Ўзбекистонда хусусий тиббий клиникаларга орган кўчириб ўтказиш бўйича операцияларни ўтказишга рухсат берилиши мумкин. Spot хабар қилишича, бу ҳақда 15 июль куни Савдо-саноат палатасида ташкиллаштирилган соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотда маълум қилинди.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Алишер Бобоевнинг маълум қилишича, президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, у бошқа вазирлик ва ҳокимликлар билан келишилмоқда. Ҳужжатда хусусий клиникаларга орган кўчириб ўтказиш операцияларини амалга оширишга рухсат берилиши назарда тутилган. Президент қарори яқин 2−3 ҳафта ичида эълон қилиниши мумкин.
“Жуда кўп беморлар бошқа давлатларга бормоқда. 10 нафар бемордан фақат бештасида бунинг учун маблағ бўлиши мумкин, қолганлари эса мамлакатда қолишга мажбур. Агар бу соҳани ривожлантирмасак ва маҳаллий кадрларни тайёрламасак, биз анча орқада қоламиз”, деган Central Asian Medical University ректори Нурилло Мамасодиқов.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жалолиддин Асамутдинов сўнгги йилларда хусусий секторга трансплантологияга кириш имконини бериш масаласи жуда долзарб бўлиб бораётганини қайд этди.
“Беморларнинг Ўзбекистондан хорижга оқими сезиларли ўсди. Биз аслида Ҳиндистон, Туркия ва бошқа давлатлардан, айниқса, трансплантология соҳасида тиббий хизматларни импорт қиляпмиз. Бу эса бир қатор ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусий сектор бундай операцияларни Ўзбекистонда ўтказишга рухсат беришни таклиф қилмоқда. Бироқ бунинг учун қонунчиликни ўзгартириш керак бўлади — бу эса тез амалга ошадиган жараён эмас. Шунга қарамай, бу йўналишда ишлар бошланган”, деган вазирлик вакили.
Унинг таъкидлашича, трансплантология оғир ва мураккаб масала бўлиб, у Ўзбекистон ҳудудида тегишли инфратузилмани яратишни талаб этади. Хусусан, генетик тадқиқотлар ва бошқа тестларни ўтказиш имконияти зарур бўлади.
Жалолиддин Асамутдиновнинг айтишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги хусусий секторга трансплантологияга босқичма-босқич рухсат бериш масаласини диққат билан ўрганмоқда. Дастлабки босқичда унчалик мураккаб бўлмаган операцияларни амалга оширишга рухсат бериш, келгусида эса бундай имкониятни барча малакали клиникаларга бериш режалаштирилган.
Айни пайтда Ўзбекистонда инсон аъзолари ва тўқималарини олиш ҳамда уларнинг трансплантацияси давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилади. Ушбу муассасаларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Ўзбекистонда “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонунга кўра, тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган инсон аъзолари трансплантациясига рухсат берилган.
Изоҳ (0)