмасди, ака-укаларини ҳам намоз ўқишга даъват қиларди. Аммо шу йилнинг февраль март ойида умуртқасида касаллик зўрайиб кетгани учун бутунлай тўшакка михланиб қолди.
Таниш-билишлардан қаерда яхши шифокор ёки табиб ҳақида эшитсам, албатта, унга олиб борардим. Бир табибга ихлос билан қатнаб юрди. “Ўғлим сен мендан даво топмаяпсан, натижа кўраётганим йўқ. Сенинг касалинг илм-у амал билан боғлиққа ўхшаяпти”, деганди. Бу гапни Зоҳид ҳам кўп айтарди. “Бизга кўз теккан, сеҳр қилишган”, деб гапирганида Жасур кулиб қўярди.
Маҳаллий кимётерапия топдим. Ўшани олгач, аҳволи ижобий томонга ўзгарди. Аммо охирги муолажани олгандан кейин негадир ўзини ҳолсиз сезаётгани ҳақида айтиб қолди. “Секундомер ишга тушган, она” деган гапни кўп айтарди.
14 ноябрь куни кечаси оғир нафас олаётганини эшитиб, ёнига бордим. “Сув ичасанми Жасур” десам индамасди. Икки қўлини кўкрагиги қўйиб ётарди. Ўша лаҳзада “Секундомер ишга тушган, она” деган гапининг маъносини тушундим.
Ўғлим иймон билан бу ёруғ оламдан ўтганидан хурсанд бўламан.
Баъзи эркаклар хотини кетиб қолгач, айш-ишратга берилади. Ёки ўлим соати яқинлашаётганини сезиб, тушкунликка тушиб қолади. Аммо ўғлим ибодатда бу дунёни тарк этди.
Ўғлимнинг маракалари ўтгач, Даврон Кабулов 3 кун бел боғлаб тургани ва кетиш олдидан “Жасур концерт берганимизда 10 кун ёнимизда турганди, унинг менда ҳаққи бор”, деб 500 АҚШ доллари ташлаб кетгани ҳақида айтишди.
Дўстлари бу пулга масжидга гилам олиб, эҳсон қилишибди. Жуда қувондим, илоҳим савоби ўғлимга етиб борсин, — дейди Ноила Рафиқова.
Изоҳ (0)