Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги аҳолига суюлтирилган газ баллонлари тарқатиш шохобчасида портлаш содир бўлди. Масъулларга кўра, мазкур портлаш 4 кишининг умрига зомин бўлган. Воқеа жойида бўлиб, тафсилотларни ўрганган “Дарё” журналистининг маълум қилишича, расмийлар ўлимлар сонини очиқлашда жамоатчиликни чалғитмоқда.
“Ўзимиз таниган одамлардан беш киши ўлди”
-Td4LzLC-.avif)
-N_Vw5CDM.avif)
“Дарё” журналисти билан суҳбатда бўлган аҳоли вакилларининг айтишича, портлаш ушбу ҳудудда яшовчи, улар таниган ва билган беш кишининг ўлимига сабабчи бўлган.

Шахсан ўзимиз таниган ва билган беш киши портлаш оқибатида ўлди. Бири газ тарқатиш шохобчасининг бошлиғи бўлса, қолган тўрт нафар марҳум шохобча ёнидаги ресторандаги одамлар бўлган. Шу куни ресторан эгаси хотини ва болалари билан Тошкентда дам олишда бўлган. Ёнғинда ресторанга вақтинча қараб турган онаси, ошпаз, ресторан бошқарувчиси ва официант бола вафот этган, дейди исми сир қолишини сўраган суҳбатдошлардан бири.

Аҳолининг бу гапини ушбу ресторан эгаларидан бири Улуғбек Ҳасанов ҳам тасдиқлади.

Аммам банкет залида ухлаб ётган жойида ёниб кетган ва ўша жойда жон берган. Ошпаз бобом ва ишбошқарувчи эса каровотда ётган бўлган. Официант бола ва айни пайтда комада ётган марҳум аммамга қараб юрувчи қиз эса ошхона атрофида бўлган. Аммам, ошпаз, ишбошқарувчи ва официант бола воқеа жойида вафот этган бўлса, аммамга қараб юрувчи қиз ёнғиндан қочиб чиқиб, ўз оёғи билан шифохонага борган. У айни пайтда комада. Шифокорлар аҳволи оғир дейишмоқда, дейди Улуғбек Ҳасанов.

Ёш қиз комада, бош шифокор буни яширмоқда

Кўкдала туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Одил Шаймановнинг “Дарё”га билдиришича, 19 июль ҳолатига кўра туман шифохонаси 7 нафар бемор қолган.

Туман тиббиёт бирлашмасига 15 нафардан кўпроқ одам мурожаат қилган. Айни кунда шифохонада 7 нафар бемор қолган. Шундан бир нафарининг аҳволи оғир бўлиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимида қолаётган бўлса, қолган 6 нафари куйиш бўлимига ўтказилган. Куйиш бўйича Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳридан мутахассислар жалб қилинган. Ҳар бир беморга бир нафардан шифокор бириктирилган. Даволаш давлат томонидан амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими томонидан дори-дармонлар олиб берилди, дейди Одил Шайманов.
-ULirnMXd.avif)
Масъул журналистнинг саволига жавоб берар экан, айни пайтда шифохонада қолаётган беморлар газ тарқатиш шохобчасининг ишчилари эканини айтди.
-yz2wsjWn.avif)
Улар (шифохонада қолаётган беморлар) асосан ичкаридаги ходимлар бўлган. Шу сабаб уларнинг куйиш даражаси кўпроқ, 70-80 фоиз. Ташқарида ўтиб-қайтаётган одамларга ҳам теккан. Уларга ҳеч нарса қилмаган. Улар шифохонадан кетган. Ҳозирда бизда қолган беморларнинг барчаси ёши катта эркаклар, қолган барчага жавоб бердик, дейди туманнинг бош шифокори.
-e0Ib8MXU.avif)
Одил Шайманов Улуғбек Ҳасанов айтган беморни яъни ёнғин содир бўлган пайтда оилавий ресторанда бўлган, асли шаҳрисабзлик Дилноза исмли беморни яширмоқда.
-nsd0XAnU.avif)
Портлашда куйиш жароҳатини олган ва айни пайтда комада қолаётган Дилнозанинг отаси Абдуҳаким Халиловнинг “Дарё”га билдиришича, қизи ўша куни соат 15:30 ларда қўнғироқ қилиб, ёнғин ҳақида айтган.

Ўша куни қизим менга телефон қилиб, “дадажон тез келинг”, деди. Нима бўлди десам, “ёнғин бўлди, ёнғин бўлди”, деди-да телефонни ўчирди. Шундан сўнг ярим соат ўтгач, опасига телефон қилиб, ойисини сўраган экан. Бир гаплашай деган экан. Мен ўша куни шифохонага соат 18:00 ларда келдим. Шу куни қизимни кўролмадим. Эртаси куни кўрдим. Аҳволи оғир, 100 фоиз куйиш дейишди, дейди Дилнозанинг отаси.
-_VESHzmn.avif)
Одамлар соғлиқни сақлаш вазиридан миннатдор
Яқинлари соғлиғидан хавотир олиб, шифохона биносида тўплаган фуқароларнинг “Дарё”га билдиришича, айни пайтда портлашдан жабрланган беморларнинг 8 нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда. Енгилроқ тан жароҳати олганлар эса палаталарда.

Қолган беморларнинг аҳволи уларга нисбатан яхши бўлгани боис, улар палаталарга олинган. Аммо бемор яқинларимиз олдига киритишмаяпти. Бу яхши албатта. Сабаби уларга ҳозир тинчлик керак. Тез соғайиб олишлари учун бирор инфекция юқтириб олмасликлари жуда муҳим, дейди ўзларини таништиришса бемор яқинларига жабр бўлишидан қўрққан фуқаролар.
-8rem9tQQ.avif)
Беморлар яқинларининг айтишича, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров шахсан улар билан мулоқотда бўлиб, бемор ҳақида маълумот бериб турибди.
Барака топсин шахсан вазирнинг ўзи яқинларимизнинг аҳволи ҳақида айтиб, вазиятдан хабардор қилиб турибди. Тошкент ва Самарқанддан шифокорлар чақиртириб, ёрдамини аямаяпти. Биз бундан хурсандмиз, дейди айни пайтда эри шифохонанинг жонлантириш бўлимида қолаётган аёл.
-vzliQJ3H.avif)
“Заправка”да ишловчи, портлаш оқибатида куйиш жароҳатини олган яна бир беморнинг опаси укасининг аҳволи ҳақида шахсан вазирнинг ўзи унга ахборот берганини қўшимча қилди.
Бош вазир ўринбосари Раматов ҳам воқеа жойига борган
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Кўкдала туманида бўлиб, ёнғин содир бўлган газ шохобчаси ва оилавий ресторанга борган. Бу ҳақда журналистга ресторан эгаларига яқин манба маълум қилди.

Бош вазир ўринбосарининг ёнғин оқибатида куйиб кул бўлган ресторанга келганини тасдиқлаган яна бир манбанинг айтишича, амалдорнинг ҳудудга ташрифи бир неча масъулнинг ишдан олинишига, катта эҳтимол билан қамалишига ҳам сабаб бўлган.

Раматов шахсан воқеа жойига келиб, ҳолатни ўзи ўрганган. Шу куни йиғилиш қилиб, кўпчиликни ишдан ҳам олган. Аммо айнан кимларни ишдан олди буниси бизга қоронғи, дейди исми сир қолишини сўраган суҳбатдош.
Тадбиркор 15 миллиард сўмга яқин зарар кўрганини айтмоқда
2025 йилнинг 16 июль куни соат тахминан 14:30 да Кўкдала туманидаги аҳолига тарқатиладиган суюлтирилган газ баллонларини “заправка” қилувчи газ шохобчасида жамоатчиликка номаълум ҳолатда чақнаш содир бўлган. Оқибатда газ баллонлари портлай бошлаган. 30 тонна оғирликдаги, сиғими 60 тоннани ташкил қилувчи газ сақловчи бочка ресторанга учиб тушиши оқибатида оилавий ресторанда ҳам кучли ёнғин бошланган.

Ўша куни соат 14:30, 14:35 ларда онам телефон қилиб, тез етиб кел ресторанда ёнғин бўляпти, “заправка” портлади деди. Етиб келсам, кўчада одамлар кўп, ичкарида эса одамлар ёняпти. 1,5 километр градус бўйлаб, айлана ҳолатда ёнғин содир бўлмоқда. Майда газ баллонлари йўлнинг нариги томонидаги иссиқхоналарга ҳам отилмоқда. Олов йўлда ўтаётган Damasъларга ҳам ўтди, катта Фураъларнинг тентлари ҳам ёна бошлади, дейди оилавий ресторан эгаларидан бири Улуғбек Ҳасанов.
Тадбиркор Ҳасановнинг айтишича, ушбу оилавий ресторан қурилишига 15-16 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.


Ресторанимиз нафақат туманда, вилоятда ҳам ўз ўрнига эга ресторанлардан бири эди. Ўтган сафар вилоятимизга айнан туманимизга ташриф буюрган вилоят ҳокимлари ҳам айнан бизнинг ресторанимизда меҳмон бўлганди, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Кўкдаладаги газ заправкадаги портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида суд-тиббий, ёнғин келиб чиқишини аниқлаш бўйича суд-кимёвий, биология, криминалистика ва ёнғин техникавий экспертизалари тайинланган. Расмий маълумотларга кўра ҳодиса оқибатида 4 киши вафот этганди. Шу билан бирга, 15 киши жароҳатлангани айтилмоқда. Вафот этганлар оила аъзоларига 100 млн сўмдан, жароҳат олганларга 50 млн сўмдан моддий ёрдам берилган.
Изоҳ (0)